Дунё мамлакатларида 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” турлича нишонланади, аммо ҳамма болалар ҳам айнан шу санада ўз байрамларини нишонламайдилар. Айрим мамлакатда болалар байрами турли вақтларга тўғри келади ва бир-бирига ўхшамаган ҳолда нишонланади.
Россия: Болалар куни айнан шу мамлакатда туғилган
Россияда болалар байрами 1июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”да нишонланади. Шу куни мамлакатнинг турли бурчакларида болалар ўз байрамларини нишонлайдилар, халқ қўшиқлари ва рақсларини ижро этадилар, турли тадбирлар ўтказилади.
Япония: Болалар куни йилига уч марта нишонланади
Кунчиқар мамлакатида 3 март – қизлар куни сифатида тантана қилинади.
Ушбу байрам кичик ёшдаги қизлар учун махсус ташкил этилган. Ҳар йили шу куни қизларнинг ота-оналари уйда кимонодаги гўзал болалар қўғирчоқлари кўргазмасини ташкил қилишади, бу ота-оналарнинг маликаларига совғаси ҳисобланади.
5 май – ўғил болалар куни
Байрам куни ўғил фарзандли оиланинг уйига кириш эшиги олдига сазан балиғи тасвири туширилган байроқ осиб қўйилади. Японияда сазан тасвири куч ва жасорат маъноларини билдиради. Агар уйнинг олд эшикларига яшил-кўк байроқлар осилган бўлса, оилада бир неча ўғил бола борлигини англатади.
15 ноябрь – “Етти-беш-уч” болалар куни
Япон урф-одатларига кўра, уч, беш ва етти ёш болаларнинг энг бахтли ёши деб ҳисобланади, шунинг учун ҳар йили 15 ноябрда бу ёшдаги болалар ўз байрамларини нишонлайдилар.
Корея: корейс миллий либоси кийиб, совға олинг
Корея Республикасида болаларни ҳимоя қилиш куни 1923 йилда тантана қилина бошланган. Бу байрам дастлаб ўғил болалар байрами бўлган. Ҳозирда Корея Республикасида болалар куни давлат байрами ҳисобланади ва ҳар йили 5 май куни нишонланади. Шу куни болалардан бахтли одам бўлмайди, ота-оналар уларга ўзлари хоҳлаган совғаларни туҳфа қилишади. Кўплаб болалар корейс миллий либосини кийиб, мамлакатнинг анъанавий маданиятини намойиш этишади.
Колумбия: ниқобли масхарабозлар
Колумбияда ҳар йили 4 июлда болалар куни нишонланади. Ушбу байрам куни мамлакатнинг барча мактабларида турли тадбирлар ўтказилади. Болалар одатда турли хил ниқоблар тақишади, масхарабозлар каби кийинадилар ва кўчаларда юришади. Мамлакатнинг ҳар бурчагида қувноқ муҳит ҳукм суради.
Бразилия: биринчи навбатда саломатлик
Бразилияда болалар куни 15 августда нишонланади. Бу кун, шунингдек, эпидемияга қарши кураш миллий куни, шунинг учун ҳар йили ушбу байрамда мамлакат шифокорлари болаларни кўрикдан ўтказадилар. Бундан ташқари, 5 ёшгача бўлган болакайлар полиомиелитга қарши эмланади. Бундай тадбирлар Бразилия ҳукумати болалар саломатлиги ҳақида жиддий қайғуришидан далолат беради.
Швеция: “Ўғил болалар куни” ва “Қизлар куни”
Швецияда ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида байрамлар ажратилган. Ҳар йили 7 августда “Ўғил болалар куни” нишонланади, бу “Лангуст байрами” деб ҳам аталади. Бундай номланишининг асосий сабаби ўғил болалар 10 оёқли қисқичбақа каби жасур бўлишидир. Шу куни болалар қисқичбақа каби кийиниб, кулгили намойишлар билан чиқиш қилишади.
13декабрь куни Швецияда “Қизлар куни” нишонланади, бу байрам Лусия маъбудаси байрами деб ҳам аталади. Лусия – швед афсонасига кўра, қизларни ҳимоя қиладиган маъбуда ҳисобланади. Ҳар йили байрамда Швеция қизлари бошқа болалар учун яхши ишлар қиладиган кичик маъбудаларга айланади.
Африка мамлакатлари: бир ойлик болалар карнавали
Ғарбий Африка мамлакатларида бутун бир ой давом этадиган махсус “болалар карнавали” мавжуд. Африка аҳолиси тарихан қўшиқ айтишни ва рақсга тушишни яхши кўрадилар. Болалар карнавалида, мамлакатдаги фуқароларнинг яшаш шароитларидан қатъи назар, барча болалар бахтли ва қувноқ ҳолда байрамни нишонлайдилар.
Испания: энг тантанали болалар куни
Испанияда болалар куни 5 январга тўғри келади, аслида бу диний байрам бўлиб, испан тилидан таржима қилинганда “сеҳрли қирол байрами” деган маънони англатади. 5 январь куни тундан то эрта тонггача Испаниянинг ҳамма жойида парад автомобилларини кўриш мумкин, уларда “уч қирол” доимий равишда болаларга турли хил ширинликлар тарқатади. Қиролнинг тиззасига ўтирган ҳар қандай бола махсус совға олиши мумкин. Бундай совғаларни олган болалар қиролга яхши ўқишга ваъда беришлари керак бўлади.



