Спектакль бошланишига учинчи қўнғироқ чалинди. Чироқлар ўчди. Саҳнада озар қўшиғига раққоса қизлар майин ўйинга туша бошлашди. Сўнг қўлида ҳавонча ва тасбеҳини тутганча келинидан ёзғирган қайнона – Жаннат хола пайдо бўлди.
Воқеалар ривожини тахмин қилган бўлсангиз керак. Ҳа, бу – ўша сиз билган, севиб томоша қиладиган озар фильмининг ўзбекча талқини.
Якунланаётган ҳафтада Муқимий театридаги «Қайнона» спектаклининг намойиши бўлиб ўтди. 5 кун давомида тақдим этилган ажойиб томоша санъатсевар халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.
Айтиш керакки, бу шунчаки қадрдон фильмнинг ўзбек актёр ва актрисалари ижро этган қаҳрамонларнинг кулгули ва қувноқ саргузаштларидан иборат жонли намойишигина эмас. Спектаклда узоқ йиллардан бери шарқ халқларини, хусусан, бизни ҳам ўйлантириб келаётган долзарб масала ҳақида сўз боради. Биз ҳануз қайнона-келин можароси, бой оила фарзандини келин қилишга орзумандлик, мол-дунёга ўчлик, инсонларни хислатларига эмас, насл-насаби, жамиятдаги мавқеига қараб баҳолаш сингари қусурлардан халос бўлолмадик.
Театрнинг ёш актёр ва актрисалари Равшан Ибрагимов (Илғор), Маржона Хўжаева (Севдо), Омон Йўлдошев (Аёз), Осила Боймуродова (Офат) лар ана шу муаммоларни қаҳрамонлар ҳаёти мисолида моҳирона талқин этишган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Носированинг ижроси эса томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Иқтидорли актриса Жаннат хола – қайнонанинг юриш-туришлари, ҳар бир ҳаракатини маҳорат билан гавдалантирган.
Бир сўз билан айтганда, томоша залида қарсаклар, ташриф буюрувчиларнинг олқишли ҳайқириқлари спектакль давомида тингани йўқ. Гўзал рақслар, чиройли куй-қўшиқлар, кулгили диалоглар томошабинларга яхши кайфият улашди.
Мазкур саҳна асари келгуси ҳафтада ҳам сиз азиз мухлислар учун намойиш этилади. Фақат бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимиз: томошага ўз вақтида келишни унутманг.
Бирон сабаб билан кеч қолсангиз, жой талашмасдан, назоратчи кўрсатган ўриндиққа жойлашинг ва спектакль давомида шиқилдоқ қоғозларга ўралган егуликларни истеъмол қилманг. Ичимлигу егуликлар қолдиқларини ўриндиқларга ташлаб кетманг.
Бу – томошабинларнинг намойиш давомида таъбни хира қилган “томошалари”дан келиб чиққан фикр-хулосалар, албатта…
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
ishonch.uz



