«Доллар синармиш…» бу миш-мишлар ҳақиқатга қанчалик мос?

52

Гарчи бу ҳақда хавотирли гап-сўзлар юрган бўлса-да, ҳозирча АҚШ доллари давлатлараро савдо-сотиқда ўз қийматини сақлаб қолмоқда. Айни вақтда халқаро ҳисоб-китоб операцияларининг қарийб 60 фоизи АҚШ долларида амалга оширилаётгани бунинг яққол исботидир.

Дастлаб, доллар муомалага киритилганда, АҚШ ҳукумати унинг қийматини олтинга боғлаган эди. 1792 йилда олтиннинг бир унцияси 19,3 доллар деб белгиланган. 1834 йилда АҚШнинг олтин захираси етарли бўлмагани туфайли унция баҳоси 20,67 долларга кўтарилган. Бу қиймат асрлар давомида ўзгариб борса-да, долларнинг олтин билан баҳоланиши ва боғлиқлиги сақланиб қолаверган.

АҚШ доллари 1944 йилдаги Бреттон-Вудс битимидан кейин халқаро валюта сифатида тан олинди ва кейинчалик дунёдаги энг устун валютага айланди.

ХХ асрнинг 60-йилларига келиб, олтин нархи анча кўтарилиб кетди. 1971 йилда президент Ричард Никсон долларнинг олтин билан боғлиқлигига чек қўйди.  Бу хабар расман 1976 йилдагина эълон қилинди. Ўша пайтда кўпчилик таҳлилчилар долларнинг ҳукмронлигига чек қўйилади, олтинга алмаштирилмайдиган валюта ўз қадрини йўқотади деган тахминлар билдиришади. Лекин ўтган давр бу прогнозлар хатолигини исботлади.

Айни кунларда кўплаб мамлакатлар, айниқса, россияпараст давлатлар ўзаро тўловларда доллардан воз кечишга ўтишмоқда. Ҳатто ШҲТ доирасида ҳам бу бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишувлар бўлди.

Хўш, нега тўсатдан яна доллар синиши ҳақида гап-сўзлар янграб қолди? Аввал шу саволга жавоб излаб кўрсак.

Гап шундаки, 2022 йилнинг февраль ойида Россия Украинада махсус операцияни бошлаганидан сўнг АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатлари Россиянинг доллар ва еврода сақланаётган 300 миллиардлик активларини ноқонуний музлатиб қўйишган эди. Ундан ташқари, АҚШ ва ЕИ давлатлари Россия банкларига нисбатан валюта операциялари ўтказиш, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш бўйича мисли кўрилмаган санкциялар киритди. Оқибатда дунё мамлакатларининг доллардан фойдаланишдан воз кечиш жараёни тезлашди.

Хусусан, Россия ўз нефти ва газини нодўст мамлакатларга фақат рублда сотишини эълон қилди. Дунёнинг бошқа давлатлари эса уларнинг ҳам валюта захиралари сиёсий сабаблар туфайли хавф остида қолиши мумкинлигини англаб етишди. Россиянинг йирик ҳамкорлари ҳисобланган Ҳиндистон, Хитой, МДҲ ва БРИКС давлатлари ўзаро савдо-сотиқда миллий валюталардан фойдаланишга ўтишни бошлади. Кейинчалик ушбу тенденцияга қатор Африка давлатлари ҳам қўшилди. Энг йирик нефть сотувчиси бўлган Саудия Арабистони эса ўз нефтини нафақат долларга, балки бошқа валюталарга ҳам сота бош­лади.

Яқинда Самарқандда Ўзбекистон, Озарбойжон, Арманис­тон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ҳамда МДҲ раҳбарияти делегациялари иштирокида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда иштирок этган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шундай деди:

– Доллардан қочиш бошланмоқда, бу ҳозирча унчалик тез эмас, лекин албатта тезлашади. Америкаликлар ўзлари узоқ вақт давомида долларнинг устувор ролидан фойдаланиб, халқаро молия ва жаҳон иқтисодини бошқариб ўтирган шохга болта уришди.

Хўп, борди-ю, доллар синиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ўз тасдиғини топса, бизга бу қандай таъсир кўрсатади?

Мамаризо Нурмуратов,
Марказий банк раиси:

– Энг аввало, шу нарсани қайд этишимиз керакки, ташқи савдо алоқаларида товар ёки маҳсулотни ким сотиб олаётган бўлса, экспорт қилаётган давлатнинг талаб ва истагига қараб, тўлов валютасини белгилайди.

