Ўн етти ёшдан ишласа бўладими?

40

Савол: Ўн етти яшар қариндошим ўрта мактабни тугатяпти, ўзи жуда чевар, тикувчилик цехига ишга кириб ишламоқчи. Янги Меҳнат кодексида бу ёшдаги ишчиларнинг меҳнати қандай тартибга солинган?

Фаррух ТЎХТАЕВ 
Жондор тумани

ЖАВОБ: Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ белгиланадиган энг кам иш ўринлари ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси билан ишга жойлашиш кафолатланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити оғир ва хавфли бўлган ишларда, шунингдек, тегишли қонун ҳужжатлари билан белгиланган махсус рўйхатга киритилган ишларда  қўллаш тақиқланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари соҳасида эса улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади.

Бунга, хусусан, ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга қисқартирилган иш вақти ва пасайтирилган ишлаб чиқариш нормаларини белгилаш, уларнинг хизмат сафарига юборилмаслиги, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилинмаслиги, давомийлиги камида ўттиз календарь кун бўлган йиллик меҳнат таътили бериш ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган исталган вақтда фойдаланиши мумкинлиги ҳамда меҳнат таътилидан чақириб олинишларига йўл қўйилмаслиги, иш вақтининг давомийлиги қисқартирилган режимида ишлаганига қарамасдан тўлиқ иш вақти учун ҳақ тўлаш сингари имтиёзлар киради.