Андижон вилоятидаги Избоскан тумани ҳокимининг Инвестиция, саноат ва савдо йўналиши бўйича ўринбосари ҳимоя ҳудудидаги ер майдонини амалдаги тартибни бузган ҳолда сотиб олиб бериш эвазига 5,3 млн. сўм олган вақтда қўлга тушди.
Ҳолбуки, у мазкур лавозимга атиги 6 ой аввал тайинланган эди.
Бош прокуратура Матбуот хизматининг маълум қилишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу Избоскан туманида рўй берган дастлабки нохуш ҳолат эмас. Бундан 3 ой олдин ҳокимликнинг 3 нафар амалдори судланиб, турли муддатли қамоқ жазосига тортилгандилар. Энг ажабланарлиси, улар ҳам бошқаларга пул эвазига ер олиб беришни ваъда қилиб, коррупцияга қўл уришганди.
Бундан чиқди, электрон аукционда ер савдосини кимлардир пинҳона равишда, қўл учида ўтказишаётган экан-да? Қолаверса, ҳокимликларнинг электрон аукционда ер савдосидаги иштироки чекланган деган гаплар ҳам шубҳа остида қолмоқда. Бас, шундай экан, қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни тўлдириш фурсати келмадимикан?
Начора, очиғини тан олиш керак: юртимизда ер олди-сотдиси билан ноқонуний шуғулланаётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Нафс домига тушган бундай кимсалар қонун чегарасидан четга чиқиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини билмасмиканлар?..
Анваржон ҲАЛИМОВ
