«Ўзбек қизи»дан нега таъсирланмадим?

323

Одатда, биз уруш ҳақидаги кинолардан катта драматизм кутамиз.  Ҳаяжон, кўз ёшлар, оғир руҳий кечинмалар… Ана шундай фильмнинг таъсирида бир неча кун яшаш ҳам завқли, ҳам оғриқли.
Аммо «Ўзбек қизи» премьерасидан сўнг таассуротларни хотиржам қоралар эканман, фильмнинг руҳиятимга «зарбаси» ҳаминқадар бўлганини таъкидламай иложим йўқ. Чунки мен томошабинни бир муддат «шок»ка тушириб қўядиган фильм кутгандим.

Бироқ ҳозир нега қийналмаяпман? Уруш фильмларидан одатда энтикадиган, бир неча кун қўлига қалам ололмай карахт бўлиб юрадиган мен каби томошабин «Ўзбек қизи»ни нега кўз ёшсиз  кўрди?

Характер кучи…
Умуман, актёр ва актрисалар маҳорати, грим, уруш саҳналари – буларнинг барчаси ажойиб. Аммо фильмда баъзи камчиликлар яққол кўзга ташланиб қолган. Энг аввало, драматизм ва характерларнинг кучи камдек…
Режиссёр Жамилани томошабинга мажбурлаб танитишга урингандек туюлди. Воқеалар ривожи жуда тез. Менимча, мақсад асосан Жамиланинг қаҳрамонлигини кўрсатиш бўлган, унинг шахсияти ва ички дунёсини эмас. Эҳтимол, шунинг учун у жон берганда мен ёш тўкмадим, чунки фильм сўнгигача Жамила шахсиятини, унинг образини яхши таний олганим йўқ. У фильм давомида менинг яқинимга айланиб улгурмади.
Назаримда, фильмни икки хил усулда кўриш мумкин. Биринчиси, онг билан, иккинчиси  онг ва туйғулар билан.
«Ўзбек қизи»ни онг билан томоша қилдим. Билганим Жамиланинг қаҳрамонлиги, тарихий шахс экани бўлди. Туйғуларим ўрни эса бўш қолди.

Ғализликлар
Фильм фронтга жўнатилиши керак бўлган картошка воқеаси билан бошланади. Ўша саҳнада Жамила олдига бирдан ё уруш, ё бадфеъл раисга эрга тегиш танлови ўртага ташланган.

Шундай қилиб, чорасизлик ортидан урушга кетган қиз фронтдаги илк саҳнадаёқ мерганлигини намоён қилади. Бомбардимончи самолётни уриб туширади. Ақл бовар қилмас ҳолат, шундай эмасми? Гўё у она қорнидан снайперчи бўлиб туғилган, сал аввал картошка териб юрган қиз снайпер қуролини ушлашни, қандай, қаерга отишни ўз-ўзидан ўрганиб қолганмикан? Яхшиси, бу борада  Бахтиёр Абдуғафурнинг бадиий-тарихий «Ўзбекча» романига мурожаат қилсак.
Фильм сценарийси шу роман асосида ёзилган.
Романда Жамила қишлоқда от чоптириб ўсган жайдари қиз бўлгани, уйида доим отасининг ов қуроли тургани, у отаси билан овларда иштирок этгани ҳақида ёзилган. Бу – ўқувчини Жамиланинг мерган эканига ишонтира оладиган воқелик. Аммо «Ўзбек қизи»да бу саҳналар олиб ташланган. Картошка териб юрган қиз бирданига снайперга айланган-қолган.
Шундан сўнг, Жамила ва унинг бир нечта сафдош дугоналари учун ҳарбий тайёргарлик бошланади.
Мана шу саҳналарда тушунарсизликлар кўп. Қизларни фронтга тайёрлаётган устоз оғир машғулотлари билан ўқувчи қизларнинг норозилигига сабаб бўлади. Устозга кўра, оғир машқлар фронтда қийналмаслик учун керак.
Оғир машқлар қилдираётган устоз устидан ҳатто номаълум шикоят хати ёзилади юқорига. Айнан ушбу хат масаласи ҳам тушунарсиз. Уни Жамила номидан ким ёзгани сирлигича қолиб кетган.  Бу саҳналарга бир неча бор урғу берилганига қараганда, устознинг ҳаракатига фильм давомида яна қайтилади, деб ўйлагандим. Яъни, қийин машқлар нега керак бўлиши фронтда ёдга олинади ёки шунга мос бир ишора берилади, деган фикрда эдим. Режиссёр  бу саҳнага бежиз урғу бермаган, ҳар бир ҳаракатдан томошабиннинг тўлқинланиши учун қандайдир жумбоқлар ясаган, деган ўйда эдим. Аммо ундай бўлмади…

