Тошкентдан Истанбулга учган самолёт бортида чақалоқ туғилди

51

Кеча, 26 апрель куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича учган HY-273 рейси самолёти бортида чақалоқ туғилди.

Uzbekistan Airways ахборот хизматининг маълум қилишича, 1996 йилда туғилган ўзбекистонлик Ситора А., бирдан ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва стюардессани чақирган. Стюардессалар эса самолётда врач бўлса, аёлга ёрдам кўрсатишни илтимос қилишган.

Орадан кўп ўтмасдан йўловчи аёл ҳомиладорлигининг 28-ҳафтасида чақалоқни дунёга келтирган.

Хабарда айтилишича, чақалоқ самолёт Истанбулга яқинлашаётганда туғилган.

Самолёт қўнгач эса бортга Истанбул халқаро аэропорти тиббий персонали кўтарилган ва она ҳамда чақалоғини касалхонага олиб кетган. Уларнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чақалоқнинг туғилишига кўмаклашган йўловчиларга миннатдорлик билдириб, уларга эсдалик совғалари берилишини маълум қилди. Маълум қилинишича, чақалоқ “Бутунжаҳон учувчилар куни”да туғилган.