Ана шу шиорни ҳаётининг бош мақсади қилиб олган франциялик тадбиркор Бернар Арно АҚШнинг «Форби» журнали рейтинги бўйича 2023 йилда жаҳоннинг энг бой кишиси, деб эътироф этилди. 74 ёшли бу ишбилармон 215 миллиард доллар миқдоридаги сармояси билан аввал мазкур рейтингда биринчи ўринни эгаллаб турган «SpaceX» ва «Tesla» компаниялари соҳиби – 180 миллиард долларлик бойликка эга машҳур Илон Маскни ортда қолдирди. Унинг сармояси қанчалигини тасаввур этиш учун Марказий Осиёдаги бешта мамлакат давлат бюджетларининг бир йиллик жами миқдори Арноникидан деярли уч ярим баравар кам, яъни 61 миллиард доллар эканини эслаш кифоя.
Бернар Арно Франциянинг Рубе шаҳрида таваллуд топган ва ўз мамлакатидаги энг нуфузли мактабда ўқиган. Кейин Париждаги олий таълим муассасаси – Политехника мактабини битириб, муҳандислик дипломини олган. Лекин мутахассислиги бўйича ишламай, отаси билан бирга оилавий «Ferret-Savinel» қурилиш фирмасини бошқара бошлаган. Олаётган фойдалари уни қониқтирмагани сабабли тўрт йилдан сўнг отасини бу фирмани сотишга кўндирган. Сўнгра ўз режаларини амалга ошириш ва бизнесни ривожлантириш бўйича тажриба орттириш ниятида АҚШга йўл олган. Америкалик ишбилармонлардан кўзлаган мақсадларига эришишига хизмат қилувчи бизнесни кенгайтирадиган «қўшилиш» ва «ўзига олиш» услубларини қунт билан ўрганган.
Бизнесни юритиш қоидаларида «қўшилиш» дейилганда, икки ёки ундан ортиқ компаниялар ихтиёрий равишда ўзаро бирлаштирилиб, янги юридик шахс ташкил қилиниши тушунилади. «Ўзига олиш» ҳужумкорлик хусусиятига эга бўлиб, бу усул бошқа компания устав капиталининг 30 фоизи ва ундан зиёдроғини қўлга киритишни назарда тутади. Ўзга компания капиталининг салмоқли қисмига эгалик қиладиган янги ишбилармон ўша юридик шахсни тўла ўз назоратига олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Америкалик ишбилармонларнинг «Орзу қилиш етарли эмас, энг муҳими, иш кўришдир» деган шиори Бернар Арно учун фаолиятининг асосий қоидасига айланди. У АҚШда тўрт йил давомида орттирган тажрибасини Францияга қайтиб келиши биланоқ амалда қўллашга киришди. Аввало, жаҳонда машҳур бўла оладиган зеб-зийнат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослаштирилган компанияни шакллантиришга киришди.
Бу режасини амалга ошириш йўлидаги биринчи қадами «Кристиан диор» модалар уйи эгалик қилган «Boussac Saint-Frères» тўқимачилик фирмалари бирлашмасини «ўзига олиш»и бўлди. Ўша пайтда касодга учраган бирлашмани ўзининг 15 миллион долларлик сармоясига кредитга олинган 65 миллион долларни қўшиб, жами 80 миллион долларга харид қилди ва «Кристиан диор» модалар уйининг президентига айланди.
Бернар Арно янги бизнесига раҳбарлик қилишни ўзи сотиб олган бирлашмада шу пайтгача меҳнат қилиб келган барча ишчи ва мутахассисларни ишдан бўшатишдан бошлади. Уларнинг ўрнига юқори малака ва катта тажрибага эга ходимлардан иборат жамоани шакллантирди. Натижада корхона тез орада фойда келтирадиган бўлди.
1987 йили «LVMH» холдинги бошқаруви раиси Анри Ракамье Бернарга компаниясига сармоя киритишни таклиф этди. Арно бу жуда истиқболли бизнес эканлигини англаган ҳолда, икки йил ичида «LVMH» акцияларининг 43,5 фоизини қўлга киритди. 1989 йилда эса унинг бошқаруви раиси лавозимини эгаллади.
«LVMH» холдинги энг урфли ва зийнатли кийим-кечаклар тикадиган «Louis Vuitton» ҳамда қимматбаҳо шампан винолари ва коньяклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Moët Hennessy» компанияларидан иборат эди. Арно улар билангина қаноатланмай, ўз холдингини кенгайтиришда давом этди. 1990 йилларда «LVMH» холдинги таркибига «Céline» ва «Loewe» модалар уйлари, қимматбаҳо соатлар ишлаб чиқарадиган «Tag Heuer AG», «Zenith», «Ebel» ва «Chaumet», АҚШнинг «Tiffany & Co» заргарлик компаниялари қўшиб олинди. Ҳозир бу холдинг 75 турдаги зеб-зийнатлару қимматбаҳо буюмлар ишлаб чиқарадиган ва сотадиган ўзига хос улкан империя саналади.
