Яқинда ҳунармандлар уюшмасида диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда курсни яхши натижалар билан тамомлаган тўқиш тўгараги битирувчиларига дипломлар тақдим этилди.
Ўзи тўқиган ноёб буюмлари билан эътиборга тушган Гавҳар Эрматова курсни муваффақиятли тугатган битирувчилардан. У наинки иқтидори, балки теран фикрлари, дунёқарашининг кенглиги билан ҳам кўплардан ажралиб туради.
“Ёшим 23 да, биринчи гуруҳ ногирониман, – дейди у. – Чақалоқлигимда йиқилганим сабаб миямда ўсма пайдо бўлган. Бу ҳолат кўзларимга ҳам салбий таъсир қилиб, бир ярим ёшлигимда жарроҳлик амалиёти билан уларни олиб ташлашган экан.

Аввал мактабда, сўнг лицейда ўқидим. Тенгдошлардан қолмай, институтга ҳужжат топширдим. Математика йўналишини танлаган эдим. Бизни қўшимча квота билан суҳбат асосида олий таълимга қабул қилишарди. Суҳбат бўлди. Лицейни қизил дипломга тамомлагандим, ўзимга ишончим баланд эди. Саволларга жавоб бердим. Текширувчилар хато деган масала, теоремаларни исботлаб ҳам бердим. Пешонамга ёзилмаган экан, қабул қилишмади. Бу ноҳақлик сабаб тушкунликка тушиб қолгандим… Аммо ўзимни қўлга олдим ва иш топдим. Босмахонада, тикувчилик цеҳида ҳам ишлаб кўрдим. Кейин ишхонамиз ёпилди. Бекор қолишни истамай, ўзим қизиққан соҳалар бўйича курсларда ўқидим. Ҳозирда ҳар қандай пишириқларни пишириб, ипдан турли хил кийимлар, ўйинчоқлар тўқиб, яқинларимни хурсанд қиляпман. Бунга кўзим ожизлиги халақит беролмайди”.

Ҳаёт инсонни турли синовлар билан синайди. Кўмирдан то қимматбаҳо олмосга айлангунга қадар тобланади. Шукр нималигини унутган, бор имконидан фойдаланмайдиганлар учун бугунги қаҳрамонимиз бир ибрат.
Суҳбат сўнгида Гавҳарнинг тенгдошларига, ука-сингилларига айтадиган фикрлари билан қизиқдик.
«Ёмонликлар бекорчиликдан келиб чиқади: уруш-жанжал, ёмон ниятлар, гуноҳ ишлар… Шунинг учун ҳам инсон доим ҳаракатда, изланишда бўлиши керак, деб ўйлайман», – дейди у.
Нилуфар Абдумаликова,
Ishonch.uz
