Бугун мамлакатимиздаги 10 мингдан ошиқ мактабда «сўнгги қўнғироқ» чалинди!
Битирувчиларнинг ҳаяжони чексиз. Кимдир кўзини ёшлади, кимнингдир биринчи муҳаббати, партада ўтирган беғубор дамлари, болалик хотираларининг барчаси кўз олдидан тасмадек ўтди.
Шу билан, расман, битирувчи ёшлар учун дарслар тугади. Шу билан, устозларнинг танбеҳию, койишлари ҳам…
Аммо, азиз ёшлар, бугунги қўнғироқ мустақил ҳаёт учун чорлов ҳамдир. Энди сизлар учун ҳаёт мактаби, катта орзулар сари шаҳдам қадам ташлаш фурсатлари бошланди!
Бу йўлда сиз 11 йил давомида олган билимингизга, ота-онангиз ва устозларингизнинг ўгитлари, берган тарбиясига таянасиз.
Ҳаётнинг ширин кунлари ҳам, дардли, ташвишли онлари ҳам кўп. Унутманг, ҳар қандай вазиятда ҳам фақат ва фақат ақлингиз ва билимингиз сизга ёрдам беради. Мунтазам ўз устингизда ишлашдан, ўқиб-ўрганишдан тўхтаманг. Зеро, шундагина омад сиз томонда бўлади!
…Сўнгги қўнғироқ садолари остида шарлар осмонга учди. Ҳаволаниб-ҳаволаниб, юксак-юксакларга кўтарилди.
Биласиз, энг қувончли кунларда шар учирилади. Худди бугунгидек…
Истагимиз шуки, сизнинг шарларингиз – омад ва муваффақиятингиз мудом баланд учсин! Мустақил ҳаётингиз муборак бўлсин!
Зебо Намозова,
Ishonch.uz



