Бунга қадар ҳам “Хабеас корпус” институтининг миллий қонунчиликда қўлланилишига оид қатор ўзгаришлар амалга оширилган эди.
Мамлакатимизда “Хабеас корпус” институтини жорий этиш доирасида тегишли қонун лойиҳаси билан тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш учун санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш таклиф этилмоқда.
Бунда тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларнинг судга киртилиши прокурор томонидан бўлади.
Шунингдек, айбланувчининг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш мақсадида тайинланган эҳтиёт чорасини жиноят натижасида етказилган зиён (зарар) ёки унинг қопланмаган қисми миқдоридан ошиқ бўлиши шарти билан гаров эҳтиёт чорасига ўзгартириш тартибини белгилаш таклиф этилади.
Маълумот учун, шу кунга қадар “Хабеас корпус” институтининг миллий қонунчиликда қўлланилишига оид қатор ислоҳотлар амалга оширилган.
Жумладан:
• 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилди;
• 2012 йил 18 сентябрдан судга қадар иш юритиш босқичида айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари фақат судьянинг санкцияси асосида амалга ошириши тартиби жорий этилди;
• 2014 йил 4 сентябрдан Жиноят-процессуал кодексига эҳтиёт чораларининг янги тури, яъни уй қамоғи жорий қилинди;
• 2017 йил 29 мартдан почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилишга санкция бериш бўйича ваколатлар судларга ўтказилди.


