Тиббиётда истеъдодли кишиларнинг руҳий соғлиги жойида бўлмайди, деган қараш бор. Яъни, туғма ва буюк истеъдоднинг бадали телбалик ва руҳий ноқислик билан тўланади. Аммо шуниси аниқки, истеъдодлиларнинг телбалиги жиннихонадаги телбаликдан фарқ қилади. Истеъдодлиларнинг телбалиги ноёб «ақлли телбалик» бўлади. Мен бундай кишиларга илоҳиёт ва инсоният ўртасидаги кўприклар дея таъриф берган бўлардим.
Аммо бугун баъзи одамлар руҳий шифохонадаги жиннилик ва истеъдодлиларга хос жиннилик ўртасидаги фарқни алмаштириб қўяётгандай. Яқинда шоира Тилланисонинг «Қон» шеърлар тўпламини варақлаб, шу фикрлар хаёлимдан ўтди.
«Вақтимни сотгим келар 4-5 та жазманга», дея ёзаётган Тилланисонинг ижоди эмас, унинг руҳий ҳолати мени кўпроқ ўйга солди…
«Ҳамма нарса аниғу,
Мен мавҳумликни яхши кўраман.
Севгилим висол онида ўлгим келади,
Севгилим, вақтимни сотгим келар 4-5 та жазманга», деб ёзади у.
Умуман, Тилланисонинг баъзи ёзганлари менга шеърдан кўра, руҳий касалликлар варақасини эслатди. Беморлар учун махсус қайд этиб бориш учун бериладиган дафтарчаларни ёдга солди. Масалан, у бошқа шеърида Худонинг бор-йўқлигини савол остига оларкан, кетма-кет ва бир-бирини инкор этадиган жумлалар битганини кўрамиз:
«Худо борми,
Агар бор бўлса,
Нега бунча адолатсиз».
«Агар йўқ бўлса худо
Нима қоларди менда
Фақат тиккалик,
Фақат ёвқараш,
Дўстларга, душманга»
«Фақат тиккама-тикка,
Ўлимга тикка,
Ҳаётга тикка,
Худо бор бўлса, борликка тикка,
Йўқ бўлса, йўқликка тикка».
Санъат инсонни ҳайратлантириш воситаси. У тушунилмайди, англанмайди, у ҳис этилади! Дарҳақиқат, санъат ҳис этилади! Аммо ҳис этиш учун, санъатдан ҳайратланиш, завқ олиш ёхуд қайғу туйиш учун тайёргарлик аввал онгда кейингина қалбда содир бўлади. Хусусан, шеърият ҳам онгдан қалбга қуйилади. Тилланинг аксар шеърлари эса қалбимга тушишга улгурмай қолади.
Чунки унинг шеърларида онг йўқ. Мен буни ақл тушунчаси билан боғламоқчи эмасман, онг ақлдан кўра кенгроқ тушунча.
Шоиранинг «Қон» тўпламидаги «Қон» шеърида эса шахсда кечаётган депрессия ва руҳий бузилишлар авж палласига чиққандай:
«Ўз жазавамни севдим,
Хаёлимда шеърлар ёздим, ва унутдим хаёлимда
ўз жазавамга чидолмадим ўзим
Қололмадик лаҳзани ушлаб.
Қон қусдим».
«Эрксиз эдим,
Ўзимда йўқ ва ҳеч қачон, эга бўлмайдигандек нафратландим эркдан ҳам.
Эрксиз эдим, аммо
эркни севар эдим деб ҳаммани алдадим».
Беихтиёр нима дейилган бу ерда, дегим келади. Мен каби савол бераётган ўқувчилар эса оз эмасдир… Булар шахс руҳиятининг бузилиши фонидаги кечинмалар тасвирими, ё онгсиз ёки интим шеърият, дея таъриф бериш ўринлими, билмадим. Бу борада адабиёт ихлосмандлари тўғри фикр айта олса керак, менинг юқоридаги фикрларим эса, бир ўқувчи сифатида хаёлимдан ўтказганлар холос.
Тилланисо эътирофлардан ҳам холи эмас, ижодидаги ўзига хослик ва ўзини топишга интилиш яққол сезилади.
Бугун ундан маънавият талаб қилаётганлар ҳам учрамоқда. Адабиёт ва санъатга маънавият ва аҳлоқ деб қарайдиган авомнинг бу талаби ҳайратланарли эмас. Мен эса шоирадан маънавиятни даъво қилмайман, шунчаки ўз йўлида давом этишини, фақат юқорида айтганимдай, жиннихонадаги телбалик ва истеъдодлиларга хос телбаликни адаштириб қўймаслигини сўраб қоламан холос.
Мафтуна КАРИМОВА



