Сафар ака билан коронавирус деган бало авжига чиққан, ҳамма ўзини асраб-авайлашга уринаётган пайтларда учрашиб қолдим. Ўша куни унча узоқ суҳбатлашмадик. Чунки иккимиз ҳам шошиб тургандик. Қолаверса, Сафар ака анча ҳорғин эди, кайфияти ҳам яхши эмаслиги сезилиб турарди. Сабабини сўрадим.
– Ука, яқиндагина Эшон бува билан гаплашгандим… – деди у маҳзун кайфиятда.
– Аъзамхон Баҳромовни айтмаяпсизми?.. Ҳа, энди начора, бандалик-да… Айтганча, сизлар анча яқин эдиларингиз.
– Ўзи қўнғироқ қилиб, шу кунларда вирусдан қандай сақланаётганини, мен нима қилишим кераклигини эринмай тушунтирганди. Шундай ажойиб инсондан айрилиб ўтирибмиз-а…
Бу хасталик кўпларни олиб кетаётганлигини айтиб, акага далда берган бўлдим-да, «Ўзингизни асранг», деб хайрлашдим.
Сафар аканинг ҳаётини анча яхши биламан. Болалиги азобда ўтганидан ҳам хабардорман. Ҳар гал учрашганимизда, кундалик ишлари ва ўй-ташвишларини кўравериб, кўзимиз пишиб кетганмикан, деган ўй-хаёлларга борардим. Унга «Энди турмуш ташвишларини бир четга суриб, ўзингиз учун ҳам яшанг!» деган гапни мендан бошқалар ҳам кўп айтганди. Аммо кишига алам қиладиган жиҳати шуки, акани ўзгартира олмадик. Ўзгартириб бўлмасди ҳам. У учун дам олиш кунлари йўқ эди. Газетчилик дерди-да, севган ишига шўнғиб кетар, сал бўш қолса, ўзгалар ташвиши билан андармон бўларди. Шахсий ишлари учун эса вақт тополмасди…
Ўша учрашувимиздан сўнг кўп ўтмай Сафар аканинг ўзи ҳам коронавирус хасталигига чалинди. «Кўринмас ёв» қаттиқ ёпишган экан шекилли, уни ҳам бу ёруғ дунёдан олиб кетди.
Ҳамиша ораста кийинадиган, газетани сўнгги саҳифасигача ўқийдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз сўзини айта оладиган Сафар Остоновнинг жуссаси унчалик катта бўлмаса-да, кўпчилик эътироф этганидек, «отнинг калласидай» юраги бор эди. Аммо ўша юрак ҳам чарчашини, катта шифохонанинг бир четидаги хонада қўққисдан тўхтаб қолишини ҳеч ким хаёлига келтирмаганди.
Жанозага эртароқ келган ҳамкасбларимиздан бири аканинг уйини сўраганида, «У киши тўрт қаватли бинонинг деразаси очиқ «уч хонали қасрча»сида бир умр яшаган», деб йўл кўрсатдим.
Ҳа, ака барча шодликка тўла ва қайғули кунларини шу ерда ўтказди. Тобути кўтарилиши чоғида ҳам қўшниларига яхшилик қилиб кетди. Тонг саҳардан келган катта машиналар ёрдамида депутат, энг асосийси, катта журналист яшаган уй атрофи теп-текис қилиб асфальтланди.
…Куз кунларининг бирида ишхонада ўтиргандим, телефон жиринглаб қолди. Гўшакка қулоқ тутсам, қўнғироқ қилаётган Сафар ака экан. Саломлашдик.
– Анваржон, келаси якшанбада вақтингиз борми?
– Бўшман, ака.
– У ҳолда сиздан бир илтимос. Арзимас маошга Чирчиқдан келиб ишлайдиган бир корректор синглимиз бор. У ўғил тўй қилаётган экан. Иложи бўлса, бир санъаткорни топиб, бирга бориб келсак, дегандим. Ҳамма харажатлари мендан.
– Бўлди, борамиз. Бойлар ё амалдорникига бормасак ҳам бўлаверади…
– Хўп, келишдик.
Ўша куни Чирчиқдан ўтгач, чеккадаги тўйхонани топиб бордик. Биз айтган санъаткорлар хизматда экан. Ичкарига – Тошкентдан борган меҳмонларга алоҳида тайёрланган хонага кирмадик. Олдинда раҳматли Шерали полвон, ўртада Сафар акам ва мен, орқада Ваҳоб полвон. Ҳамма бизга қарайди. Бу баҳайбат, девкелбатли полвонлар қаердан келди, деб ҳайратга тушганлар ҳам кўп бўлди. Тўй тугагач, корректор ходимнинг қувончли кўз ёшларини кўриб, акага яна бир бор тан бердим. Ҳолбуки, шаҳарнинг қоқ ўртасида яшовчи ходимининг маросимига боришни ўзига эп кўрмаган амалдорчаларнинг қанчасини кўриб, ўрганиб қолганимиз ҳам бор гап.
Акамизнинг нутқи жуда равон эди. Тошкентнинг шундоққина биқинидаги Ҳасанбой қишлоғида яшовчи таниқли журналист Зиёвуддин Ортиқхўжаев оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтган кунги бир воқеа унинг жанозасида қатнашганларнинг эсидан сира чиқмаса керак. Имом-домла жаноза олдидан марҳумнинг ҳамкасб дўсти сифатида Остоновга сўз берди. У атиги 5-6 дақиқа гапирди. Пашша учса билинадиган манзара. Менинг назаримда, ўша куни Ҳасанбойнинг эрталаб иссиқхонага кириб, кечқурун чиқадиган меҳнаткашидан тортиб, бадавлат гулчисигача – барчаси забардаст журналист, ажойиб инсон Зиёвуддин аканинг кимлигини қайтадан кашф этди.
Тошкентга кириб келишимизда Эшматов домла бир гап айтди: «Остоновнинг гапларини таҳрир қилиб бўлмайди. Сўзи зўр, сўзидан ўзи зўр. Бир зўримизни сўнгги манзилига ҳам зўр сўзлар билан кузатдик». Ҳамма сукутга толди. Ортимизда Ҳасанбой ҳувиллаб қолгандай туюлди…
Ҳаётда баъзиларга бир умр яхшилик қилсанг ҳам, раҳматли ҳофиз инимиз Маъмуржон Тўхтасинов куйлаганидек, «на айтади, на қайтади». Сафар акамиз умр бўйи ўзгалар ташвиши билан яшади. Одамларга қўлидан келганича яхшилик қилди.
Акамизни сўнгги манзилга кузатганимиздан кейинги куни фотиҳага таниқли олим Азамат Зиё ҳам келди. Бироз ўтиргач, Сафар аканинг фарзанди Бахтиёржонни ёнига чақирди. Унинг ўзи, акаси ва сингилиси қаерда ишлашини сўраб-суриштирди. Кетар чоғида «Укам, отанг жуда ажойиб инсон эди. Менга ҳам жуда кўп яхшиликлар қилганди. Буни асло унутмайман. Уйларингда қандай муаммо ва масала пайдо бўлса, албатта, мени топ», деб тайинлади.
Дилдан чиққан бу гапларни эшитарканман, бир умр ўзини эмас, ўзгаларни ўйлаб яшаган Сафар ака бир чеккада мийиғида кулганча бизларни кузатиб тургандай бўлди. Ҳар гал ўша кунни эсласам, ўлим ҳақлигига тан берган ҳолда, яхшилик барибир ҳар нарсадан устун келишига иймон келтираман.
Ушбу мақолага нуқта қўйиб, ташқарига чиққан пайтим журналист синглимиз Робия Худойбердиевага дуч келдим. У йиллар давомида ижарада яшаб, яқиндагина уйли бўлганидан хабардор эдим. Кутилмаганда «Уй олишимга Сафар аканинг номи ёрдам берди», деган гапни айтиб қолди.
– Қандай қилиб, ахир, сиз уйли бўлган вақтда Сафар ака аллақачон оламдан ўтганди-ку!.. – дедим мен ажабланган кўйи.
– «Сувсозлар» даҳасидаги ўша уйни қурганларнинг каттаси – Фарҳод исмли кишига учрашдим. Нархига келганда, тўловдан қийналиб қолишимни айтдим. У бир зум жим қолгач, касбимни сўради. «Журналистман», деганим ҳамоно «Унда Сафар Остонов деган журналистни биласизми?» деб сўради. «Албатта, биламан. Ҳатто у кишининг раҳбарлигида ишлаганман», деганимдан сўнг дарҳол ёрдамчисини чақирди. Унинг олдида «Сафар аканинг номини эслатганингиз учун уй нархининг 25 миллионидан воз кечамиз, бошқа иложим йўқ-да, синглим», деди. Ўша куни мен ўзимни бошпанаси бор энг бахтли инсон деб билганман. Ўзи бу дунёдан ўтсаям, номи менинг уй олишимга сабаб бўлган инсонни унутишим мумкин эмас. Шу боис ҳар сафар Сафар акани эслаганимда, «Аканинг жойи жаннатда бўлсин!» деб дуо қиламан.
Робиянинг гапларини эшитиб, қоғозга туширгач, қурувчи йигитнинг телефон рақамларини ҳам ёзиб олдим. Вақти-соати келиб учрашсак, унга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман.
Анвар АБДУВАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист



