Таниқли авар шоири Расул Ҳамзатов таъкидлаганидек: «Сендан кимлигингни сўрашса, барча маълумотларинг ёзилган паспортингни кўрсатишинг мумкин. Агар халқдан кимлиги сўралса, у шундай ҳужжат ўрнига ўзининг машҳур олими, шоири, рассоми, бастакори, сиёсий арбоби, саркардасини кўрсатади». Халқнинг машҳур инсонлари ҳақидаги муфассал маълумотлар унинг илм-маърифати кўзгуси бўлган универсал энциклопедиясидан муносиб ўрин эгаллайди. Шунинг учун универсал энциклопедия – давлатнинг паспорти, дейилади.
Ҳозирги кунда нуфузи тобора ошиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг универсал энциклопедияси қачон нашр этилади?
Ўта масъулиятли бу вазифани амалга ошириш жуда мушкул, албатта. Чунки шундай жилдликларни тайёрлайдиган энциклопедия нашриёти ёпилиб кетди. Қолаверса, универсал энциклопедияни тайёрлаш узоқ давом этадиган машаққатли илмий-ижодий иш. Шу боис дунёдаги ривожланган давлатларнинг ҳаммаси ҳам ўзларининг универсал энциклопедиясини нашр эттира олмаган. Соҳа билимдонлари АҚШ, Буюк Британия, Россия каби бир қанча давлатларнинг универсал энциклопедияларини эътироф этишади, холос.
Универсал энциклопедияни тайёрлаш қийинлигига мисолни узоқдан эмас, ўзимиздан келтирсак. 1996 ва 1997 йилларда тегишли қарорлар қабул қилингач, 1968 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган «энциклопедия» нашриёти томонидан 2000 йилда 12 жилдли «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 1-жилди чоп этилди. Ҳолбуки, ўша вақтда нашриётда 25-30 йиллик энциклопедия тайёрлаш тажрибасига эга ноширлар бор эди.
Одатда, универсал энциклопедиялар ҳар чорак асрда ҳаётдаги ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда тўлдиришлар билан янгидан чоп этилади. Охирги энциклопедиямиз чиққанига ҳам чорак аср бўлиб қолди ва ўтган йилларда юртимизда ҳам, дунёда ҳам катта ўзгаришлар содир бўлди. Бундан ташқари, юртимизда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» қонун қабул қилинди ва навқирон авлод шу алифбода таълим олаётганига ҳам чорак асрдан ошди. Шундай экан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги «Yangi O‘zbekiston universal ensiklopediyasi»ни нашр этиш долзарб вазифалардан бири. Бунинг учун, аввало, энциклопедия нашриётини тиклаш ва унга тажрибали ноширларни жалб этиш керак. Чунки универсал энциклопедияни фақат соҳалар бўйича теран билим ва тажрибага эга мутахассисларгина тайёрлай олади.
Юқорида Россия универсал энциклопедияси жаҳонда эътироф этилиши ҳақида эсладик. Улар бу муваффақиятга қандай эришишган? Маълумки, Россияда нашриёт соҳаси давлат томонидан ҳам бевосита, ҳам билвосита қўллаб-қувватланади. Бевосита қўллаш Федерал дастурлар асосида илмий, ўқув, илмий-техник, энциклопедик, болалар адабиёти каби соҳаларга татбиқ этилади. Масалан, «Россия Катта Энциклопедияси» очиқ акционерлик жамияти акциясининг 100 фоиз улуши Россия Федерациясига тегишли ва ҳар йили унга федерал бюджетдан катта миқдорда пул ажратилади. Умуман олганда, Россияда ҳар йили тахминан 1,5 мингдан зиёд номдаги китоблар Федерал дастур асосида нашр қилинади.
Шу ўринда 40 йил давомида фаолият олиб борган юртимиздаги ягона ихтисослашган болалар нашриёти – Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа уйи ёпилганини ҳам эсламасак бўлмайди. Агар мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини болалар ва ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, бундай нашриётга ҳаётий эҳтиёж бор эди. Россияда муайян ўқувчилар доирасига қаратилган давлат нашриётлари ичида «Болалар адабиёти» нашриёти (эътибор беринг, давлат нашриёти!) ҳам бор. Юртимизда «Болалар адабиёти» нашриёти йўқ бўлгани учун айнан болалар ва ўсмирларга мўлжалланган бадиий адабиётларни чоп этиш сифати ва кўлами кўнгилдагидек эмас.
