Устозга кўтарилган қўл кесилиши керак

272

Наманганнинг Косонсойида бир синфдаги ўқувчилар бир тўда гуруҳ бўлиб, ўқитувчисини калтаклагани туширилган видео тарқалди.

…2012 йил солиқ коллежида директор эдим. Катта курс курсантларни якшанба куни Янгийўл туманига кунлик пахта теримига ҳашарга олиб бордик. Далани айланиб юрсам, болаларнинг тўдалашиб югурганига кўзим тушди. Ўша ерга мен ҳам чопиб бордим. Бориб қарасам, иккита 3-курс курсант 70 ёшга кирган генерал унвонидаги домлани урибди, яна уни камига тепишган. Домланинг лаби ёрилган. Болалар югуриб бориб, уларни ажратибди. Дарҳол ўша ердаги навбатчи милицияга баённома ва билдирги ёздириб, ишни судга оширдим.

Эртасига болаларнинг оталари келишди. Худонинг зорини қилишди, судланмасин, шунча ўқигани бир пул бўлади, деб ялинишди. Болалар ҳам йиғлаб, кечирим сўрашди. Сабаби, участка милиция нозири “агар директор аризасини қайтиб олса, иш судга ошмайди, келишинглар”, — дебди. Мен:

— Агар иккита бола ўзаро муштлашса майли эди, яраштирардик, булар устозига қўл кўтарди. Домлаларнинг орасида ҳам сўкадигани, урадигани бор, агар ўшалар бўлгандаям майли эди. Сўранг-чи, шу домла бирорта болани сўкиш тугул, сан деб гапирган эканми? — дедим.

Домла ҳақиқатан хокисор, камтар ва хушхулқ инсон эди. Шундаям генерал устоз менинг олдимга кириб:

— Кечира қолайлик, — дейди.

Кўзининг кўкаргани кетмаган, лабининг шишгани ҳам. «Йўқ!» деб туриб олдим. Судда айбдорлардан жарима ундириш ҳақида ҳукм чиқарилди. Генерал домла кейин нафақага кетиб қолдилар.

Орадан 6 йил ўтиб, ишхонамда ўтирсам, ёрдамчим собиқ битирувчилардан бири кирмоқчи эканлигини айтди. Мен билан Олий Мажлис депутати ва яна бир сенатор ўтирувди. Конституция кунига бағишланган тадбир ҳақида маслаҳатлашаётган эдик. Тадбирдан кейин кирсин деб, тадбирга чиқиб кетдим.

Бўшаганимдан сўнг, уни чақиртирдим. Шунда ўринбосарим Мавлон ака:

— У кетди. Ўқишни тамомлаб, Россияга бориб ишлабди. Ёғоч тилиш цехида. Шунда 4 та бармоғини станок ямлаб кетибди. Бир қўлида 4 та бармоғи йўқ, ногирон бўлиб қолибди. Кеча 3-гуруҳ ногиронлигини 2-гуруҳга ўтказиш учун ҳужжат топширибди. Ўшанда далада: «Домлани урган қўлларинг синиб, ногирон бўлиб қолгин», — деб қарғаган экансиз. Ўшанда қилган қилмишидан пушаймон. Домладан кечирим сўрашдан аввал сизданам сўрай, деб келган экан. Кетиб қолди, бошқа куни келаркан, — деди.

Баданимдан муздай тер чиқди… Аллоҳ учун уни кечирдим, дедим.

Ҳеч қачон устозни оғринтириб бўлмайди…

Баҳриддин АСРОР