Фестиваль тантаналари Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан Гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача анвойи гулларга бурканган 200 дан зиёд транспорт воситасидан иборат машиналар карвони Ислом Каримов шоҳ кўчасидан Темирйўл вокзали айланма йўли – Амир Темур – Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди.
Ўтган йилги сайилга 2 миллион 300 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрган бўлса, бу йилги байрамга қарийб 4,5 миллион гул ишқибози келиши кутилмоқда.
Асосий тантаналар бўлиб ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Давлатобод туманидаги «Афсоналар водийси» боғида байрамни юқори савияда ташкиллаштиришга пухта ҳозирлик кўрилган.
Бунинг учун ушбу масканлар, қолаверса, кўча ва хиёбонларга 30 миллион тупдан кўпроқ 53 турдаги гул кўчатлари, манзарали буталар ўтқазилган. Жойларга 40 дан ортиқ турдаги 500 минг тупга яқин атиргуллар экилган. Шаҳар хушбўй ифорга бурканган.
62-анъанавий Халқаро гуллар фестивали тадбирлари бир ой давом этади.
