“Больничний” фақат асосий иш жойидан тўланадими?

76

— Шифохонада реанимация бўлимида ҳамширалик қиламан. 22 йиллик иш стажим бор. 2022 йилнинг апрель ойида бахтсиз ҳодиса туфайли оёғим синиб, ишга бора олмадим. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очирдим. Орадан 6 ой ўтиб, қайтиб ишга чиқдим. Менга касаллик даври учун 60 фоиз миқдорида “больничний” тўлаб беришди. Аммо мен ободонлаштириш бошқармасида ҳам 0,5 ставкада ҳамшира бўлиб ишлардим. У ерда менга касаллик варақаси учун умуман ҳақ тўлашмади. Вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси фақат асосий иш жойидан тўланади, дейишди. Шу тўғрими?

Марҳабо Исмоилова, Навоий шаҳри.

Саволга “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Рамазон НАСРИДДИНОВ жавоб беради:

— “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши шарт.

Мазкур низомда талабларига кўра, ходим асосий иш ўрнидан ташқари яна ярим штатда бошқа бирор корхона ёки муассасада ишласа унга ҳар икки идорадан касаллик варақаси учун нафақа тўланиши керак.

Бу ҳолатда сиз корхонадан касаллик даври учун нафақа тўлашни талаб қилишингиз лозим, ариза билан судга мурожаат қилишингиз ҳам мумкин.