Бундан бир неча йил аввал Euromonitor International томонидан «Чой ёки қаҳва? Қайси мамлакатларда бу ичимликларга хоҳиш бор?» мавзусида сўров ўтказилган эди. The Independent нашрида эълон қилинган тадқиқот натижаларига қараганда, Ўзбекистон аҳолисининг 99,6 фоизи чой истеъмол қилишга мойил экани ойдинлашган. Гватемала аҳолисининг 99,6 фоизи қаҳвани афзал кўрган. Чойни афзал кўрувчи мамлакатлар сафидан Кения (99,2%), Озарбайжон (99,1%), Покистон (99%), Хитой (98,9%) ва Миср (98,5%) ўрин олган. Қаҳвани эса Доминикан Республикаси (99%), Бразилия ва Эквадор (97,4%), Греция (96,8%) ва Дания (92,2%) аҳолиси яхши кўриши маълум бўлди. Россия аҳолисининг 77,5 фоизи чойни, 22,5 фоизи эса қаҳвани яхши кўрар экан. Буюк Британияда эса аҳолининг 78,4 фоизи чой ичишни маъқул кўришларини айтишган.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳар куни дунёда 1 миллиард 600 минг финжон қаҳва ва бундан икки баробар кўп чой ичилар экан. Бугун олимлар ўртасида «чой афзалми ёки қаҳва?» деган савол кенг муҳокамалар мавзусига айланган. Кимдир инсон организми учун чой афзал деса, бошқаси қаҳванинг фойдали хусусиятларини соатлаб гапириши мумкин. Тадқиқот натижаларига кўра, ҳар икки ичимлик тажриба иштирокчиларининг кайфиятига бир хил таъсир кўрсатиши аниқланди. Лекин уйқу олдидан қаҳва ичиш мақсадга мувофиқ эмаслиги айтилади.
Буюк Британиянинг Саррей графлиги университети олимлари ўтказган тадқиқотларга кўра, қаҳва ичиб тўшакка чўзилган одамларнинг кўзига уйқу келиши қийин бўлар экан. Бундан кўриниб турибдики, чойнинг қаҳвага нисбатан афзалликлари бор. Уйқу олдидан ичилиши назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда чой, сўзсиз, қаҳвадан устунроқ. Шу сабабли тунда телевизор кўрмоқчи ёки ишламоқчи бўлганларга қаҳва, кун бўйи ишлаб, тунда яхши ором олмоқчи бўлганларга эса чой тавсия қилинади. Аммо тиш шифокорларининг фикрича, қаҳвага нисбатан чой тишларни кўпроқ сарғайтирар экан. Бироқ Англияда чой асабларни тинчлантириб, ақл ривожига хизмат қилиши айтилади. Яъни мунтазам чой ичиб юрувчиларнинг ҳамиша босиқ экани тан олинади. Қаҳва ичиб юрувчилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Олимлар чой ҳам, қаҳва ҳам юракка деярли таъсир кўрсатмаслигини айтишади. Чой эса саратон касалликларидан ҳимоя қилиши айтилмоқда. Кўк ва қора чой таркибида инсон организми учун фойдали ва табиий моддалар борлиги аниқланди.
Шифокорлар имкон борича халталарга қадоқланган чойларни ичмасликни маслаҳат беришади. Чунки уларга ранг ва таъм берувчи кимёвий қўшимчалар солинар экан. Халтали чойлардан бўғим ва суяклар зарар кўриши аниқланган. Қаҳвани мунтазам ичиш юрак-қон томир хасталикларига олиб келади. Альцгеймер касаллиги хавфини оширади. Шу сабабли қаҳвадан кўра чой афзалроқ деган қарашлар бор.
