САВОЛ: Баъзи юртдошларимиз айрим сабабларга кўра исми ёки ота исмини ўзгартирмоқчи бўлишади, лекин айримлар қаерга мурожаат қилишни билишмайди.
Бунинг тартиби қандай, бундай пайтда қайси давлат идорасига мурожаат қилинади?
Дилшода МЕЛИБОЕВА
Булунғур тумани
ЖАВОБ: Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш масаласи Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари»да белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи ўн олти ёшга тўлгандан кейин у яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилади.
Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишли текширув ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкин.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этса, суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.
Фамилия, исм ва ота исми ўзгартирилганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарлари ёзувларига тегишли ўзгартишлар киритади.
Эр ёки хотиннинг фамилияси ўзгартирилиши хотин ёки эрнинг ҳамда унинг вояга етган болалари фамилиясини ўзгартиришга сабаб бўлмайди.
Ота-она, яъни ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилганда уларнинг ўн олти ёшга тўлмаган болалари фамилияси ҳам ўзгартирилади.
Агар ота-онадан бири ўз фамилиясини ўзгартирса, уларнинг ўн олти ёшга тўлмаган болалари фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-онанинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳал этилади.
Ота исмининг ўзгартирилиши унинг ўн олти ёшга тўлмаган болаларининг ота исми албатта ўзгартирилишига сабаб бўлади.



