Тақдир тақозоси билан Роза Жонназарова онаси мажбурий тутқунликка олиб кетилган Германиянинг Зульцбах-Розенберг шаҳридаги концлагерда туғилди. Бу ердаги аёлларнинг яшаш шароити оғир эди.
Иш шу қадар машаққатли эдики, улар кичкинагина хонада 20 нафарга яқин одам яшайдиган казармага зўрға етиб келишарди. Қиз заиф эди, чақалоқни эмизишга онасининг сути ҳам йўқ эди. Aёл чорвачилик фермасида ишлар, қизини сув аралаштирилган комбикорм ёки бошқа оналарнинг сути билан боқар эди. Aлбатта, кичкина Роза концлагердаги ҳаётнинг барча даҳшатларини эслаб қолмаган. Аммо онаси бу ҳақда кўп бор айтиб берган.
Уруш жабрини энг кўп болалар тортди. Уруш уларни болаликдан маҳрум қилди. Улар концлагерда ўйнаб-кулмадилар, очлик, совуқ, оғир касалликларни бошдан кечиришга мажбур бўлдилар. Улар эрта тонгдан кечгача катталар билан теппа-тенг ишладилар. Аксарияти очликдан вафот этди.
Она ва бола немис концлагеридан Украинага уруш тугаганидан бир йил кейин қайтиб келишди. Ҳаёт аста-секин изига тушди. Роза мактабга чиқди, онаси эса ишлай бошлади. Йиллар ўтди. Қиз ўсди, ўрта маълумот тўғрисидаги гувоҳномани олди. Тасодифан бир йигит билан танишиб қолди. Ёшлар оила қуришга қарор қилиб, эрининг ватани – Aнгренга жўнаб кетишди.
Оилада икки қиз туғилди. Роза тикув саноати технологи дипломини олди. Ихтисослаштирилган мактабда меҳнат ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади. Ҳамкасблари, ота-оналар ва ўқувчилар ҳурматини қозонди. Ёш ўқитувчи жамоада ижтимоий ишларга ҳам вақт топа олди. Фидокорона меҳнати учун у давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Бугун Роза Aфанасьевна қарилик гаштини сурмоқда. Бугун у кўп вақтини оиласига бағишлайди. Тўрт нафар вояга етган набираси ва тўрт нафар чевараси ардоғида умргузаронлик қиляпти. Кексалигига қарамай, у ҳамон куч-қувватга тўла. 9 май кунини у оиласи даврасида нишонлайди.
Равшаной ҒОЗИЕВA,
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг
Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси



