Ishonch.uz ўқитувчиларининг психолог кўмагига муҳтожлиги тобора ортаётгани, мактаб психологларининг ўзи эса ҳалигача тоифасиз қолаётганию, техник ходим сифатида меҳнат таътили олаётгани билан боғлиқ муаммолар ёритилган мақолани эълон қилди.
Инсонда жисмоний тарафдан оғриқ бўлса, унинг ҳолатидан хабардор бўла оламиз. Аммо унинг руҳиятидаги оғриқ-чи? Буни кўпчилик билмайди, ҳатто сезмайди ҳам.
Келажагимиз эгалари асосан мактабларда вояга етишини ҳисобга олсак, бу масканда ишлайдиган психолог мутахассислар ишига кўп нарса боғлиқ. Мактаб руҳшуноси ўқувчилар руҳиятини, касбий қизиқишларини, таъбир жоиз бўлса, уни қийнаётган муаммоларни аниқлаш учун тинимсиз кузатишлар олиб боради. Кези келганда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Ўғил-қизларнинг ўқув фаолиятини назоратга олиб, ўзлаштириши паст, ўқишга қизиқиши суст болалар билан суҳбатлар олиб боради.
Бир ўқувчимизнинг доимий равишда тушкун равишда юриши эътиборимни тортди. Ҳеч кимга қўшилмайди, дарсларга қизиқмайди. Унинг оила аъзоларини чақирдим. Бувиси келди. Бувиси билан гаплаша туриб, боланинг отаси ҳақида сўрадим. Бувиси гап бошлаганди, жимгина ўтирган қиз важоҳат билан бувининг гапини бўлиб ташлади. Маълум бўлишича, ота оилани ташлаб кетган экан. Қизча ота меҳрига зор бўлиб ўсаётгани учун унинг руҳиятида ўзгаришлар содир бўлган, ҳаётга қизиқиши сусайган.
Яна бир ўқувчининг ўзини тутиши ҳайрон қолдирди. У дарсларга кам келарди. Кейин билсам, у мактабга келмаган кунлари ишлаб пул топар ва шу тарзда рўзғорига нафи тегаётган экан. Табиийки, бу ҳолатда она ҳам ўғлини “Мактабга бор” деб кўпам мажбурлайвермайди. Ахир фарзанди пул топяпти. Биз бу каби болалар билан ҳам, керак бўлса, унинг ота-онаси билан ҳам суҳбат олиб боришга мажбур бўламиз.
Онага ўғли бир умр ошхонада официантлик қилиб ёки тўйларда саҳна безатиб, кун кўролмаслигини, албатта, ўқиб, яхши кадр бўлса, ўзига ва оиласига янада яхши бўлишини тушунтирдик.
Болалардан махсус методикалар асосида тест оламиз. Уларнинг руҳий ҳолатига қараб, тегишли тартибда ишлаймиз.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўқувчиларни касб ҳунарга йўналтириш ишлари йўлга қўйилди ва бу ҳам мактаб психологи зиммасида. 500 нафар ўқувчи таҳсил оладиган таълим муассасасида бир нафар, 1000 дан зиёд ўқувчиси бор мактабда икки нафар психолог “штати” жорий этилган.
Замоннинг шиддат билан ривожланиши натижасида ўқувчиларда катталарга нисбатан ҳурматсизлик, ўқитувчини ҳақорат қилиш, натижада ўқитувчида кучли руҳий портлаш содир бўлиб, ўқувчига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари учрамоқда. Шу ўринда бир мулоҳазани айтмоқчиман.
Инсон ҳеч қачон мукаммал бўла олмайди. Ўқитувчи ҳам инсон. Унда ҳам асаб бор. Ўзига яраша муаммолари бор. Гоҳида асаблари панд бериши мумкин.
Нимага ўқитувчиларимиз руҳий зўравонликка дош бера олишмайди? Чунки унга нисбатан баъзан ўқувчи, гоҳида мактаб раҳбарияти томонидан психологик босим кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан жисмоний куч ишлатишга олиб келяпти. Ўқитувчи ўқувчига қўл кўтарган ҳолатлар учраяпти.
Мактаб руҳшуносининг вазифаларидан бири ҳам шу босимларни камайтириш, ҳатто ўқитувчи билан ҳам ишлашдир. Лекин бунинг учун унга вақт ва ваколат бериш лозим.
