Чўмилишга бораётганлар нималарни билиши керак?
Чўмилиш мавсуми бошланди. Афсуски, бу бахтсиз ҳодисаларнинг кўпайишига ҳам сабабчи бўлади. Очиқ сув ҳавзаларида чўмилаётганда нималарга эътибор қаратиш керак? Қандай ҳолларда чўмилишдан тийилиш зарур? Шу каби саволларимизга ФВВ ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев жавоб беради.
— “Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси – саломатлик ва хавфсизлик гарови” мавзусида тадбирлар ўтказилди, – дейди Самандар Ҳикматуллаев. — Бироқ, сувда хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик ёки эҳтиётсизлик оқибатида сувда чўкиш ҳолатлари рўй беряпти. Жорий йилда 57 нафар ҳамюртимиз сувда чўкиб вафот этди, уларнинг 26 нафари болалардир. Фожианинг ярми эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган. Энг ачинарлиси, чўкканларнинг 45,3 фоизи – вояга етмаганлар. Чўкканларнинг аксарияти чўмилиш тақиқланган, рухсат этилмаган, чўмилиш учун шароитлари бўлмаган, хавфли сув ҳавзаларида чўмилган.
Вафот этганлар дарёлар, каналлар ҳамда ариқлар устидаги сув, газ, чиқинди оқава сув қувурларидан йўлни қисқартириш учун кўприк сифатида фойдаланишган. Сув ҳавзалари ва қирғоқ бўйларида хавфсизлик қоидаларига риоя этишмаган.
— Чўмилаётганда чўкиб кетмаслик учун нималарга аҳамият бериш керак?
— Энг аввало, чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Об-ҳаво қуёшли ва шамолсиз, ҳаво ҳарорати 30-38° даража бўлганда чўмилиш тавсия этилади. Оч қоринга, чарчаганда, чанқаганда, яқинда касалликдан соғайганда, спиртли ичимлик истеъмол қилинганда чўмилиш тақиқланади. Шунингдек, тақиқланган жойларда чўмилиш, ёш болаларни сувда қаровсиз қолдириш, кўприк, дамба ва дарахтлардан сувга шўнғиш мумкин эмас. Дарёлар, каналлар, ариқларнинг устидан ўтказилган сув, газ, чиқинди оқава сув қувурларидан йўлни қисқартириш мақсадида фойдаланманг.

Очиқ сув ҳавзаларида, пляжларда чўмилишдан олдин яна нималарни билишимиз зарур? Умуман, ушбу масканларда қандай белгилар ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади? Мавзунинг ҳуқуқий томонларига аниқлик киритиш мақсадида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Мақсуд Мустафоевга юзландик.
— Қонунчиликда, 12 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналар назоратисиз чўмилиши тақиқланади. Сувли ҳудудларга яқин оммавий дам олиш масканларида ҳордиқ чиқараётган фуқароларга қуйидагилар тақиқланади:
– тақиқловчи белгилар ва “Хавфли!”, “Чўмилиш тақиқланади!”, “Шўнғиш (сувга сакраш) тақиқланади!” сўзлари ёзилган жойларда чўмилиш ва сувга сакраш;
– тўсиш белгиларидан ўтиб сузиш;
– моторли, елканли кемаларга, эшкакли кемаларга ва бошқа кичик ўлчамли кемалар яқинига сузиб бориш;
– сакраш учун мосланмаган иншоотлардан ҳамда чуқурлиги ва тубининг ҳолати номаълум бўлган жойларда сувга сакраш;
– алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш ва маст ҳолатда чўмилиш;
– сувда шўнғиш ва чўмилувчиларни ушлаб олиш билан боғлиқ ўйинларни ташкил этиш;
– ёлғон тревога сигнали бериш;
–вояга етмаганларни назоратсиз қолдириш;
– сузиш учун автомобиль камералари, тахтачалар ва шу кабилардан фойдаланиш;
– пляжлар акваторияларида моторли, елканли, эшкакли қайиқлардан, эшкакли ва моторли кичик ўлчамли кемалардан, сув велосипедларидан фойдаланиш;
– кучуклар ва бошқа ҳайвонларни ўзи билан олиб келиш, чўмилтириш, сайр қилдириш;
– сув ҳавзаларини ифлос қилиш, қирғоқда ахлатларни қолдириш;
–шиша буюмлар ёки бошқа хавфли буюмларни қолдириш ёки пляж материалига кўмиш;
–овқат тайёрлаш ва иситиш учун оловдан фойдаланиш;
–товуш баландлиги 90 ДБдан ортиқ бўлган кучли овоз чиқариш қурилмаларидан фойдаланиш;
–қонунга зид бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиш.
Чўмилиш пайтида ҳар 10 киши ҳисобига бир нафар қутқарувчи сувда чўмилаётган болаларнинг ёнида туриши керак.
Шунингдек, ҳокимликлар бахтсиз ҳодисалар кўп бўладиган сув ҳавзаларига чўмилишни тақиқловчи белгилар ўрнатиши керак.
Ҳокимликлар фавқулодда вазиятлар органлари билан ҳамкорликда ҳар йили 1 майдан 15 сентябргача сувда бахтсиз ҳодисалар (одамлар ўлими) тез-тез рўй бериб турадиган жойларни аниқлаши керак.
Шунингдек, мазкур ҳудудлар бўйича маҳаллий аҳоли ва дам олувчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш шарти билан қирғоқ бўйлаб чўмилишни тақиқловчи белгилар ўрнатилиши шарт.
Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz
