Жорий йилнинг 5-8 июнь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши ҳақида матбуотда хабар берилди.
Жумладан, ҳаво ҳароратининг:
5-6 июнда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 40-41 даражагача;
6-8 июнда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 40-42 даражагача;
5-8 июнда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 38-40 даражагача;
7-8 июнда Фарғона водийси вилоятларида 36-39 даражагача кўтарилиши прогноз қилиняпти.
Хўш, иссиқ об-ҳаво шароитида аҳолидан нималар талаб қилинади?
Кўпроқ сув ичиш
Тўғри сув ичиш тартиби организм фаолиятининг яхши ишлаши ва сув-туз балансини меъёрлаштиришига қулай шароитлар туғдиради. Иссиқ кунда сув истеъмоли ҳажмини кўпайтириш керак. Бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш лозим. Сурункали касаллиги мавжуд бўлса, шифокор тавсиясига риоя қилиш керак.
Қуёшда юрманг!
Энг иссиқ пайтда соат 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмаслик, айниқса, қуёш тагида юрмасликка ҳаракат қилинг. Кунингизни шундай режалаштирингки, бу вақтда ёки ишда, ёки уйда бўлинг.
Эрталаб ва кечқурун кўпроқ ҳаракат қилинг. Бундай иссиқ кунда камҳаракатлик гипертония, юрак-томир касалликлари ва тромбоз ривожланишига олиб келади.
Кўпроқ душ қабул қилинг
Мунтазам равишда тозаланиш баданга эффектив нафас олишга ёрдам беради. Сув хона ҳароратидай бўлиши керак. Муздек сув билан ювиниш эса тана ҳарорати кескин ўзгариши натижасида пневмония касаллигига олиб келади.
Албатта, очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш мумкин, аммо тақиқланган ҳавзаларда чўмилиш қатъиян ман этилади.
Озиқланиш рационини ўзгартиринг
Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилинг. Ёғли сут ва гўшт маҳсулотлари истеъмол қилманг, аммо балиқ маҳсулотлари ва сабзавотлардан воз кечманг. Сутли маҳсулотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим: яроқлилик муддатига эътиборли бўлинг!
Албатта таомларни туз билан тановул қилинг. Чунки юқори ҳароратда, тананинг терлаши натижасида кўп миқдорда натрий моддаси йўқотилади.
Кийимларга эътиборли бўлинг
Синтетик матодан тайёрланган кийимлар киймасликка ҳаракат қилинг.
Кепка, шляпа ёки панамалар кийишдан уялманг. Чунки офтоб уриши асосан бош қизиганда содир бўлади.
