Тошкент вилоятида йўл ҳақидан норозилик: қимматчилик авжига чиқмоқда(ми?)

132

Яқинда таҳририятга бир мурожаат келиб тушди. Хат Қуйи Чирчиқ туманидаги “Чақмоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг ўн чоғли аҳолисидан экан. Унда йўл ҳақларининг қимматлиги, такси ҳайдовчиларининг ўзбошимчалик билан белгилаб олган нархларини тушириш ёки ўша ҳудудда автобус қатновини йўлга қўйишда ёрдам сўралган.

Мурожаатда қайд этилган жойга етиб бордик ва Қуйи Чирчиқ туманининг маркази бўлмиш Дўстобод шаҳридан қўшни Оққўрғон тумани марказигача бўлган масофада ҳаракатланувчи йўналишсиз таксилар нархини суриштирдик. Маълум бўлишича, Оққўрғон туманидан Дўстобод шаҳригача йўл ҳақи 7-8 минг сўм қилиб белгиланган.

Ўртадаги масофа 12 километрни ташкил қилади. Ҳар иккала марказ оралиғидаги ички маҳаллаларга эса 5-6 минг сўмдан йўл ҳақи олинар экан. Ваҳоланки, улар орасидаги масофа у қадар узоқ эмас.

– Йўл ҳақи ўтган йили марказгача 3 минг сўм эди, – дейди “Чақмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исоқ ота Сулаймонов. – Бу нархларни ҳайдовчилар ўз ҳолича белгилаб олиб, оширишда давом этяпти. Биз ҳолат юзасидан кўп жойларга мурожаат қилдик. Аммо бундан натижа йўқ, нархлар осмонга чиқишда давом этяпти.

Ҳайдовчиларнинг ўзбошимчалик билан белгилаб олган нархларини тушириш, ҳеч бўлмаса мана шу йўналишга автобус қатновини йўлга қўйишнинг иложи йўқми?
Раиснинг куюниб гапирганича бор экан. Марказлар оралиғидаги “Пахтаобод”, “Чақмоқ”, “Хўжа” маҳаллаларидаги аҳоли вакилларининг айтишича, улар бозор-ўчарни Оққўрғон туман деҳқон бозоридан қилишади. Бундан, зарурат бўлгач, аҳоли қанча бўлсаям йўлкира сарфлаб, рўзғорини бутлашга мажбур бўлаётганини тушуниш қийин эмас.
Қуйи Чирчиқ туманини вилоят маркази билан боғлайдиган жамоат автотранспортининг йўқлиги ҳам эътиборимизни тортди. Чунки вилоят марказига бормоқчи бўлган киши аввал Оққўрғон тумани марказига етиб бориши, у ердан “Олимкент” қўрғонига, ана ундан кейингина Нурафшонга қатновчи такси хизматидан фойдаланишига тўғри келяпти. Агар шу йўлдан тўғри борувчи Оққўрғон-Қўйлиқ йўналишидаги таксига ўтириб, Нурафшонга етиб оламан деса, нархи нақ 20-25 минг сўм. Агар Қуйи Чирчиқ – Нурафшон йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилса, мурожаатда айтиб ўтилган муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлар эди.

Биз бу масалалар юзасидан Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси бошлиғи Садриддин Шоқосимов билан боғландик.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги 311-сонли қарори асосида автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий қилинган, – дейди бошқарма бошлиғи. – Унга кўра, йўналишсиз ҳаракатланаётган такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолиятини амалга оширяпти. Аммо қарорда масофалар бўйича тарифлар белгиланмагани ва уларнинг айнан йўналишсиз такси ҳайдовчиси сифатида фаолият юритиши сабабли нархларни туширишнинг имкони бўлмаяпти. Биз икки нафар ходимни ўша ҳудудларга бириктирганмиз. Бу борада туман ИИБ ЙҲХБ билан ҳамкорликда рейдлар ташкил қилиб, такси ҳайдовчилари билан тушунтириш ишлари олиб боряпмиз.

Автобус қатновига келсак, бу Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 738-сонли қарори бўйича амалга оширилади. Унга кўра, бу очиқ тендер асосида ўтказилади. Биз бир ойда икки марта тендер танловларини эълон қилиб боряпмиз. Аммо Қуйи Чирчиқ туманида автобус қатновини йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркор чиқмаяпти. Шу билан бирга, бугун йўлкиранинг нархи кескин ошгани сабабли, имконият масаласида ҳам муаммолар бўляпти.