Малика Дианага суиқасд уюштирилганмиди?

48

Буюк Британия қироличаси Елизавета ва Филиппнинг келини, шаҳзода Чарлзнинг рафиқаси Диананинг тўсатдан автоҳалокат натижасида вафот этиши хаммани эсанкиратиб қўйганди. Унинг мотам маросимида одамлар тўлиб кетган, барчанинг кўзларига ёш тўлганди.

Машҳур инсонлар вафотидан сўнг янада танилиб кетиши бор гап. Айниқса, «вақт-соати етмай» туриб, дунёни тарк этганлар ҳақидаги миш-мишлар матбуотнинг асосий ишига айланиб қолади.
Қиролича Диананинг ўлими билан боғлиқ бўлган биринчи шубҳалар унинг ўлимидан кейин, яъни 1997 йил 31 август куни, орадан бор йўғи бир соат ўтиб Австралия интернетларида пайдо бўлди. Шундан буён малика ўлими билан боғлиқ гумонлар бугунгача одамларнинг диққат марказида.
Турли-туман фаразлар ўйлаб чиқилди ва дунё бўйлаб тарқалди. Кўплари ҳатто кулгили бўлиб, улар орасида Буюк Британия монархияси ҳимоячилари бўлган махфий хизмат вакиллари режалаштиришган суиқасддан тортиб, жуда ҳам кўп гул сотилишидан манфаатдор бўлган дунёдаги барча гулчиларгача бу ҳалокат айбдорлиги «ёпиштирилди». Улар гўёки Диананинг ўлимидан мўмай пул ишламоқчи бўлишган ва Париж кўчаларининг бирида юз берган фожеа режасини ўйлаб топишган.
Аммо улар орасида энг машҳур бўлган фараз барчани бирдек ҳайрат кўчасига етаклаган эди. Унга кўра, малика Диана ўлмаган – Парижда юз берган автоҳалокат сохта, уюштирилган бўлиб, бу ҳалокат Диана ва унинг севган кишиси Доди Фаед учун гўё бир имкониятдек эди. Чунки уларнинг биргаликда, барчанинг кўз ўнгида юз бериши лозим бўлган тасодифий, аслида сохта ўлимларигина, кейинчалик улар қолган умрларини биргаликда бахтли ва ташвишсиз ўтказиши учун хизмат қилиши керак эди.
Бу фаразни ўртага ташлаганлар айтадики, Диана ўзининг шахсий ҳаётини титкилайверишларидан безор бўлган ҳамда Фаед ва унинг оиласининг моддий тарафдан қўллаши натижасида ушбу «шов-шувли» ҳалокат режасини ишлаб чиққан. Ҳозирда эса, Диана ва Доди қайсидир мўъжазгина оролда яшашмоқда.
Диана ўғиллари билан сунъий йўлдош орқали суҳбат қуриб туради. Бу фаразни ўйлаб топганлар фикрларини Диананинг мурдаси ҳеч қаерда ҳеч кимга кўрсатилмагани билан изоҳлашади.
Албатта, ҳар ким томонидан билдирилган бундай фаразларга ишониш қийин. Балки улар орасида ҳақиқатга якинроғи ҳам бордир. Мисол учун, Диананинг собиқ бош хизматчиси Баррел ўзининг чиқиши билан бутун дунёни ларзага солди. Унинг таъкидлашича, Диана ҳалок бўлишини олдиндан билган. У бундан қаттиқ қайғуга тушган ва ўлимидан ўн ой аввал Баррелга бу ҳақида мактуб ёзган. Мактубида автоҳалокат режаси қироллик оиласи аъзолари томонидан тузилаётганини, яъни ўша куни машина тормози носоз бўлиши ва у қаттиқ жароҳатланиши лозим экан. Шундан сўнг Уэлс шаҳзодаси Чарлз бемолол бошқасига уйланиш имконига эга бўлар экан, яъни маъшуқаси Камиллага.
Бу ҳақида ўша пайт Европа матбуоти бонг урди. Турли мақолалар чоп этилди. Хусусан, «Sun», «Daily Mirror», «Daily Mail», «The times» газеталарининг биринчи саҳифалари Диана ва Чарлзнинг суратлари ва жавобсиз саволларга тўлди. Сарлавҳалар эса қуйидагича эди: «У сени Камилла туфайли телбаларча ташлаб кетди!», «Улар бу автоҳалокатни режалаштиришган, шунда шаҳзода бўйдоқликка эришади!». Бу фараз тўқима ва бўрттирилган деб кўпчилик ишонмади. Бироқ Диананинг ўлимидан кўп ўтмай, шаҳзода чиндан ҳам Камиллага уйланди.
Лекин автоҳалокат тосодифий содир бўлган деб қабул қилувчилар шуни билишлари керакки, атрофида сон-саноқсиз кўриқч ва ҳар қандай «тасодифлар»га қарши муҳофазаланган дунёдаги энг таниқли ва бадавлат инсонлардан бирининг оддий автоҳалокат натижасида вафот этиши кишини ўйлантиради…
Ҳар нима бўлганда ҳам, бугун малика орамизда эмас. Фаразлар ҳаққонийми ёки аксинча, буни агар тирик бўлса, Диананинг ўзи ошкор қилади. Балки янги фаразлар туғилар, буни эса вақт кўрсатади.