АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги Калифорния университети (UCSD) ва Ўзбекистон ФВВ ҳузуридаги Республика Сейсмологик башорат ва мониторинг маркази ҳамкорлигида жорий йил 3 май куни Жиззах шаҳрига яқин ҳудудда янги замонавий сейсмик станция фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида қўшма сейсмик станция лойиҳаси 2020 йил охирида бошлангани ва ҳозирга қадар АҚШ ҳамда Ўзбекистон ўртасида сейсмология соҳасидаги илмий алмашинувлар сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди.
Мазкур сейсмик станцияда тўпланган маълумотлар энди бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар, жумладан, олимлар, муҳандислар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун махсус веб-сайт орқали мавжуд бўлади.
Дунё бўйлаб 150 дан ортиқ станциядан иборат АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг бир қисми сифатида ушбу станцияни АҚШ ҳукумати молиялаштиради. У АҚШ Миллий Илм-фан Жамғармаси кўмагида UCSD Халқаро Акселерометрни жойлаштириш дастури доирасида техник хизмат кўрсатиш ва ўқитиш билан таъминланади.
Станция Ўзбекистон ва Марказий Осиёда жаҳон сейсмик фаоллигини яхшироқ тушуниш учун яратилган. Станциядан олинган маълумотлар зилзилалар жойини аниқлаш ва улар келтириб чиқарадиган хавфларни камайтириш учун ишлатилиши мумкин, бу эса жамоат хавфсизлиги ва фундаментал фан учун муҳимдир.