Ўқитувчи бир дарс давомида 30 нафар ўқувчи билан ишлайди. Ўттиз хил характердаги одам. Иш тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин, нотинч оилада тарбия топаётган бола руҳиятида жуда катта муаммолар мавжуд. Чунки оилада ташвишлар, муммолар кўплигидан боланинг қизиқишлари, эҳтиёжи эътибордан четда қолади. Натижада бола ичида йиғилган муаммоларни ё зўравонлик ҳолатида, ёҳуд ҳуқуқбузарлик кўринишида, афсуски, баъзи ҳолларда ўз жонига қасд қилиш орқали намоён этади. Ёки оилада мунтазам иқтисодий етишмовчилик болани ишлашга мажбур этса, иш жараёнида ҳар хил характерли инсонлар таъсирига тушиш ҳолатлари жуда кўп учрамоқда. Таклифим, бундай ҳолатларда ҳуқуқий таълимни кучайтириш лозим. Ички ишлар соҳасида ишловчилар ёки шу соҳада ишлаб, нафақага чиққан “орган ходимлари” ҳуқуқбузарликка мойил болалар билан кўпроқ суҳбат ўтказса, бунинг фойдаси тегади. Чунки инсон ўз ҳуқуқларини билибгина қолмай, вазифаси ва бурчини билиши зарур. Ҳар бир содир этилаётган ҳаракат учун қонун олдида жавобгарлик борлигини мактабданоқ ўқувчи руҳиятига мос равишда сингдириб бориш даркор.
Кўп ота-оналар фарзанд тарбиясида бефарқ. Ҳамма ўқувчининг ҳам илмга ташна деб бўлмайди. Ўқишга қизиқмайдиганлар ҳам бисёр. Устозлар уларга нимадир ўргатмоқчи бўлишади, бола қулоқ солмаса, асаби бузилиши тайин. Бундай ҳолатда ўқитувчи билан ҳам, ўқувчи билан ҳам ишлайдиган, уларнинг орасидаги мувозанатни сақлаб турадиганлар ҳам мактаб руҳшунослари ҳисобланади.
Яна бир масала. Бизга ташҳис марказидан юборилаётган методик қўлланмаларнинг кўпчилиги мактаб ҳаётидан йироқда яратилганга ўхшайди. Буни мактабда ишлаб кўрмаган раҳбарлар ҳеч қачон тушунолмайди. Ўқувчилар учун жўнатилган сўровномаларда ҳам менталитетимизга тўғри келмайдиган сўзлар учрайди. Масалан, “руҳоний” ёки мактаб ёш даражасига мос бўлмаган “талаба” жумлалари. Ёки юқори синф ўқувчилари учун ўқитиладиган касб-ҳунарлар рўйхатида шундай касблар борки, уларга болаларда қизиқиш уйғониши амримаҳол. Масалан, меҳмонхонага мижознинг юкини олиб чиқиб берадиган “швейцар” касби берилган. Шу касб ҳам кимдадир қизиқиш уйғотиши мумкинми? 64 та касб-ҳунар берилган ушбу рўйхатни ҳам қайта кўриб чиқиш зарурми дейман. Кўпчилиги ўғил-қизлар учун заррача қизиқарли эмас.
Кун давомида ўқувчилар билан ишлаймиз. Хулқида ўзгариши бор ўқувчиларни соатлаб кузатаман. Бундан ташқари, мунтазам тестлар олинади, ўқувчининг руҳияти ҳақида хулосалар қилинади. Ишимиз қанчалик масъулиятли бўлмасин, ҳаммага бериладиган малака тоифаси мактаб руҳшуносларига нимагадир берилмайди. 23 йилдан буён ушбу вазифада ишласам-да, оддий “мутахассис” даражасида маош оламан. Ойлигим 2 миллион сўм.
Нафақат мен, балки республикамизда кўпгина психологлар аттестациядан ўтишни ва 1, 2 ҳамда олий тоифа олиб, шунга яраша ишлаш ва маош олишни исташади. Бизни аттестацияга киритишмайди ва тоифа ҳам беришмайди.
Энг қизиғи, мактаб руҳшунослари техник ходим сифатида меҳнат таътили олишади. Бундай ҳолатлар ёш мутахассисларнинг психолог вазифасига бўлган қизиқишининг камайишига олиб келмоқда. Чунки иш кўлами кенг, оғир, масъулиятли, маош эса кам. Яна унга тоифа берилмайди ва ҳоказо…
Ҳар бир инсон ўзининг кераклигини ҳис қилиши учун у қадрланмоғи лозим. Пенсияга чиқиш остонасидаман. Ортга назар ташласам, кундан-кунга психологларга, уларнинг хизматига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганига амин бўламан. Балки, баъзи бир фанларнинг соатини камайтириб, мактабларда “Психология”фанини жорий этиш керакмикан, деб ўйлаб қоламан. Чунки дарс йўлга қўйилса, ўқувчилар билан юзма-юз ўтилаган мавзулар, суҳбатлар, сабоқлар орқали унинг руҳиятини ўзгартириш осонроқ, фойдалироқ бўларди. Ҳозирги ҳолатда бир ёки икки психолог бутун бошли мактабдаги мингдан зиёд ўқувчини кузатиб, унинг руҳиятини ўзгартиришга улгурмайди ахир. Дарс жараёнларида эса бу каби ишлар табиий ҳолатда амалга ошган бўлар эди…
Наргиза КАРИМОВА,
Қарши шаҳридаги 29-умумий ўрта
таълим мактаби психологи



