Ўзбекистонда ОИВ билан хасталанганлар бир йилда 3 мингтага ошган

56

Ўзбекистонда ОИВ билан хасталанганлар бир йилда 3 мингтага ошган
ОИВ – одам иммунитет танқислиги вируси ҳар йили дунё бўйича миллионлаб кишилар ёстиғини қуритади. Ўзбекистонда бу касаллик билан яшаб келаётганлар сони 48 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шу йилнинг февраль ойида эълон қилинган статистикада ОИВ касаллигига чалинганлар сони 45 минг нафар экани маълум қилинганди. Янги статистика эса мазкур рақам 3 мингга ошганини кўрсатяпти.

Вирус инфекциясининг айнан ўзига хос белгилари мавжуд эмас. Айрим беморларда касалликнинг яширин даври — 8-10 ҳафта ўтгач, бирламчи гриппга хос белгилари намоён бўлади. Камқувватлик, иштаҳа пасайиши, кўп терлаш, ҳарорат кўтарилиши, жигар ва талоқнинг катталашишини кузатиш мумкин.

Касалликнинг олдини олиш, юқиш эҳтимолини камайтириш мақсадида республиканинг барча ҳудудлари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар ОИТС марказлари сони кўпайтирилди. Фаолияти билан боғлиқ барча профилактик, эпидемиологик, лаборатория текшируви, даволаш тадбирлари учун керакли жиҳозлар билан таъминланди.  Шунингдек, ҳар бир марказ қошида ихтиёрий лаборатория текшируви учун келганларни сир сақлаган ҳолда текширадиган аноним хоналар ҳам мавжуд.

Маълумотга кўра, республикамизда ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш учун ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узулуксиз таъминоти амалга оширилмоқда. Натижада 99,7 фоиз болалар соғлом бўлишига эришилмоқда.

Нилуфар АБДУМАЛИКОВА,
Мадина ПЎЛАТ қизи
ishonch.uz