Чой барги махсус плантацияларда етиштирилади. Унинг илдизига зиён етмаслиги учун илиқ иқлим зарур бўлади. Чой плантациялари асосан тропик ва субтропик иқлимли тоғ ёнбағирларида жойлашган. Чой Хитой, Ҳиндистон ва Африкада етиштирилади. Ҳосил бир йилда тўрт марта йиғиб олинади. Биринчи ва иккинчи ҳосил қиммат баҳоланади.
Жаҳонда етиштириладиган чойнинг чорак қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатда қора ва кўк чойдан ташқари оқ ва сариқ чой ҳам етиштирилади. Шунингдек, чойнинг улун ва пуэра турлари ҳам бор. Чой етиштириш бўйича Ҳиндистон иккинчи ўринда туради. Бу мамлакатда асосан қора чой етиштирилиб, чойнинг катта қисми экспорт қилинади. Цейлон чойлари билан машҳур Шри-Ланка ҳиссасига жаҳондаги чойларнинг 9-10 фоизи тўғри келади. Японияда асосан кўк чой етиштирилади. Асосий қисми мамлакат ичида истеъмол қилинса, қолганлари экспорт қилинади. Ҳиндихитой минтақасида асосан Вьетнам ва Индонезия чой етиштиради. Африкада эса Кениядан ташқари Уганда, Бурунди, Камерун, Малави, Мавритания, Мозамбик, Руанда, Жанубий Африка Республикаси, Зимбабведа ҳам XIX асрдан бери фақат қора чой етиштириб келинади.
Халқимизда чойни совутиб ичадиганлар ҳам учраб туради. Бу соғлиғимиз учун зарар экани исботланди. Чунки дамланган чой ярим соат ўтар-ўтмас нафақат таъмини, балки барча фойдали хусусиятларини йўқотар экан. Агар туриб қолган чой истеъмол қилинса, асаб бузилишларига олиб келар ва ошқозон ҳамда тишларда муаммолар туғдирар экан. Ошқозон яллиғланиши ва ошқозон ярасига айнан туриб қолган чойлар сабаб бўлади. Шу билан бирга чой ёки қаҳвани иссиқ ҳолда ичиш ҳам ярамайди. Сал совутиб ичиш тавсия этилади.
Ўзбекистонда чой ичиш миллий маданиятимизнинг таркибий қисмига айланган. Бирор бир ўтириш чойсиз ўтмайди. Овқатдан олдин чой узатилади. Таом истеъмолидан кейин ҳам чой ичилади. Биргаликда чойхўрлик ўзбекларнинг қадимий анъанасидир. Бу – одамларни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилади. Минтақаларга қараб кўк ёки қора чой ичилади. Чой асосан пиёлаларда узатилади. Ўзбекларда чой дамлашнинг бошқа халқлардан фарқли жиҳати бор. Чойнакка дамланган чой уч марта пиёлага қуйилиб, яна чойнакка қайтарилади. Шу тариқа чой яхши дамланади, деган қарашлар бор. Бир қатор минтақаларда пиёла тўлдирилган ҳолда меҳмонларга узатилса, Тошкентда пиёланинг ярмисигача чой қуйилади. Яқин-яқингача чойга сут қўшиларди. Бу ширчой дейилади. Чойга сут қўшиш одати қишлоқ оилаларида ҳамон сақланиб қолган. Чойга мураббо, лимон ва шакар қўшиб ичиш ҳам урфга айланган.
Минтақамизга чой XIX асрда кириб келган. «Унгача аждодларимиз нима ичишган?» деган савол туғилиши табиий. Сақланиб қолган урф-одатларимизни таҳлил қиладиган бўлсак, яқин-яқингача ота-боболаримиз қишин-ёзин мевалардан тайёрланган шарбат ичишган. Қишда олма, шафтоли, ўрик, гилос, олча ва бошқа мевалардан тайёрланган қоқилар қайнатиб ичилган. Бу инсонлар организмига ижобий таъсир қилган. Турли касалликларнинг олдини олган. Болалар соғлом бўлган.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
журналист