***
Илк окопдаги жанг. Жамиланинг сафдошларидан бири ўзини ўққа тутаётган томонга «Отманглар», деганча югуриб кетади.  Уни хоин дея командирнинг ўзи отиб ташлайди. Кеч тушгач, Жамила ўзини душман томонга урган қизни излаб, жанггоҳга кетади. Назаримда, фильм ижодкорлари шу саҳна орқали Жамиланинг инсонпарварлигини, шахсиятини кўрсатмоқчи бўлгану, қовун туширган. Очиғи, кулгили туюлди бу саҳна.
Аввало, арзирли нарса учун жон фидо қилиш қаҳрамонликка хос. Ўзини осонгина ва ўз ихтиёри билан душман қўлига топширган қиз учун Жамиланинг фидойилиги қаҳрамонликми ёки телбалик? Жамиланинг бу ҳаракати эса  қимматга тушади: окоп жангчилари зарар кўради, бир неча одам ўлади…
Биринчидан, қўрқувдан душман тарафга югуриб кетган қиз ва Жамила ўртасидаги муносабат очиб берилмаган фильмда. Жамила учун ўша қиз ким эди? У билан ўртасида қандай яқин муносабат бор эдики, жонини хатарга қўйиб, уни қутқармоқчи бўлди?
Бу яқинликнинг тафти нега томошабинга бегона? Нега айнан шу муносабатга кўпроқ урғу берилмади? Агар бу муносабат икки қизнинг характери даражасида очиб берилганда, Жамилани нима ҳис қилаётганини тушуна оларди томошабин. Бекорга бундай қилмаганини, у қиз Жамила учун қадрли эканини англаб етардик. Буни кўрсатиш эмас, томошабинга ҳис қилдириш керак эди, аслида. Бу вазиятда мен Жамилани тушуна олмадим…
Қолаверса, санитарка Раҳима ва Жамила ўртасида ҳам ана шундай ҳолат. Уларни урушда бир бирига боғлаб турган ягона нарса – миллатдошлик. Аммо уларни боғлабгина қолмай, томошабинни шу  муносабатлар теграсида ушлаб турадиган кўринмас ип мавжуд эмас.

Ва ниҳоят, муҳаббат масаласи!
Фильмдаги муҳаббат устига қурилган ғоя жуда чиройли. Бу борада сюжет яхши танланган.
Муҳаббат саҳналари орқали барча уруш фильмларида томошабин руҳиятини осон забт этиш мумкин. Соғинч ва айрилиқ, ҳижрон одамларни бефарқ қолдирмайди. «Ўзбек қизи»даги муҳаббат ҳам шундай таъсир қилдими?
Жамила фронтга чиндан Рустамни излаб келдими ёки чорасизликданми? Кекса ва тул раиснинг зуғумидан қутулиш, аммасини ташвишдан халос қилишмиди мақсади ёки ростан Рустамни топиш?
Жамиланинг урушга чорасизликдан ташлаган қадами Рустамни топиш умидига боғлаб юборилган.
Томошабин бу муҳаббат қиссаси билан таништирилмайди. Фақат кино аввалида Жамила ва амманинг суҳбатлари орқали муҳаббат масаласи очилади. Яъни Жамиланинг унаштирилган йигити борлиги ва ҳоказо… Фильмда аҳён-аҳён бир-бирига сув сепаётган икки севишган бўй кўрсатиб қолади. Булар Жамиланинг хаёллари орқали қисқа-қисқа тасвирлаб кетилган, холос.
Кино сўнгидаги кульминация эса ажойиб. Рустамнинг фашистлар томонига ўтиб кетгани билан боғлиқ конфликт томошабинни ўйлантиради. Аммо бу топишмоқ томошабин шуурида авж палласига  чиқишга улгурмайди. Унинг жавоби жуда қисқа фурсатларда фош қилиб қўйилган… Ва яна шу ерда муҳаббат масаласига қайтамиз: Рустамнинг ёди билан яшаётган, аввалроқ унинг ортидан қора хат келганидан хабар топган Жамила асирликда тирик Рустамга дуч келди!
Тағин қандай ҳолатда? Фашистлар томонига ўтиб кетган сотқин, хоин сифатида кўрди севгилисини. Шу ерда Жамила ва Рустамнинг ҳолати ва уларнинг ўртасидаги суҳбат жуда жўн тасвирланган. Бу фильм финали эди, ваҳоланки! Кўзларда ҳайрат, ўкинч ва энг қизиғи, саволлар йўқ эди. Ахир ўлди деб юрган муҳаббати унинг қаршисида турибди-ку?! Улар гўё ҳеч нима бўлмагандай, илк марта бир-бирини кўриб турган икки бегонадай. Шу тобда  бирдан Жамила Рустамга хоинлигини айтиб, ёзғириб кетадими-ей…
Рустам бир неча дақиқада Жамилани асирликдан халос қилади ва икки ёш биргаликда қочади.
Шунда Рустам йўл-йўлакай сотқин эмас, разведкачилигини аён қилади Жамилага. Фақат бу қочиш саҳнасида икки ёш ўртасида муҳаббат ва ҳижрон ҳисси кўринмайди. Совуққина савол-жавоблар бўй кўрсатади. Балки уруш одамларининг ҳаётида совуққонлик устун бўлиши табиийдир, аммо бу бадиий фильм-ку?

Ютуқлар
Бош қаҳрамонни акс эттирган актриса ўз ролини маромида ижро этган, назаримда. Умуман, барча ижрочилар маҳорати таҳсинга лойиқ. Уруш саҳналари билан алоҳида ишлангани кўриниб турибди. Жонли тарзда бўй кўрсатган жанггоҳлар. Ўзбек киноси учун қувонарли натижа. Ягона муаммо сценарийда, назаримда. Унда баъзи тушунмовчиликларга йўл қўйилгани, ҳислар иккинчи даражага тушиб қолгани, қаҳрамонлар шахсиятига кўп тўхталмагани фильм таъсирчанлигига путур етказган.

P.S.: Юқоридагилар менинг томошабин сифатидаги фикрларим, холос. Мендек ўжар томошабин тоифаси ҳамиша ҳайрат ва ҳаяжон кутади кинодан! «Ўзбек қизи»дан кутганим эса асабларимни тиз чўктирадиган туйғулар эди. Аммо нега улар йўқ ҳозир? Умуман, премьерадан сўнг айтган ягона гапим шу бўлди: «Ўзбек қизи»дан нега таъсирланмадим?..

Мафтуна Каримова,
журналист