Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб, 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши мумкин.
Сув ресурсларининг 80 фоизи юртимизда қўшни давлатлардан оқиб келади, атиги 20 фоизи эса ўзимизда ҳосил бўлади.
Ҳозирдан мамлакатимизнинг айрим чекка қишлоқларида истеъмол сувининг етишмаслиги учрамоқда. Шунга қарамай, сувни тежаш борасидаги ҳаракатларимиз ҳавас қилгудай эмас. Сувни исроф қилиш айниқса, пойтахтда авжига чиққан.
Шаҳар бўйлаб газон ва дарахтларни суғориш фавворалари тартибсиз жойлаштирилгани ва уларнинг яроқсизлиги оқибатида катта миқдордаги сув беҳуда сарфланмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, қоқ тушлик вақтида юқори иссиқ ҳаво массаси кузатилиб, бу пайтда ўсимликларни суғориш нотўғридир. Аммо шундай бўлса-да, бундай ҳолатлар кўп учрамоқда.
Агроном мутахассис Ҳамидулло Ўктамжон ўғлига айни шу масалада мурожаат қилдик:
– Иссиқда суғоришнинг ўсимликка етадиган зарари кўп. Сабаби иссиқда ернинг нам қайтариши, нам ютиш структураси бузилади ва ўсимликлар баъзан кўп, баъзан кам сув ичади. Газон ва декоратив дарахтларнинг иссиқ турган томирига бирдан совуқ сув берилиши, кўп миқдордаги сув тўпланиб қолиши таъсирида уларнинг томири чирийди. Қолаверса, юқори ҳароратда суғориладиган сувнинг 20 фоизидан ортиғи буғга айланиб, ҳавога кўтарилади. Шундан келиб чиқиб, дарахт ва газонларни кечки салқин ҳамда тонг саҳарда ернинг намликни ушлаши ва сингдиришига қараб, асосан 10 дақиқадан 25 дақиқагача суғориш лозим, – дейди мутахассис.
Шунингдек, шаҳримиз кўчаларидан юрар экансиз, йўлакларда ўсимликларни махсус суғориш учун ўрнатилган трубаларга кўзингиз тушади. Аммо кўпинча, сув яроқсиз трубалардан уч метр баландликкача отилиб, ўтиш йўлакларини сув босиб ётганини кўришимиз мумкин.
Қолаверса, фавворалар вақтида ўчирилмагани сабабли газонлар кўлмак ичида қолмоқда. Кўп қаватли хонадон бекаларининг сувни оқизиб қўйиб, идиш-товоқ ювиши ҳам янгилик эмас.
Бугун қайсидир қишлоқларда одамлар сув сотиб олаётган бир вақтда тошкентлик масъуллар ва шу ерлик аҳолининг сувга бўлган бундай қўпол муносабати кўнгилни хира қилади.
Қаршимизда глобал эко хавфлар бўй кўрсатиб келаётган айни вазиятда сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ўрнига, уни ҳеч қачон тугамайдиган ресурс каби увол қилинаётгани вужудга келаётган сув танқислигини тезлаштиришга ҳисса қўшмайдими?
Бу саволни Табиат ресурслари вазирлиги ва Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига қолдирамиз.
Диёра РАВШАНОВА,
Ishonch.uz
