Бир йилдан ортиқ муддатдан буён уруш бўлаётган Украина ҳудудининг деярли учдан бир қисми (174 минг кв. км) миналаштирилган. Бу борада мамлакат Афғонистон ва Сурияни ҳам ортда қолдирган.
Globsec халқаро таҳлил маркази берган ҳисоботга кўра, ҳозирда тозаланиши керак бўлган ҳудуднинг катта қисмини баҳолаш, ҳатто ўша ерларга бориш деярли имконсиз. Чунки Украина ҳудудининг тахминан 18 фоизи ҳамон рус қўшинлари назорати остида.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, миналаштирилган ҳудудлар муаммоси Украина учун ўтган йилнинг феврал ойида Россиянинг кенг кўламли босқинидан олдин ҳам долзарб бўлган. Яъни бу 2014 йилдаги Қрим босқинидан бери давом этмоқда.
“Бироқ ҳозирда миналарни зарарсизлантириш масаласи 2022 йил февралигача бўлган вазиятдан фарқ қилади: биринчидан, уруш кўлами кенгайган, иккинчидан эса фойдаланилаётган портловчи мосламаларнинг турлари кўпайган. Қолаверса, миналар билан зарарлангани тахмин қилинадиган ҳудудлар майдони 10 бараварга ошган”, – дейилади ҳисоботда.
Бугунги кунда озод қилинган ерлар ичида энг миналашган ҳудудлар – Харков ва Херсон вилоятлари бўлиб қолмоқда. Бу ушбу ҳудудларда рус қўшинларининг узоқ вақт туриб қолгани билан изоҳланади.
Euronews нашри берган маълумотга кўра, ўтган йилнинг февралидан бугунга қадар Украина ерларидан 345 мингдан ортиқ портловчи мосламалар қазиб олинган ва зарарсизлантирилган.