Арно зеб-зийнат маҳсулотлари жозибадорлигини сақлаш қоидаларини мукаммал ўрганган. «Холдингнинг бу маҳсулотлари нега савдода жуда юқори баҳоланади?» деган саволга у қуйидагича жавоб беради: «Чунки улар вақт ўтиш билан ўзгармайди, ҳамиша замонавийлигича қолади». Масалан, холдинг сумкасининг нархи 2000 доллар. «LVMH» маҳсулотлари турли мамлакатлардаги 1500 дан зиёд дўконда савдога чиқарилади. Ушбу компания биргина ўтган йили 21,7 миллиард долларлик кийим-кечаклар, соатлар ва зеб-зийнат буюмларини сотди.
Бернар Арно олдин машҳур бўлган, аммо эндиликда турли сабабларга кўра, касодга учраш арафасида турган компанияларни сотиб олиб, уларни юқори даромад келтирадиган даражага олиб чиқишга қодирлигини исботлаб келмоқда. У бизнес билан фақат пул топиш учун шуғулланмаслигини кўп таъкидлайди. Муваффақиятларини аҳоли муайян қисмининг қимматбаҳо буюмларга эга бўлишга интилиши кучли эканлиги билан боғлаш ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслигини тушунтиради. Ўзининг фикрича, бизнесда энг асосийси тинимсиз изланиш, шуғулланаётган ишини мукаммал эгаллаш ва мунтазам янгиликка интилишдир. «Биз хаёлот ва бахт яратамиз, бу бизнесимизнинг моҳиятидир», дейди у. Ана шу хусусиятлар туфайли ишбилармонни жаҳонда рўй бериб турадиган таназзуллар эга олмайди.
Бернар Арно бозорда зеб-зийнатларга талаб пасайган шароитларда ҳам холдинг мижозларини йўқотмаслигига ишонади. Чунки ишлаб чиқараётган маҳсулотлари фақат тараққий этган мамлакатлар пулдорлари учун мўлжалланмаган. Шу боис уларнинг талабгорлари фақатгина АҚШ ва Европада эмас, балки Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидаги ўрта синф тоифасига мансуб кишилар ҳисобига ҳам кенгайиб бормоқда.
Арно сахий ҳомий сифатида ҳам машҳур. Негаки, талай бадиий кўргазмалар харажатларини қоплайди, санъат академиясида таълим олаётган ногиронларга ёрдамлашади. Бизнес ва санъат соҳасида ёш истеъдодларни кашф этиш билан боғлиқ лойиҳаларга катта маблағлар сарфлайди. 2019 йилда у Париждаги Нотр-Дам-де-Пари ёнғиндан кўрган зарарни қоплаш учун 200 миллион евро миқдорида маблағ ажратди.
Франциялик олигарх Парижда Замонавий санъат марказини барпо этган. Унга XX ва XXI асрларнинг ноёб санъат асарлари қўйилган. Кўргазмадаги ўта қимматбаҳо расмларнинг бир қисми Арнонинг шахсий коллекцияларидан иборатдир. Марказда Бернарнинг қалин дўсти – Россия Миллий филармонияси оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри Владимир Спиваков бошчилигида концертлар ўтказиб келинади.
Миллиардернинг биринчи рафиқаси Анна Девардан икки фарзанди бор. Иккинчи турмуш ўртоғи бўлмиш канадалик пианиночи Элен Мерсьедан эса уч ўғил фарзанд кўрган. Бу рафиқаси билан яқинлашишига мумтоз мусиқага ҳаваси сабаб бўлган. Зеро, у ҳам Элен сингари пианино шайдосидир. Бундан ташқари, теннис ўйнашни ва отда сайр қилишни ҳам хуш кўради.
Бернар Арно «Форби»нинг миллиардерлар рўйхатида илк бор 1997 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда 3,6 миллиард доллар маблағга эга эди. Кейин ушбу рўйхатда жадал юқорилай бошлади. Жумладан, 2005 йилда Курраи заминимиздаги энг бой 20 нафар миллиардер сафидан ўрин олди. 2011 йилда бу рўйхатнинг тўртинчи поғонасига кўтарилди. Охирги йилларда эса у Илон Маск ва «Амазон» компанияси эгаси Жефф Безосдан сўнг учинчи ўринни эгаллаб келган эди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист



