Тарих саҳифаси: «дунёдаги энг хунук аёл» Мери Энн Вебстер тақдири

81

Ҳали кўпчилик «дунёдаги энг хунук аёл» танлови борлигини билмаса керак. Мазкур танловда ғолиб чиққан Мери Энн Вебстер тақдири ҳам кўпларга номаълум…

«Тарих синоатлари» рукни орқали унинг очилмаган ўтмишига назар ташлашга қарор қилдик. Йигирманчи асрнинг бошларида яшаб ўтган Мерининг фидойилиги кўпларга ўрнак бўлса ажабмас.

Бундан қарийиб юз йил аввал тўрт фарзанднинг онаси бўлган Мери «Дунёдаги энг хуник аёл” танловида бошқа иштирокчилар билан бир саҳнага чиққанди. Ўшанда турли кўринишдаги аёллар катта мукофот пулини олиш мақсадида танловда қатнашган. Зални тўлдирган томошабинлар саҳнадаги аёллар устидан кулишар, бундан Мери ҳижолат тортиб, бошини эгарди. Бироқ уни саҳнада ушлаб турган нарса – оналик меҳри ва жонидан азиз кўрган фарзандлари эди. Мери ўзини масҳаралаётган оламондон қочиб, саҳнадан чиқиб кетмоқчи бўлганида уйда оч қолган болаларини кўз олдига келтирди.

Чунки унга мусобақа орқали бериладиган мукофот пули жуда муҳим бўлган. Эри вафот этганидан кейин ҳаётини тиклай олмаган аёл томошабинларнинг қичқириқ ва кулгисига қарамай, саҳнада қолишга қарор қилди.
– Ҳаммаси фарзандларим учун, – деди у ўзига ўзи.
Унинг ёнидаги мўйловли аёл унга:
– Тушунмадим, нимадир дедингизми? – деди.
– Ҳеч нарса, – деди Мери, – ҳеч нарса демадим.

Мери кўзларини юмди ва бир вақтлардаги чеҳрасини эслади…
Ахир у касал бўлгунга қадар қандай гўзал аёл эди… Йигирма тўққиз ёшида Томас Беванга турмушга чиққач, 4 фарзандли бўлди, аммо мигрень, мушак ва бўғим оғриғи унинг саломатлигига таъсир ўтказмай қолмади. Шифокорлар дастлаб Мерига нима бўлаётганини тушуна олмадилар. Кейин унинг касаллиги «Акромегали»лиги экани аниқланди. Бетоблик Мерининг юз шаклини ҳам ўзгартириб, уни таниб бўлмас ҳолга келтирди. Афсуски, Мери касаллик билан курашаётганда, тўсатдан эри вафот этди ва у билан болаларини ёлғиз қолдилар. Шундан сўнг хуниклиги сабаб иш топа олмади.

Ана шундай мураккаб ўтмишни босиб ўтган Мери Энн Вебстер «Дунёнинг энг хунук аёли» танловининг ғолиби бўлди. Мукофотни қабул қилаётганида эса унинг кўзидан бир жуфт ёш оқди.
Ахир у энди болалари учун «дунёдаги энг хунук аёл» эди. Ташқи кўриниши сабаб ҳеч қаерга ишга олинмаган бу аёл ўша кундан бошлаб, циркларда ишлай бошлади. Одамлар уни кўриш ва кулиш учун циркка келишди. Бироқ томошабинлар унинг оналик қалбини кўрмади. Чунки улар ўйин-кулги учун кимнидир камситиб, эголарини тўйдирар, эҳтимол шу билан ўзларини бахтли ҳис қилишарди.
У сўнгги нафасигача циркда «дунёдаги энг хунук аёл» бўлиб пул топишга ҳаракат қилди ва 59 ёшида вафот этди. Бетакрор қалб эгасининг ягона ташвиши эса фарзандларининг ҳеч кимга қарам бўлмаслиги эди. Мана шу ҳислати билан у «дунёнинг энг чиройли аёли» бўлиб қолди.