Қон топшириб, ҳаёт инъом этайлик!
Қон – ҳаёт демакдир. Қоннинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Унинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини умрида бир бора қон ва унинг таркибий қисмига эҳтиёж сезган инсон яхши билади.
ЖССТ тавсияларига кўра, аҳолини қон таркибий қисмлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони 1000 нафар аҳолига камида 10 нафарни ташкил қилиши керак. Боиси, ҳар куни дунёда юз минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезадилар. Қатор жарроҳлик амалиётларини ўтказишда қон ва унинг компонентлари муҳим ўрин тутади. Жумладан, трансплантологияда, онкологик ва гематологик касалликларни даволашда, баъзан туғруқ жараёнларида, бахтсиз ҳодисалар юз берганда донор қонининг аҳамияти янада ортади. Битта жигар трансплантацияси операцияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Бу компонент эса 120 нафар инсондан олинади. Шунинг ўзиёқ донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимизда қон топширишлар сони 2022 йилда 1000 нафар аҳолига қарийб 7,5 нафарни ташкил этган. Натижада ўтган йили 56030,0 литр эрмасса, 50996,7 литр плазма, 1598,8 литр тромбоконцентрат ва 4256 доза криопреципитат йиғилган.
Бу кўрсаткични янада ошириш мақсадида сайёр донорликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда бу йил Республика қон қуйиш марказининг ҳудудлардаги қон билан ишлаш хизмати муассасалари 13 та кўчма донорлик комплекси – махсус жиҳозланган “Isuzu” автобуслари билан таъминланди. Мазкур автобуслар махсус каравот, музлаткич, гемоконтейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёриткичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин.
— Донор ўз қони билан бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин,-дейди Хоразм вилояти қон қуйиш маркази бош шифокори Ирода Мусаева. — Марказимизга ҳар куни юздан зиёд қон ва унинг таркибий қисмларига буюртмалар келиб тушади. Қон топшираётганлар эса 60-70 нафарни ташкил қилади. Бу қон билан таъминлаш имкониятлари 70 фоиз қопланмоқда деганидир.
Тўғри, ҳар куни 100 дан зиёд фуқаролар қон топшириш истагини билдиради. Ташриф буюрган кўнгиллининг энг аввало исм-шарифи электрон базада шакллантирилган назоратда турувчи беморлар рўйхатида бор ёки йўқлиги аниқланади, яқин кунларда бирор касаллик билан оғринганлиги ва жарроҳлик амалиёти ўтказилмаганлиги суриштирилади. Агар ҳеч қандай шикояти бўлмаса, лаборатор таҳлилида гемоглобин даражаси текширилади ва бошқа таҳлиллар қилинади. Бу каби текширувлар албатта қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Юқумли касалликлар қайд қилинмаган, соғлом фуқароларгагина қон топширишга руҳсат берилади.
Дарвоқе, қон топшириш инсон саломатлиги учун фойдали саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиради. Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари, ошқозон-ичак, саратон касалликларига чалиниш хавфини бир неча бор камайтиради. Қон айланишини яхшилаб, жигар фаолиятини мустаҳкамлайди.
18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан оғир, соғлом фуқаролар қон донори бўлиши мумкин.
