Адоватли эмас, адолатли бўлинг, жаноб ҳакам!

47

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўйинларининг адолатли ўтказилаётганига ишонч тобора сусайиб бормоқда. Бир қарасангиз, ҳакамлар қайсидир жамоа манфаати учун турли «сабаб»лар ўйлаб топишади. Мураббийлар ҳам таниш-билишлари орқали учрашувлар натижасига жиддий таъсир ўтказишади. Мунозарали ва адолатсиз натижалар, жанжалли вазиятларнинг аксарияти Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар жамоалари ўртасида кечган ўйинларда қайд этилади.

Фикримизга суперлиганинг 6-тури доирасида бўлиб ўтган «Бунёдкор» – «Насаф» учрашуви яққол мисолдир. Бош ҳакам Раҳимбек Каримов аввалига ўйинни яхши бошқарди. Аммо иккинчи бўлимда «жилов»ни қўлдан чиқариб юборди. Натижада икки жамоа футболчилари ўртасида тортишувлар, жисмоний тўқнашувлар, бир-бирини ҳақоратлаш каби футболга зид вазиятлар кўпайиб кетди. Охири муштлашув ҳам бўлди.

Бош ҳакам биринчи бўлимнинг 33-дақиқасида «Насаф» захирасида ўтирган футболчини қизил карточка билан огоҳлантириб, майдондан чиқариб юборган бўлса, иккинчи бўлимда, яъни 71-дақиқада «Насаф»нинг майдонда ҳаракат қилаётган яна бир футболчиси Умар Эшмуродов ҳам рақибига оёғининг таги билан атай зарба берди, деб ўйиндан четлатди. Аслида Эшмуродов рақибига нисбатан қалтис ҳаракат қилмагани видеотасвирларда шундоқ кўриниб турибди. Вазиятга ҳакамнинг нотўғри ёндошуви оқибатида асабий вазиятлар, тортишув ва қўполликлар кўпайди. «Насаф» ўйинда 0:1 ҳисобида ғалаба қозониб турган пайтда бош ҳакам учрашувга 6 дақиқа қўшиб, тошкентликларга ҳисобни тенглаштириш учун имконият тақдим қилди. Қўшимча вақтда «Бунёдкор» футболчилари тўп киритишди ва ҳисоб тенглашди. Тўполон шундан кейин авж олди. Учрашув тугагач, иккала жамоа футболчиларини ҳам тўхтатиб бўлмади ва даҳанаки «жанг» ИИБ ходимлари етиб келгунга қадар давом этди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитаси бу воқеани қандай кўриб чиққан, билмадим, аммо чиқарилган қарор ҳам худди ҳакамникига ўхшаб бир томонлама. Қарорга кўра, «Насаф» жамоаси жаримага тортилди. Иккинчи бўлимда қизил карточка олган Умар Эшмуродов 2 та ўйинда майдонга тушмайдиган бўлди. Бош мураббий Рўзиқул Бердиевга эса жуда қаттиқ жазо берилди. У бешта учрашувда майдонга киритилмайди ва катта миқдорда жарима тўлашга мажбур. Биринчи бўлимда қизил карточка билан «сийланган» Абубакир Ризо Турдиалиев энди 4 та учрашувни ўтказиб юборади. Шунингдек, Абдувоҳид Неъматов ва Матеус Крузга ҳам жарима жазоси қўлланилди.

Энг қизиғи, муштлашувнинг бошланишига ўзларининг бемаза қилиқлари билан сабабчи бўлган «Бунёдкор» вакилларига эса нисбатан енгилроқ жазо берилди. Чунки пойтахт жамоасини «қўллаш» керак-да…

Шундай қилиб, тартиб интизом қўмитаси «Бунёдкор» мураббийи Ҳикмат Ҳошимовни фақат жаримага тортиш орқали жазолаган бўлса, 96-дақиқада урилган голни нишонлаш чоғида қаршилик футбол ишқибозларига нисбатан ножўя ҳаракатлар ва ҳақоратли қилиқлар қилган Даврон Эргашевни 5 та ўйиндан четлаштирди. Шунингдек, яна икки нафар футболчига ҳам жарима жазоси тайинланди.

Бир қарашда, тартиб-интизом қўмитасининг мазкур қарори адолатлидек, аммо унда бирёқламалик бор. Чунки «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиевга қаттиқ жазо тайинланган. Аслида у ҳакамларнинг «қарор»лари ҳамда Даврон Эргашевнинг ножўя хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, оғзаки муносабат билдирган.

«Бунёдкор» аъзоси Даврон Эргашевга берилган жазо жуда енгил. Чунки айнан Давроннинг футболчиларга хос бўлмаган ҳаракатлари туфайли майдонда жанжал бошланган. Учрашувда ҳар иккила жамоа вакилларининг асаблари таранглашишига сабабчи бўлган бош ҳакам Раҳимбек Каримовга нисбатан ҳеч қандай жазо берилмагани ҳам таажжубланарли.

Очиғини айтганда, пойтахт жамоалари иштирокидаги ўйинларнинг аксариятида ҳакамлар ва бошқа мутасаддилар бирёқлама иш тутишади. Бунинг оқибатлари ашаддий ишқибозларга кундек равшан. Футболимиз ривожланиш ўрнига орқага кетяпти. Миллионлаб мухлислар адолатсизликдан зада бўлиб, «Пахтакор», «Бунёдкор» каби жамоаларнинг чемпионатдаги учрашувларига кирмай қўйишган. Футболдаги баъзи бир «кишилар»нинг «Пахтакор» ва «Бунёдкор»ни чемпионлик ҳамда кубок ўйинларидаги ғолиблик сари етакланавериши бугун ҳамманинг жонига теккан. Шунинг учун ҳам жамоаларимизда («Насаф»дан ташқари) халқаро даражада тажриба ва ютуқ йўқ. Демак, ўзбек футболига «5» баҳо қўйиш ҳам адолатдан эмас.

Нормурод МУСОМОВ
«Ishonch»