65-66 ёшлардаги Марзия исмли рус қўшнимиз бўларди. Табиатан жуда меҳрибон, кекса дугоналарию биз қўшнилар ва уларнинг фарзандларига ҳам ғамхўр эди. Холанинг икки ўғил фарзанди бўлиб, кичиги оиласи билан Москва шаҳрида яшар, катта ўғли – 40-45 ёшлар атрофидаги Федя амаки бўлса, анча илгари оиласи билан ажрашган, онаси билан бирга яшарди.
Марзия холани баъзан уйида, баъзан дўконга кетаётган ёки келаётган, қадрдонлари билан суҳбат қураётган пайтда учратардим. Айрим кунлари тенгдош аёллар билан кўп қаватли уй ёнидаги махсус ўриндиқли столни ўзларига хос ва мос тарзда камтарона безатар, топган-тутганини олиб чиқиб, давра қуриб ўтиришарди.
Яхши таом пиширган кунларим холаникига олиб чиқиб, ундан ҳол-аҳвол сўрардим. У бўлса хурсанд бўлиб, дуо қилар ва «керак эмас», дейишимга қарамай, ўзи пиширган ширинлик билан тўлдирилган локопчани «фарзандларинг ейди», дея узатарди.
Тахминан 5-6 йил қўшни бўлиб яшарканмиз, Марзия хола билан анча қадрдон бўлиб қолдик. Эр-хотин кун бўйи ишда бўлганимиз боис йўғимизда болаларимизга кўз-қулоқ бўлиб турар, эшигимиздан ким кириб-чиқаётганига эътибор қиларди. Ишдан қайтишимда қия очилган эшигидан «Марзия хола, яхши ўтирибсизми?», деб сўрасам, «Бугун ўғлинг уйингга ўртоқларини олиб кирди, унга танбеҳ бердим. Сизлар йўқ бўлсангиз, уйга ҳар кимни олиб киравермасин-да», дея жонсараклик қилар, баъзида эса «Дугоналарим билан пастда анча ўтирдим, ҳозир чиқдим», дея ҳушкайфиятда бўларди. Айниқса, Москвадаги ўғли билан қўнғироқлашган куни ундан бахтли одам бўлмасди: «Нурик телефон қилди, таътилга чиқсам, Тошкентга бораман, деди. Невараларимни ҳам олиб келаркан», дея энтикарди. Мен ҳам унинг қувончига шерик бўлардим.
Кутилмаганда Федя амаки касалликдан оламдан ўтиб қолди. Қўшни эркаклар холанинг ўғлини сўнгги манзилга қўйиб келишди. Шу кунлари ҳамма қўшни Марзия холанинг атрофида парвона бўлдик. Шу орада Москвадаги ўғли ҳам келадиган бўлди ва бу хабардан фарзанд доғида куйган Марзия хола анча тетиклашиб, қаддини кўтарди. Фарзанди келгач, роса қувонди. Ҳамманинг ҳам ўз фарзанди бўлгани яхшида, деб ўйладим, холанинг руҳиятидаги яхши ўзгаришни кўриб.
Нурик бир ойлар чамаси онасига ғамхўрлик қилди. Аммо кейин Марзия холани ўзи билан Москвага олиб кетишини, уйни сотишини айтди. Буни эшитган яқинлар, қўшнилар унга кетмасликни, Москвада ҳеч кимни танимаслигини, қийналиб қолишини айтди. Хола эса аросатда қолди. Кетай деса, Тошкентда ўтган бутун бир умри, дўстлари, қадрдонларини кўзи қиймайди, уларни соғинишини ўйлаб юраги сиқилади. Кетмай деса, ўғилгинаси ҳафа бўлади. Бу хабардан албатта бизнинг оиламиз ҳам ҳомуш тортиб қолди. Чунки Бу аёл менга мусофир юртда топган қадрдонларимдан бирига айланиб қолганди. Қолверса, холадан кўп нарсаларни ўрганган эдим.
Марзия хола Москвага кетгиси келмаётганини айтса-да, Нурик уйларини сотиб, ҳамма ҳужжатларини тўғирлади. Шунда онасини ўзи билан олиб кетиши ҳам аниқ-тиниқ бўлиб қолди. Бунгача мен ҳам Марзия холанинг фарзандига «кетмайман» деб қаршилик қилолмаслигини сездимми, буни истамасам-да, жиддий фикримни айтиб, кетманг, деб қаршилик қилолмадим. Ич-ичимдан ўйлардим: ахир биз бир қўшни бўлсак, Марзия опа ўғли қолиб, бизнинг айтганимизни қилармиди? «Кетсангиз нима бўлади, биз сизни соғинамиз-ку, у ёқда қийналмайсизми?» – дея такрор-такрор айтиб қолавердим, холос. Чунки қўшниларимиз чиқиб, Нурик ўзи кетаверсин Москвага, сизга бу ерда бир нарса бўлса, ўзимиз қараймиз. У ёқда қийналасиз, Тошкентнинг қуёшини соғинасиз, дейишганига қарамасдан, ўғлининг айтгани бўлди, қўшниларники эмас.
Мен эса ўзимиз ҳам икки хонали уйимизни сотиб, уч хоналига айлантириш ниятида юрганимиз учунми қўшничилик муносабатларимиз шу ергача бўлган экан-да, деб ўйлардим. Гапираверсам, баттар ўйлаб эзилмасин, олдиндан борадиган манзилидан совутмайин дедим ҳам.
Холани барча қўшнилар биргаликда кузатдик. Тез-тез келиб туришини, уни соғинишимизни айтдик. Кетишидан бир кун олдин уйимизга ўзининг қадрдон гиламини олиб чиқибди. «Бир четга тўшаб қўй, мени эслаб туринглар», деди. Яна болаларимни бир-бир қучоқлаб, энди сизларни кўп соғинсам керак… Ойинг ишдалигида яхши бола бўлиб ўтиринглар, тўполон қилманглар-а», дея уқтириб қўйди. Кичкина қизимга бир нечта ўйинчоқлар берди.
Хола кетиб, орадан бир ойлар ўтгач, биз ҳам уйимизни сотдик, орзу қилганимиздек, кенгроқ уйга кўчдик.
Янги уй, янги қўшнилар ҳаётимизга кириб келди. Ремонт, уй-иш, болалар билан бўлиб, Марзия опани ҳам бироз унутдик.
Бир куни кичина қизим «Эски маҳалламиздаги ўртоқларимни соғиндим, ўша ёққа олиб боринг, ўйнаб келай», деб қолди.
У ер ҳозирги уйимиздан унча узоқ бўлмагани, устига-устак дам олиш куни бўлгани учун фарзандимни етаклаб, қадрдон маскан томон йўл олдим.
Қизим бир пасда ўртоқларини чақириб олди. Улар ҳам анча соғинишган экан, тезда ўйинга киришиб кетди.
Қўшнилар билан кўришдим, суҳбатлашдим. Гап орасида яқин дугонаси Рита опадан Марзия холани суриштирдим.
– Эшитмадингми, Марзия Москвага кетгач, инсульт бўлиб ётиб қолган.
– Йўқ, эшитмадим. Қачон, нега бундай бўлибди?
– Нурик олиб кетишга олиб кетиб, Россиядан на паспорт олиб берибди, на фуқаролик. Пенсия ҳам ололмабди у ёқда. Эски дўстлари, танишларини соғинди, кўргиси келди. Сиқилганидан инсульт бўлиб қолди.
Рита опа такрор-такрор айтди:
– Манзил, манзил! Одам қариган чоғида уни ўзгартириб бўлмайди. «Кетма», деб ёлвордим. У эса гапимга кирмади. Кетди. Энди уни қайтариб келишнинг иложи бўлмаса керак..?
Рита опанинг гапларидан кўнглим бузилди, кўзларим ёшланди. Қўлимдан ҳеч нарса келмаслигидан, иложсизликдан, «кетманг», дея ялиниб-ёлвормаганимдан афсусландим.
Қизимни олиб ортга қайтарканман, қулоғим остида охирги марта уйимга чиқиб, болаларни бағрига босганча, «Бу гиламни бир четга тўшаб қўй, мени эслаб туринглар», деган гаплари жаранглади…
Зебо НАМОЗОВА



