Ёз бошланмоқда, мажбурий меҳнат дараклари ҳам…
Эрталабдан таҳририятимизга қўнғироқ бўлди: Қашқадарёнинг Қарши шаҳридаги мактабда психолог бўлиб ишлайдиган ўқитувчи «Журналистларнинг ёрдами керак», дея гап бошлади.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 26 май куни ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан мактаб психологлари учун “zoom” дастурида онлайн йиғилиш ўтказилган. Унда Қарши шаҳридаги мактаб психологларининг иштироки 22 май куни мактабгача ва мактаб таълимининг Қарши шаҳар ва Қашқадарё вилоят бошқарув органларидан келиб тушган хатига асосан ташкил этилган.
Ажабланарлиси, йиғилишда психологларга ёзги таътил давомида «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган ва маҳаллалардаги муаммоли оилалар билан суҳбатлашиб, уларга психологик ёрдам кўрсатиб, расмга олиб ҳисобот топшириб боришлари зарурлиги айтилган. Айрим психологлар аллақачон ёзги таътилга чиқишни режалаштирган ва бу ҳақдаги «ариза»ларини ҳам ёзиб қўйишган. Аммо уларга дам олиш ўрнига ҳеч қандай ҳақ тўланмайдиган жиддий вазифа топширилган (Биздаги маълумотларга қараганда, шундай йиғилиш Гурлан туманидаги мактаб психологлари учун ҳам бўлган).
Сўнгги пайтларда хотин-қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда. Муаммоли оилалар сони ҳам кам эмас, бироқ буни мажбурий меҳнат йўли орқали ҳал этишга уриниш қанчалик тўғри? Ахир, мактаб психологларининг ҳам дам олишга ҳақлари борку? Уларнинг ҳам 9 ойлик иш фаолиятидан кейин бошқалар қатори дам олишга, таътилга чиқишга ҳақлари бор-ку?
Бировни мажбурий меҳнатга ундаш орқали бошланаётган ҳаракат эртага янги бир муаммони пайдо қилиши мумкин. Тўловли хизмат таклиф қилишганида балки психологлар орасида ўз ихтиёри билан шуғулланувчилар чиқар, норозилик бўлмаслиги мумкин эди. Аммо…
Мазкур «ақлли» ташаббус муаммо ўрнига муаммо туғдириб, психологларнинг норозилигини оширмоқда.
Балки мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагогларнинг ҳимоячиси сифатида ушбу ҳолатга изоҳ берар? Ёки улар ўзлари ушбу ҳаракатнинг ташаббускорларидан биримикан? Чунки, 26 май кунги йиғилишни ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш психологик-педагогик республика ташхис маркази ўтказган. Марказ эса вазирлик қошидаги ташкилот ҳисобланади.
Шу ўринда яна бир гап. Мактаб психологлари аслида ҳозирги шароитда ҳаммадан ҳам кўпроқ қўлловга муҳтож. Сабаби, улар педагогик-психологик фаолият олиб борсалар-да, шу кунгача бошқа ўқитувчилар қаторида 48 кун эмас, техник ходимлар даражасида 36 кун меҳнат таътилига чиқиб келишган. Меҳнатга ҳақ тўлашда ҳам устозларга тоифа олиш имконияти жорий этилган бўлса, психологлар бундан мосуво. Тажрибали, узоқ йил ишлагани ҳам, эндигина ишга келганлари ҳам бир хил маош олишади. «Янги тартибга кўра, бу йилдан 56 кунлик таътилга чиқасизлар, дейишганди, аммо яқинда бизга «бу ҳужжат тасдиқланмади» деб, яна 36 кунлик таътилга чиқишимизни айтишди», дейди мурожаатчи.
Юқоридагиларнинг барчаси бўйича изоҳ сўраш учун маълумот маркази, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, интернет ҳамда ижтимоий тармоқлардан ҳам ташхис марказининг телефон рақамларини суриштирдик. Афсуски, мавжуд ва берилган рақамларнинг ҳеч бири билан боғлана олмадик. Ишламайдиган ёки мавжуд бўлмаган рақам бўлиб чиқди. Демак, пойтахт Тошкентда туриб боғланишки қийин бўлган марказ фаолиятида ўзгаришларни кутаётган жиҳатлар кўпга ўхшайди. Нима бўлганда ҳам мажбурий меҳнат талаб қилинаётган ва юқорида айтилган муаммоларнинг барчасига мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан муносабат ва жавоб кутиб қоламиз.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