Россиядаги бугунги ҳолат, яъни у ерда долларда савдо-сотиқ қилишга қўйилган тақиқ ўз-ўзидан бу давлатдан импорт қилинаётган товарлар учун рубль билан ҳисоб-китоб қилиш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда. Демак, ташқи иқтисодий савдо-сотиқда Россиядан сотиб олинаётган ҳар қандай маҳсулот рубль билан ҳисоб-китоб қилинади. Бу бўйича ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ. Чунки бу борада тегишли шарт-шароит яратганмиз.

Нега рублга ўтиш керак деганда, бир нарсани тўғри тушуниш лозим. Ўзаро савдо айланмасида давлатнинг ўз миллий валютасидан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик икки давлат марказий банклари орасидаги келишувлар асосида амалга ошади.

Лекин субъектлар ўртасидаги алоқалар бевосита тадбиркорлар хоҳлаган валютада амалга ошрилиши мумкин. Бунинг учун тегишли валюта айирбошлаш механизми яратилган.

Содда тилда айтганда, бугунги кунда Россиядан импорт қилинаётган товар ёки маҳсулотнинг 86 фоизга яқинини рублда оламиз.

Шу ўринда изоҳ бериб кетишни хоҳлардим: тадбиркор ­рублни ички бозордан сотиб олиб, етказиб бермайди. Буни банк таъминлайди. Ўз навбатида, биздан импорт қилинадиган товарларга хорижий давлатлар сўмда ҳисоб-китоб қилиши учун шарт-шароит яратилган.

Бугунги вазиятдан келиб чиқиб, давлатлар билан бўладиган савдо алоқаларимизни хоҳлаган валютада амалга ошириш учун тегишли имкониятлар яратилган. Ҳеч қандай тўсиқ ёки тўхтаб қолиш деган гап йўқ.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос:

– АҚШ долларининг дунё иқтисодиётидаги умумий улуши, ҳақиқатан ҳам, қисқариб боряпти. Лекин вазият мураккаб ва бу ҳолатни соддалаштириш керак эмас.

Биринчидан, долларнинг глобал қиймати АҚШ иқтисодиёти билан боғлиқ. АҚШнинг иқтисодий салоҳияти пасайиб бораётгани йўқ.

Иккинчидан, АҚШнинг ҳарбий ва глобал салоҳияти ҳам барқарор инқирозли ҳолатда эмас. Украина уруши сабаб АҚШ доллар ва SWIFT каби бошқа институтларни инструмент сифатида Россияга қарши ишлатди. Натижада дунёдаги йирик иқтисодлардан бири бўлмиш Россия доллардан воз кечиш ғоясини илгари сурди. Глобал геосиёсий вазият имкон бериб, бу ғоя Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқининг Франция каби баъзи давлатлари, Бразилия, баъзи Араб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Собиқ СССР қулагач, дунёнинг ягона полициячиси ролини ўйнаган АҚШ кўп давлатларни ҳуркитиб қўйди. Айни пайтда, дунёда кўп қутблилик шаклланмоқда.

Дунё валюта бозоридаги доллар улушининг қисқариб бориши узоқ муддатли жараён. Доллар ҳалқаро валюта сифатида ҳали кўп ўн йилликлар қолаверади. Сабаби, дунё ҳамжамияти учун ишончли ва барқарор валюта керак. Евро, швейцария крони, иена ва юань каби валюталар ҳали долларнинг ўрнини боса оладиган даражага етгани йўқ.

Дунё давлатлари ўзаро олди-берди шартномаларида, қарзларни ҳисоблашда долларни асосий валюта сифатида кўрсатишади. Айнан шу шартномаларда долларнинг қиймати олтин ва бошқа валюталарда ҳам тарозига солинган бўлади. Шунинг учун, мабодо, доллар ўзининг глобал салоҳиятини тезда ва кутилмаган шаклда йўқотганида ҳам, бу ўша қарзларнинг қийматига катта таъсир қилмайди. Қолаверса, ҳали бу яқин ўн йилликларда долларнинг глобал истеъмолдан чиқишини кутиш ўринсиз. Табиий, АҚШнинг рақиби, душмани бўлган давлатлар доллардан воз кечиш сиёсатини кучайтиришади. Бироқ долларнинг реал ва жозибали муқобили йўқ экан, у маълум миқдорда заифлашиши мумкин, аммо истеъмолдан чиқмайди.

Ғуломжон Мираҳмедов тайёрлади