Фарҳод Манноповни операция қилган клиника фаолияти тугатилди(ми?)

40

“Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензия бекор қилинди. Бу ҳақда “Азам Обидов/Олий суд” телеграм каналида расмий ахборот берилди.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 2023 йил 28 апрель куни Зангиота туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 16 февраль куни берилган 27390032-рақамли лицензияни бекор қилишни сўраган.

Бунинг асослари сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона Низом”нинг 27-иловаси 9-банди талаблари қўпол равишда бузилганлиги, хусусан, халқ орасида “Mittivine” тахаллуси билан танилган марҳум Ф.Манноповга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорларда малакавий тоифа мавжуд бўлмаганлиги, бирламчи тиббий ҳужжатлар лозим даражада юритилмаганлиги, тиббий техниканинг метрологик меъёрларга мослиги бўйича даврий текширув ўтказилмаганлиги каби бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги, жавобгар томонидан марҳум Ф.Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилганлиги, ушбу ҳолатлар “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси талабига кўра лицензияни бекор қилиш учун асос бўлиши қайд этилган.

Суднинг 2023 йил 15 ва 25 майдаги мажлисларида ишда иштирок этувчи шахсларга ўз талаб ҳамда эътирозларини асословчи ҳужжатларни тақдим этишга имкон берган ҳолда муҳокамалар бошқа муддатга қолдирилган.

Ниҳоят, куни кеча суд ўз қарорини ўқиб эшиттирди: “Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 2021 йил 16 февралдаги 27390032-рақамли лицензия бекор қилинган”, дейилади расмий ахборотда.