Қуролли тўқнашувлар сабаб Судандан Ўзбекистон фуқаролари ҳам эвакуация қилинди

43

Саудия Арабистони ёрдами билан Судандан бир нечта мамлакат фуқаролари эвакуация қилинган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. 

Саудия Арабистонининг беш фуқароси ва яна тўққиз давлатдан жами 198 нафар фуқаро Судандан эвакуация қилинди. Улар чоршанба куни Жиддага етиб келишган.
Saudi Press Agency (SPA)нинг маълум қилишича, эвакуация қилинганлар орасида Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Ўзбекистон, Яман, Сингапур, Камбоджа, Малайзия ва Покистон фуқаролари ҳам бор.

Қироллик 203 нафар эвакуация қилинган фуқароларнинг ўз мамлакатларига жўнаб кетишлари учун барча зарурий чораларни кўради.

Агентликка кўра, эвакуация бошланганидан бери Судандан олиб ўтилганларнинг умумий сони тахминан 2 351 кишига етди. Уларнинг 119 нафари Саудия Арабистони фуқаролари бўлса, қолган 2 232 нафари 67 та давлат фуқаролари ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Суданда 15 апрелда бошланган можаро камида 459 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 4000 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил октябрдаги давлат тўнтаришидан бери Судан генераллар кенгаши томонидан бошқариб келинаётган мамлакатда айни кунларда тартибсизликлар бўлиб ўтмоқда. Маълум қилинишича, генераллар кенгашининг муҳим аъзолари ўртасидаги можаро мамлакат қуролли кучлар раҳбари ва мамлакатнинг амалдаги президенти генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ва унинг ўринбосари ва Тезкор ҳаракат кучлари қўмондони, генерал Моҳамед Ҳамдан Дагалонинг ўзаро келишмовчилиги ортидан содир бўлмоқда.

Улар мамлакатнинг қайси йўналишда кетаётгани ва фуқаролик бошқарувига ўтиш таклифи бўйича келиша олмаган. Шунингдек, Тезкор ҳаракат кучларини (тахминан 100 минг киши) мунтазам армия таркибига киритиш режаси ва ундан кейин армияни ким бошқариши масаласи ҳам кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб турибди.