Кўпгина ривожланган давлатларда ҳам нашриётлар давлат томонидан бевосита ва ёки билвосита қўллаб-қувватланади. Бевосита қўллаб-қувватлашда ёрқин миллий характерга эга бўлган нашр лойиҳаларини чоп этиш ва китоб экспортини рағбатлантиришда давлат субсидияларидан фойдаланилади. Бевосита қўллаб-қувватлаш тизими Франция, Испания, Италия, Португалия, Жанубий Корея, Бразилия, Канада каби давлатларда яхши йўлга қўйилган.
Кўпгина давлатларда соҳага кўмаклашиш бутун нашр тизимига ёки унинг муайян ташкилотлари, масалан, илмий ва ўқув нашрларига билвосита ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилади. Бунда солиқ бўйича давлат сиёсати муҳим ҳам ўрин тутади. Аргентина, Янги Зеландия, Норвегия, Швейцария, Жанубий Корея, Буюк Британия, Индонезия, Кения, Колумбия, Мексика каби давлатларда китоб маҳсулотига умуман солиқ солинмайди. Европа давлатларининг кўпчилигида китобга қўйилган ҚҚС миқдори бошқа маҳсулотларга қараганда жуда паст.
Юртимизда китоб нашрига боғлиқ бор-йўғи 5 та давлат унитар корхонаси (ДУК) мавжуд ва улар ўзларини ўзлари эплаш тамойили асосида фаолият кўрсатмоқда. Эшитишимизга қараганда, бу ДУКлар ҳам сотувга қўйилган. Наҳотки, маънавият ўчоғи бўлган нашриётларни сотиш мумкин бўлса?! Аксинча, энциклопедия, болалар адабиёти каби нашриётларни тиклаш ва уларнинг давлат ғамхўрлиги асосида фаолият кўрсатишини таъминлаш зарур эмасми? Шунда ҳозирги авлод «Yangi O‘zbekiston universal ensiklopediyasi», «О‘zbek bolalar adabiyoti durdonalari», «Ўзбек халқи ижоди ёдгорликлари» каби керакли китобларни ўқиш ва фахрланиш имкониятига эга бўлади.
Яна бир муаммо шуки, нашриётлар ўз маҳсулотларини асосан китоб дўконлари орқали ўқувчиларга етказиб беради. Хўш, юртимизда китоб дўконининг мақоми ва уларга белгиланган имтиёзлар қай даражада? Умуман, китоб дўконлари сони етарлими ва улар қулай масканларда жойлаштирилганми? Масалан, Россияда сатҳи 100 квадрат метр ва камида 5 минг номдаги китоб сотиладиган жой китоб дўкони дейилади ва уларга маълум имтиёзлар берилган. Германияда ҳар 50 минг кишига битта китоб дўкони тўғри келади ва улар аҳоли гавжум масканларга жойлаштирилади. Агар масалага шу каби талаблар асосида ёндашсак, юртимизда китоб дўконлари сони камлиги ва улар аксарият ҳолларда аҳоли учун ноқулай жойларда жойлаштирилгани яққол кўзга ташланади. Шундай экан, бу борадаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқиш керак.
Юртимизда Иккинчи ренессансни бошлаб берган Амир Темур бобомизнинг китоб ҳақидаги фикрларини бир эсга олайлик-а: «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир». Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатимизни бошқаришга киришган дастлабки кунлардан юртимизда китоб, нашр ва китоб мутолааси тарғиботига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда ва бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Биз мақоламизни ўзбек адиблари ва адабиётининг қадрдон дўсти бўлган Расул Ҳамзатовнинг ҳикмати билан бошлагандик ва уни машҳур шоирнинг ибратли фикри билан якунлаймиз. У ёзганди: «Дунё тарихи иккига бўлинади: китоб пайдо бўлгунча ва китоб пайдо бўлгандан кейинги даврга».
Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон матбаачилиги ҳам икки даврга бўлинади: соҳа ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланаётган даврга.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист

