Ажнабий арчалар афсуси ёхуд маҳаллий дарахтларни нега кўпайтирмаймиз?

90

Яқинда Оҳангарон тоғларига сафар қилдик. Атрофдаги манзаралар ва яшиллик дилда завқ уйғотади. Тоза ҳаво. Симириб-симириб нафас оласиз. Вужуд яйрайди.

Аммо йўл бўйларидаги арчалар (можжевельник)нинг сарғайганини кўриб, кўнгил ғашланди ва савол туғилди: нега бошқа дов-дарахтлар бешикаст, зумрад рангда-ю, булар сарғая бошлаган? Бунга бу йилги қаттиқ қиш сабабми?

Тўғри, ўтган қиш мавсуми аномал совуқлари билан ёдимизда қолди. Бу ҳақда гурунгларда ҳали кўп гаплашамиз. Аммо сабоқлари-чи? Буни эса навбатдаги қишлар айтади.

Мулоҳазани давом эттирсак. Бу гал ҳамма айбларни ўтган қишнинг бўйнига ағдардик дейлик ҳам. Аммо, қўшиқда айтилганидек, «ҳар баҳор шу бўлар такрор» бўлмаяптими? Ҳар йили экилаётган арча кўчатларини «ғалвир сувдан кўтарилганида» – ёз келганида қуриб, ўтинга айланган ҳолатда кўрмаяпмизми?

Ўтган йиллар давомида бутун мамлакат бўйлаб қанча арча кўчатлари экилганини ва уларнинг қанчаси бугун «ҳаёт» эканини ҳисоблаб ҳам бўлмаса керак.

Ўрни келганда, кўпни қизиқтирадиган яна бир савол: нега шу нав арчага бунчалик «муҳаббат» қўйганмиз?  Нега уларнинг ўрнига тупроғимизда асрлар оша иссиғу совуқдан беталафот яшаб келаётган дарахтларни кўпайтирмаймиз?

Ҳолбуки, шундай дарахтларимиз бор-ку. Масалан, Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги Имкана қишлоғида, денгиз сатҳидан 900 метр баландликда ёши ўн икки асрга тенг, Ўзбекистондаги энг кекса дарахт ҳисобланган чинор бор.

Бундай ёши улуғ чинорлар Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Ургут, Тойлоқ, Нарпай, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳрида ҳам мавжуд. Уларнинг энг кексаси Ургут туманида, ёши 1163 да дейилади. Ёки «Чорчинор»да ёши мингдан ошган олтита ва минг ёшлар атрофидаги тўртта чинор ҳам тилга тушган. Бу ҳали ҳаммаси эмас, у ердаги 127 туп чинорнинг 47 тупи 100 ёшдан ошган экан. Яна бир қанчаси 40-50 ёшларда бўлиб, кейинги авлодга мансуб экан.

Яна бир мисол. Самарқандда – Даҳбеддаги «Махдуми Аъзам» масжиди ҳовлисидаги салобатли чинор 500 ёшдан ошган, Фарғона вилоятининг Водилидаги «Чинортаги» номи билан машҳур маскандаги чинор 1000 ёшида дейилади.

Мамлакатимизда ёши юздан ошган чинорлардан ташқари бошқа бобо дарахтлар ҳам бор. Улар сирасига Шимолий Америкага хос бўлган Ботқоқ кипарисини киритиш мумкин. Атиги икки туп бўлган бундай дарахтлар 1880 йилда экилган экан. Биттаси Фарғонанинг Марғилонсойида, иккинчиси Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонида бўй чўзиб турибди.

Республикамизда мавжуд бўлган узоқ умрли дарахтлар қаторига Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги 150 йиллик баобаб, 120 йиллик дўлана ва 100 йиллик қайрағоч, Қўшработ туманидаги 200 ёшдан ошган тут, Ургутдаги 152 ёшли Қрим қарағайи ва 105 ёшли ёнғоқ дарахтларини ҳам қўшиш мумкин. Ёки Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманининг, Нурсух қишлоғи зиёратгоҳидаги 1200 йиллик писта дарахти янада ноёб, у бир йил писта, бир йил бодом ҳосили берар экан.

Самарқанд вилояти, Қўшработ туманидаги, Фозилмон ота тоғида эса ақлни лол қолдирадиган уч туп қадимий арча барқ уриб турибди. Улар салкам беш асрни кўргани айтилади. Ажабланарлиси, бу тоғда улардан бошқа арча йўқ. Шунинг учун бўлса керак, бу арчалар ҳақидаги гап-сўзлар уларнинг бўйлари, ёшлари каби узун…

Яна бир узоқ умр кўрувчи ва иқлимга чидамли дарахт – гужум. Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги «Гужум», «Бахтли», «Қўстерак» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудида 8 туп 100 ёшдан ошган гужум дарахтлари мавжуд дейишади.

Тут дарахти ҳақида айтмасак ҳам бўлади. Халқимизнинг минг йиллик қадрдони бўлган бу дарахт нафақат қадимда, балки Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам одамлар учун нажот манбаи бўлганини биламиз. Сояси ҳузур, меваси шифобахш бўлган ушбу дарахт узоқ умр кўриш хусусиятига ҳам эга. Билишимизча, Бухоро шаҳрининг Лабиҳовузи атрофида олти дона қадимий тут дарахти сақланиб қолган бўлиб, иккитасининг ёши 500 дан, тўрттасиники 300 дан ошгани айтилади. Бу тутларга табиат ёдгорлиги мақоми берилган. Шунингдек, Ситораи Моҳи Хоса ҳовлисига бугун ҳам асрларни қаритган қизил дўлана, оддий эман, тўқ сариқ маклюра, ғарб чинори, балх тути каби дарахтлар кўрк бағишлаб турибди.

Тошкент вилоятининг Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг табиий ҳудудларида ёши юз ва ундан ошган 213 туп, Жиззах вилояти, Зомин тумани, Туркман қишлоғида 112 туп дарахтлар борлиги аниқланган. Уларнинг 82 тупи тут, 23 тупи ёнғоқ, 4 тупи чинор, 2 тупи тол ва 1 тупи биота дарахтлари экан.

Биз билганларимизни бирма-бир санаб чиқдик. Мақсад узоқ умр кўрувчи, чидамли дарахтлар борлигини, уларнинг қай ҳудудга мослигини эътироф этиш эди.

Таклифимиз эса оддий: ана шундай дарахтлардан кўчат тайёрлаб, уларни кўпайтириш керак. Шунда балки йўл бўйларида «юзи сарғайган» эмас, балки яшнаб турган дарахтлар кўзларимизни қувонтирса, неажаб.

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