Пойтахтда бекатлар ҳам тадбиркорлар қўлига ўтдими?

91

Автомобиль йўлларининг тоифасига қараб, автобус бекатларида чиқиш ва тушиш майдончалари, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, йўлка ва пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва ёритиш ускуналари бўлиши лозим.

Хўш, пойтахт кўчаларидаги бекатларнинг барчаси ҳам мана шу стандартларга мос келадими?

Биринчидан, уларнинг ҳаммасига ҳам автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси ва қатнов жадвали ўрнатилмаган. Ҳатто шундай “бекат”лар борки, бу маълумотларни жойлаштиришнинг сира иложи йўқ. Яъни, у ерга одамлар йиғилади, автобус ҳам ўша ерда тўхтаб ўтади, лекин на бир ўриндиқни, на бир соябонни кўрасиз. Ҳолбуки, жамоат транспортидан фойдаланувчиларнинг аксарияти ёши катталар ва ўқувчи-талабалар эканини ҳисобга олсак, бекатларда ўриндиқлар бўлиши шарт.

Қолаверса, уларнинг кўпчилигида кутиш зали мавжуд эмас. Ўриндиқлар бор бўлса ҳам, белгиланган меъёрлар талабига жавоб бермайди. Серқатнов йўллар четидаги бекатларнинг аксариятида номигагина  ўрнатилган биттадан ўриндиқ бор, холос.

Кутиш хоналари эса санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Давлат стандартига кўра, автопавильон автобус келишини кутаётган йўловчиларни ноқулай об-ҳаво ва иқлим омиллари таъсиридан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Улар ёпиқ ёки очиқ турдаги соябон шаклида бўлиши мумкин. Ўлчами автобус бекатида, тиғиз пайтда, бир вақтнинг ўзида йўловчилар сони ҳисобга олинган ҳолда, 4 кишига 1 квадрат метр ҳисобида аниқланади.

Автобус бекатлари сотув шохобчаларига айлантирилганига аста-секин кўникдик. Бекатлар майдони кичиклиги ва уларни ҳам дўконлар, фаст-фуд, кафелар эгаллагани боис йўловчилар автобусларни қуёш нури ёки ёмғир остида кутишга мажбур. Кутиш зали ҳам сотиладиган маҳсулотлар билан тўла. Бунинг устига, ойналарга реклама баннерлари осиб қўйилган. Бу ҳолда одамлар келаётган автобусларни кўролмай қолади-ку,  дейсизми, унда, марҳамат, ташқарига чиқиб туришсин…

Замонавий автобус бекатларининг яна бир муаммоси ногиронлар аравачаси учун пандуслар йўқлигидир. Улар асосан йўл устида автобус кутишга мажбур бўлишади. Бу ҳолат қатновга ҳам таъсир қилади, қолаверса, йўловчилар хавфсизлигини кафолатламайди.

Жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш ва аҳолини рози қилиш чоралари кўрилаётган бир пайтда бу муаммолар ечимига ҳам эътибор қаратилади, деган умиддамиз. Шундай экан, инсон қадри хусусида гап кетганда, йўловчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам унутманг, мутасаддилар!

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
Ishonch.uz