Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди – Президент

66

Иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодиёти энг юқори диверсификация қилинган мамлакат сифатида янада мустаҳкамланганини қайд этиб ўтди.

Маълум қилинишича, бир йилнинг ўзида 100 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилинди, киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми 10 миллиард долларга етди ёки ислоҳотлар бошланган 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошди, 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Ислоҳотлар бошланган даврда бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори эди.

“Албатта, бу ютуқларда сиз, ҳурматли ҳамкорларимизнинг ўрни беқиёс. Охирги йилларда сизларнинг кўмагингиз билан мамлакатимизда минглаб замонавий корхоналар ташкил қилинди, йирик лойиҳалар амалга оширилди, юз минглаб юқори даромадли янги иш ўринлари яратилди”, — деди Президент.

Давлат раҳбари ана шундай ютуқларга муносиб ҳисса қўшаётган барча хорижий ва маҳаллий инвесторларга, ҳамкор давлатлар ҳукуматларига, халқаро молия институтларига чуқур миннатдорлик ҳамда юксак ҳурмат ва эҳтиромини билдирди.