Ўзбек журналистикасига «Олтин қалам» ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси керакми? Агар уюшма журналистика равнақига ҳисса қўшмаётган бўлса, ундан воз кечиш керакдир?
Бу саволлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва журналистлар ўртасида гўёки улкан жарлик пайдо бўлгандай… Ҳар ҳолда, ўзбек матбуоти вакилларининг тармоқлардаги мунозаралари шундан далолат бермоқда.
Бу жарлик, айниқса, ҳар йили ўтказиладиган «Олтин қалам» мукофоти
арафасида янада катталашади.
Сабаби, ушбу танлов сўнги йилларда бирор марта ҳам эътирозлар ва норозиликларсиз ўтмаган.
Ҳар сафар тақдирлаш маросимидан сўнг тармоқ ва ОАВлар норозиликларга йўғрилган фикрлар билан «портлайди«, аммо уларга нисбатан уюшма на бир тушунтириш беради, ва на очиқ мулоқот уюштиради.
Савол туғилади: соҳа ходимларининг эътирозларини тингламаётган, улар билан маслаҳатлашмаётган уюшманинг кераги борми ўзи? У журналистларнинг уюшиши учун хизмат қилаяптими ёки…
Бу йил ҳам танлов эски ва ёпиқ анъаналар асосида давом этаётган бўлса, ажабмас? Чунки унинг 3 майда ўтказилиши мўлжалланган тақдирлаш маросими ҳе йўқ, бе йўқ қолдирилди.
Бунга жавобан уюшма томонидан дастлаб «Тақдирлаш кейинроқ ўтказилади», деган мавҳум муносабат билдирилди. Шунингдек, танлов учун ҳужжатлар қабул қилиш муддати узайтирилгани маълум қилинди. Аммо бундай қарорга келиш учун уюшма журналистлар фикри билан қизиққани йўқ.
Танлов муддати узайтирилиши бўйича уюшма масъули Холмурод Салимов шундай дейди:
– Келиб тушган ижодий ишларнинг ҳар бирини синчиклаб кўриб чиқиш лозимлиги, танловда 15 апрелдан кейин иштирок этиш истагини билдирган ОАВ вакиллари кўплигидан келиб чиқиб, тақдирлаш маросимини кечиктиришга қарор қилдик».
Яна ҳужжатлар қабул қилинаётгани эса танлов аниқ мезон асосида эмас, «қўлбола» тарзда олиб борилаётгандай таассурот уйғотиши табиий.
Умуман олганда, эндиликда “Уюшма томонидан халқаро танлов, миллий мукофот, дея эътироф этилаётган «Олтин қалам»нинг қадр-қиммати, нуфузи қолдими?” деган савол юзага чиқмоқда.
Нуфуз эса оддий масала эмас. Масалан, «Oscar» ҳаммага ҳам берилаверганида, лойиқлар ва нолойиқлар ҳам уни олаверганида бу мукофотнинг бугун мавқеи ва қадри йўқоларди, албатта. Нима демоқчилигимни зукко ўқувчи яхши англаган бўлса керак?
Буни қарангки, АҚШдаги энг нуфузли журналистика мукофотларидан бири «Пулицер»нинг қиймати бор-йўғи 10 минг доллар! Шунга қарамай, унинг мавқеи нафақат АҚШда, балки бутун дунёда юқори саналади. Уни қўлга киритиш учун катта кураш кетади.
Демак, қайсидир мукофотнинг нуфузини кўтариш фақатгина унга қўйилган пул билан ўлчанмайди, балки адолат ва шаффофлик билан белгиланади!
Маълумот учун, «Пулицер» 1917 йилдан бери Америка нашрида эълон қилинган материаллар учун бериладиган мукофот.
Ҳар йили қарийб уч мингга яқин даъвогар бу мукофотни олиш учун курашади.
Март ойи бошида 77 муҳаррир, ношир, ёзувчи ҳамда педагоглардан иборат ҳакамлар иштирокчиларни журналистиканинг 14 тоифаси бўйича саралаш учун Колумбиядаги журналистика мактабига йиғиладилар. Мукофотнинг асосий мақсад ва вазифаси эса Америка ижодий ишларини дунё ҳукмига ҳавола қилишдир.
