Инсоният коронавирус инфекцияси билан ёнма-ён яшашга кўникди. Энди мазкур вирус одамларда аввалгидек кучли ваҳима ва хавотир уйғотаётгани йўқ. Аммо бу хотиржамлик ортидан инсоният эҳтиёткорликни унутаётгани ташвишланарли ҳолатдир.
ЭНГ ЮҚУМЛИ МУТАЦИЯ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мелита Вуйновичнинг таъкидлашича, дунё аҳолисининг бир қисми юқумли касалликларга қарши вакциналар олишдан бош тортаётгани ёки буни пайсалга солаётгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегик вазифалар ижросига путур етказяпти.
Биргина коронавирус инфекциясини олайлик. Ер юзида ушбу хасталикка чалиниш кўрсаткичлари кун сайин камайиб бораётгани барчамиз учун яхши янгилик. Аммо пандемия тобора ортга чекиниши баробарида, «омикрон» штаммининг янги – ХBB.1.16 версияси тарқалмоқда.
Тадқиқотларга кўра, у ўтган йили энг юқумли деб топилган «кракен» субвариантидан ҳам 1,2 баравар юқумлироқ. Қолаверса, ХBB.1.16 ўтган бир ой ичида 0,5 фоиздан 4,2 фоизга кўпайиб улгурди.
КИМЛАР ҚАЙТА ЭМЛАНИШИ КЕРАК?
Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Иммунизация бўйича экспертлар стратегик маслаҳат гуруҳи COVID-19га қарши эмланиш юзасидан тавсияларини янгилади. Яъни қайта ишланган «Йўл харитаси»да вакцина олиши зарур бўлган қатлам уч асосий гуруҳга ажратилди. Ушбу таснифлаш касалликнинг оғир кечиши ва ўлим хавфига кўра «юқори», «ўрта» ва «паст» даражаларни қамраб олди.
Хусусан, юқори хавф гуруҳи сифатида кекса ёшли кишилар, қандли диабет ва юрак хасталигига чалинган ёшлар, иммунитет танқислигидан азият чекаётганлар (ОИВ инфекцияли ва трансплантация қилинган катталар ва олти ойликдан ошган болалар), ҳомиладор аёллар, тиббиёт ходимлари биринчи навбатда вакцина олиши зарур аҳоли қатлами сифатида белгиланди. ЖССТ ушбу гуруҳга мансуб кишилар охирги эмланишдан 6 ёки 12 ой ўтгач, бустер дозада вакцина олиши зарур, деб ҳисоблайди.
Ўрта хавф гуруҳига ёндош хасталиклари бўлмаган 50-60 ёшли соғлом кишилар, қўшма касалликларга чалинган болалар ва ўсмирлар киритилди. Бу аҳоли қатлами тўлиқ босқичда эмлангандан сўнг бир марта бустер доза қабул қилиши етарли, деб топилди.
Паст хавф гуруҳига 17 ёшгача бўлган соғлом болалар ва ўсмирлар киритилди. ЖССТ экспертлари хулосасига кўра, вакциналар ва уларнинг бустер дозалари болалар учун хавфсиз бўлсада, уларнинг эмланишига доир қарорлар мамлакатлардаги касаллик тарқалиш даражаси, эҳтимоли ва иқтисодий омилларга асосланиши керак.
ЎПКАГА БЕРИЛГАН ОҒИР «ЗАРБА»
Пандемия бошлангандан буён COVID-19 жуда кўп бор мутацияга учради. Аввалига коронавируснинг ўзи инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирган бўлса, бора-бора унинг асоратлари янада хавфлироқ экани маълум бўла бошлади. Оқибатда тромбоз, юрак ва ўпка фаолияти бузилиши, бўғим суяклари емирилиши, инсульт, депрессия ва хотира сусайиши, кўз тўр пардасининг яллиғланиши каби касалликлардан азият чекувчи беморлар сони кўпайди.
Шулар орасида энг кенг тарқалган хавфли асоратлардан бири ўпка фибрози. Коронавирусли пневмонияга чалинган беморларда тегишли муолажалардан сўнг, ўпкада чандиқлар ҳосил бўлиб, бу вақт ўтиши билан нафас олиш самарадорлиги пасайишига олиб келди.
Пандемиянинг илк йилларида СOVID-19га чалинган беморларнинг тахминан 20-25 фоизида пневмания ривожланган бўлса, «дельта» штамми доминант версияга айлангач, кўрсаткич янада ортди. Энг ёмони, ўша йилларда ўлим ҳолатлари кескин кўпайди.
Муолажа олиб, тўлиқ соғайганларда ҳам асоратлар қолди. Ўпкадаги яллиғланиш ўрнида чандиқлар пайдо бўлди.
– Фиброз туфайли соғлом ўпка тўқималари ўз хусусиятини йўқотади, – дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. – Оқибатда альвеолалар (ўпкадаги газ алмашинуви учун масъул пуфакчалар) кислородни ўзлаштира олмайди ва нафас олиш функцияси бузилади. Агар тегишли муолажалар амалга оширилмаса, ўпка фибрози аста-секин қатор асоратларни юзага келтиради.
Жумладан, бемор ҳансираш ва ҳаво етишмаслиги, сурункали йўталдан азият чекади. Ўпка, юрак етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Миянинг кислородга тўйинмаслиги эса руҳий ҳолат ва онг ўзгаришига олиб келади.
Кузатувларга кўра, «омикрон»нинг ВА.2 турида ҳам «дельта» штаммига хос хусусиятлар қисман намоён бўлди. Яъни, мазкур субвариант юқори нафас йўлларигагина эмас, балки инсоннинг нозик аъзоси ўпкасига «зарба» берди.
«ОМИКРОН»НИНГ ЯНГИ «ҲУНАР»ЛАРИ
Илмий изланишлар натижасида «омикрон»нинг янги «ҳунар»лари намоён бўляпти. Хусусан, аввалроқ дунёнинг баъзи мамлакатларида доминант версияга айланган «омикрон» штаммининг ВА 2.75 субварианти, яъни «кентавр» нафақат нафас олиш тизимлари, балки кўриш органлари фаолиятига ҳам салбий таъсир этиши маълум бўлганди.
Жумладан, ҳиндистонлик олимлар бир мунча вақт илгари унинг геномида 16 та мутация мавжудлигини аниқлаган эди. Бу эса коронавируснинг мазкур тури тана ҳимоя механизмларига осон «чап бериш» хусусиятига эга эканини англатади.
Шунингдек, шифокорлар «кентавр» янги аломатлар билан намоён бўлаётгани, унга кўра, баъзи беморлар ёруғ муҳитда кўзларини очишга қийналаётгани ва кўз гавҳарида оғриқлар ҳис қилаётганини маълум қилган эди.
– Коронавирус асосан ўпка тўқималарининг зарарланиши билан кечган бўлса-да, унинг асорати бутун организмга ўз таъсирини кўрсатади, – дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов. – Аввал ушбу инфекцияга чалиниб, тузалган беморларда кўпроқ қон қуюқлашиши, юрак қон томир тизимида жиддий муаммолар учраган бўлса, эндиликда улар қаторига кўз касалликлари ҳам қўшилмоқда.
Хусусан, сўнгги пайтларда COVID-19 билан оғриган айрим беморларда кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатиляпти. Жумладан, вирусга чалиниб, соғайганларда оптик асабнинг шиши, кўз мушакларининг спазмлари ва тўр парданинг яллиғланиши каби асоратлар учрамоқда.
Қолаверса, дунё олимлари ҳам «омикрон»нинг ВА 2.75 субварианти организмда тизимли яллиғланиш реакцияси ва қон ивиш тизимининг фаоллашишига сабаб бўлаётгани, бу эса кўзлар учун жиддий оқибатларга олиб келишини таъкидлаганди.
Мана, эндиликда аввал Ҳиндистонда аниқланиб, сўнг АҚШ, Австралия, Сингапур, Германия каби бир қатор мамлакатларга кириб келган «омикрон» штаммининг янги XBB.1.16 – «Арктур» субварианти асоратлари маълум бўлмоқда.
Хусусан, ҳинд шифокорлари фикрига кўра, вирус асосан кўзнинг шиллиқ қаватига таъсир кўрсатяпти. Оқибатда қичишиш ва қизариш билан кечадиган конъюнктивит кузатилаётир.
Россиялик педиатр-иммунолог, тиббиёт фанлари доктори Андрей Продеуснинг таъкидлашича, ўта юқумли деб баҳоланаётган XBB.1.16 версияси «кракен»нинг яқин қариндоши.
Хасталик асосан поллиноз (мавсумий аллергик касаллик) симптомлари билан жуда ўхшаш. Шу билан бирга, юқори иситма ва йўтал ҳам «Арктур»га хос аломат. Шифокорлар хулосасига кўра, эндиликда коронавируснинг янги вариантлари пневманияни деярли келтириб чиқараётгани йўқ.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг қайд этишича, ҳадемай COVID-19 пандемияси бекор қилиниши кутилмоқда. Аммо бу одамлар энди коронавирусга чалинмаслигини англатмайди. Фақат инфекцияни юқтириш кўрсаткичлари кескин камайиб, ўсиш динамикаси қайд этилмаcлиги мумкин.
Шу боис, касалликнинг олдини олиш учун вирусга қарши тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш лозим. Бу энг тўғри ва самарали йўлдир.
Аслиддин БЎРИЕВ, Журналист



