“Қийноқ – жамият танасидаги касаллик”

63

Омбудсман “Бўка воқеаси”га муносабат билдирди.
Таъкидландики, қийноққа оид хабарлар Омбудсман назоратига олиниб ўрганилмоқда. Хусусан, Бўка туманида фуқаронинг вафот этиши билан, тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар ҳибсга олинганини Омбудсман ижобий баҳолайди.

“Давлат сиёсатига қарши туриб, ўз хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган “ходимлар” бор экан, фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик юзага келади” дейилади муносабатда.
Шунингдек, унда қийноқ жамият танасидаги касаллик экани, уни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши кераклиги, у қийноқларни барвақт олдини олишнинг таъсирчан воситаларидан бири эканлиги қайд этилди.

Маълумотга кўра, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича Омбудсман бошчилигида Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик гуруҳлари билан бирга пенитенциар муассасаларга доимий равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, у ердаги шароитлар тизимли равишда ўрганилмоқда. У ерда сақланаётган шахслар орасида аноним сўровномалар ўтказилмоқда.

Маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда суҳбатлашиб, қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар келиб тушганда, ҳолат дарҳол назоратга олинмоқда. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалган қийноқ қўлланилганига оид хабарлар ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилмоқда.

Бўкадаги ҳолат ҳам Омбудсман назоратида бўлиши таъкидланиб, айбдор шахсларни қатъий жазога тортишга чақирилди.