Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилишида иштирок этиш учун Самарқандга боргани хабар қилинган эди.
Давлат раҳбари саммит доирасида бир қатор хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди.
Жумладан, Самарқандда Франция тараққиёт агентлиги бош ижрочи директори Реми Риу билан учрашув бўлиб ўтди. Унда янги Шериклик дастури ва “йўл харитаси” доирасида Франция тараққиёт агентлиги билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурларини илгари суриш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини жорий этиш, агентликнинг “ПРОПАРКО” ва “Экспертиз Франс” тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга Ўзбекистон етакчиси Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегациясини ҳам қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ЕИ институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини, шу жумладан минтақавий шериклик форматида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
ЕИ институтлари билан фаол мулоқотни, энг аввало, иқтисодий йўналишда давом эттириш муҳимдиги таъкидланди. Бунда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш, мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиши, “GSP+” преференциялар тизимида иштирок этиш билан боғлиқ масалалар эътибор марказида турибди.