«Пулицер» мукофотини қўлга киритган журналистдан ҳам кўра, ўша журналист ишлайдиган ОАВ «Бизда мазкур мукофотни қўлга киритганлар ишлайди”, дея, ғурурланади. Ва мана буни чинакам нуфуз дейиш мумкин, шундай эмасми?
Ўзбек ОАВларичи? «Олтин қалам» билан тақдирланган ходимлари билан худди шундай катта фахрни ҳис қила олаяптими? Танлов қанчалик катта ва қизғин ҳаяжон билан кутиляпти?
Мукофот теграсида бугун тобора урчиётган эътирозлар таниқли журналистлар, зиёлилар томонидан ҳам янграй бошламоқда. Бу эса ҳар қандай онгли инсонда танлов обрўсига нисбатан салбий қарашлар шакллантириши табиий.
Аммо эътироз билдирганларга нисбатан таъна қилинадиган эски ва кулгили қуйидаги стереотип бор: «Мукофотни ололмаганлар алам қилиб, эътироз билдиради, ичи қора уларнинг!»
Аксинча, мукофот мезонларини шаффофлаштириш, таклифларга қулоқ тутиш, танловни замонавий тенденциялар асосида ташкиллаштириш ўрнига плюрализмга нисбатан «ичи қоралик» дея, баҳо бериш жуда кулгили ҳолат эмасми?
Ўтган йили илк марта танлов иштирокчилари ва уларнинг материаллари эълон қилиб борилганди. Бироқ бу тизимнинг ҳам умри бир йилгина экан шекилли, бу йил йўлга қўйилмади.
Журналист Шарофиддин Тўлаганов эса танловга ҳужжат топшириш муаллифлар томонидан амалга оширилмаслиги керак дейди:
«Материалларни журналистларнинг шахсан ўзи топшириши уят эканини уларнинг ўзлари ҳам билиб қўйишлари керак. Аслида номзодлар ва уларнинг ишлари мутлақо яширин равишда Ташкилий қўмитага топширилиши керак. Бу борада АОКАнинг мониторинг хизмати тавсия қилса, мақсадга мувофиқ. Чунки айнан АОКА ҳам ОАВ, ҳам телевидение, ҳам радио, ҳам сайтларни кузатиб боради. АОКАдан ташқари, нашрлар, сайтлар, телерадио студиялар ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам номзодларни тавсия қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Аммо номзодларни саралаш ва танлаш фақат махсус ҳайъат ихтиёрига берилиши шарт.
Яна бир нарса: бутун дунёда “Олтин қалам” сингари мукофотлар мақтовлар учун эмас, балки танқидий-таҳлилий материаллар учун берилади. Бизда ҳам шу тартибни жорий қилиш керак. Мақтовлар учун мукофотлар 27 июнда берилса, мақсадга мувофиқ бўларди».
Бу йилги танлов номинациялари асосан турли соҳалардаги ислоҳотлар мавзусига бағишланган. Масалан, «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар энг яхши ёритилган материаллар учун», «Таълим тизимидаги ислоҳотлар энг яхши ёритилган материаллар учун» каби номинациялар…
Танқидий йўналиш эса тилга олинмаган. Журналистиканинг асосий функцияси ва мураккаб йўналиши бўлган танқид ва таҳлилга ўрин берилмагани ҳам ажабланарли, ҳам ачинарлидир…
P/S: Мен танловда иштирок этмаяпман, шундай экан, ушбу фикрларимга уюшмага танлов борасидаги шахсий эътирозлар эмас, шунчаки ўзбек журналистикасидаги муаммоларга бефарқ бўлмаган соҳа ходимининг мулоҳазалари сифатида қараш лозим.
Зеро, ўзбек журналистларининг энг сараларини танлаб олиш керак бўлган «Олтин қалам»нинг қалами кўп ўтмай унутиладиган ва занг босган бир матоҳ эмас, чинакам «тилло» қалам, «олтин»қаламдай азиз бўлсин!
Мафтуна Каримова,
журналист.



