Эътибор берган бўлсангиз, зоминликлар қаерда бўлмасин ўзини “жиззахликман”деб эмас “зоминликман” деб таништиради. Чунки бу биз учун фахр. Ўз еримиз, тоғларимизга бўлган муҳаббат” – дейди биз билан суҳбатда Одилжон амаки. – Бу тоғлар – мард тоғлар. Кимнидир бу ердан йиқилиб тушганини эшитмаганмиз. У ҳеч кимга озор бермайди.
У киши ҳайдовчи. Тумандан тоғларининг энг чўққисигача машинада одам олиб чиқади. Биз ҳам “қаердасан Шербулоқ?” деб у кишининг машинасида Ўзбекистон “Швейцария”нинг энг баланд чўққилари томон йўл олдик.

Зомин тоғлари пурвиқор, ёз жазирамасини ҳис этмайдиган, 10 метр нариси совуқ бўлса бу томонида қуёш порлаб турадиган даражада мўжизага бой макон. Шунинг учун ҳам ёз ойларида кўплаб одамлар иссиқликдан соя, дардларига эса даво истаб бу ерга талпинишади. Шифокорларнинг таъкидлашича Зомин ҳавоси нафас йўллари кассаликларига даъво.
Тоғ ёқалаб хоҳ пиёда, хоҳ машинада чиқиб кетар экансиз унинг йўл устида бир нечта савдо расталарини кўрасиз. У ерда Зоминники бўлган жамийки маҳсулотлар табиий ҳолатда сотилади. Масалан, эчки қорнига жойланиб бир йил қоронғу хонада туриб тайёр бўладиган сарёғ, қимиз, тоғ қуртлариниг ҳар хил турлари ва қозонда ёпиладиган ўша машҳур нон. Бу ерга саёҳатга келган ҳеч бир инсон бу расталар олдидан шунчаки ўтиб кетолмаслиги табиий.
Бу тоғларнинг бошқаларидан фарқи тошларни уриб унган арчаларида бўлса керак. Ўша расталарда савдо қиладиган бир хола “ҳар бир арчамиз 60 миллион сўмдан баҳоланган, зарар етказманглар, ўзи анави томони дадамнинг бошидай кал бўлиб қолган, дачадан ўт туташиб ёниб кетувди” – дейди ҳазилкашлик ва жиддий оҳанг аралаш. Яна тўлиб-тошиб бундай арчалар фақатгина Зоминда ўсиши, худо уруғини шундай мўжизакор сочиб қўйганлиги ва бунинг навини бошқа жойда экмоқчи бўлсанг барибир униб чиқмаслиги ҳақида айтади.
Туман аҳолиси асосан туризм, оромгоҳ ва санаторий хизматлари, шунингдек, чорвачилик орқали даромад кўради.

Хуллас, бундай афсонавий макон ҳеч бўлмаса бир марта келиб, хордиқ чиқариб кетиш учун арзийди!
Эъзоза УМРЗОҚОВА,
Ishonch.uz



