Биз кўпинча яқинларимиз, устозлар ва фидойи инсонларни йўқотганимиздан сўнг кўпроқ ёдга оламиз, кўпроқ гапирамиз. Уларнинг ижод ва ҳаёт йўлини ибрат қилиб кўрсатамиз. Аслида, буюк истеъдод соҳиблари ҳаётлик чоғларининг ўзидаёқ катта бир мактаб, суҳбатлари ғанимат, амаллари ёрқин бир кўзгу мисолидир. Замонамизнинг жонкуяр инсонлари – эзгу ишлари билан элу юрт дардига малҳам бўлаётган, ўз фароғатидан кечиб, тиниб билмай меҳнат қилаётган заҳматкашларини бугун эслашимиз, меҳримиз ва дил сўзларимизни уларга бугун айтишимиз, уларнинг ҳар бир қадами, босиб ўтган умр йўлларидан сабоқ олишимиз зарур.
Таниқли журналистларнинг бу ҳақдаги фикрларига қулоқ тутдик.

Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “ХХI asr” газетаси бош муҳаррири:
– Шундай инсонлар бор, умри давомида ўзини аямай ишлайди, тинмай меҳнат қилади, дам олиш, ҳордиқ нималигини унутади. Столи устида ҳамиша қўлёзмалар, тугалланишини кутаётган қораламалар, юракдан қуйилиб келиб, ўзанини тополмай тўлиб-тошадиган фикрлар, ижод оқими, эшик ортида умид билан кўз тикиб турган мурожаатчилар… Яна кундалик касб юмушлари, янги китоб мутолааси иштиёқи, қайсидир бир аризачининг ташвишини аритадиган можароли суд жараёнлари…
Бундай инсонлар орамизда кўп, жуда кўп. Уларга таъриф беришда дастлабки сифатлар қаторига шуларни киритамиз: жонкуяр, фидойи… ва яна улардан сўнг “эди” жумласини ҳам қўшиб қўямиз… Боиси, яхшиларни дунёдан ўтганларидан сўнг кўпроқ эсга оламиз, улар ҳақида илиқ сўзлар, таърифу таҳсинлар айтамиз. Кези келганда, китоблар чоп этилади, ижоди, ҳаётини ибрат қилиб кўрсата бошлаймиз. Афсуски, улар ёнимизда эканида, тириклигида чин маънода мактаб бўлганини англамаймиз, эътибор қилмаймиз. Худдики улар ҳамиша мана шундай бардавом, бардам, шаҳдам бўлиб қолишадигандек.
Ваҳоланки, улуғларнинг ҳар бир суҳбати ғанимат, ҳар бир ўгити йўлчи юлдуз. Ҳаётлари ниҳоялаганда нега энди тез-тез йўқламадим, нега олтинга тенг сўзларидан кўп-кўп баҳра олмадим, дея ўксиниб қоламиз-да… Ахир уларнинг ҳам умрлари ўлчаб берилган.
Бугун ёнимизда ҳаёти ва ижоди ҳаммамизга ибрат бўлдиган ана шундай инсонлар қаторида Абдусаид Кўчимов, Шуҳрат Жабборов, Жаббор Раззоқов, Аҳмаджон Мелибоев, Фармон Тошев, Муҳаммаджон Обидовлар бор. Булар катта ҳаётни кўриб туришибди. Босиб ўтган умр йўллари ҳам залворли. 30 йиллик мустақилликда ўтаётган ҳаётни таҳлил қилиб беришяпти. Ишдан, юмушдан, эл ташвишларидан ортмайдиган бу каби фидойи инсонларни бугун йўқлашимиз, улар ҳақида ўзлари тириклигида гапиришимиз, керак бўлса, елкадош бўлиб, ташвишларини бироз бўлса-да, аритишга, ўша ёзиб битира олмаётган китоблари, ҳаёти мазмунига айланган ижод намуналари учун вақт ажратишларига кўмаклашишимиз, биздан нима хизмат, нима ёрдам деб, ора-сирада сўраб туришимиз ҳам керакдир, балки…
Яқинда устоз-журналист Сафар Остоновнинг “Умид билан яшагин” номли китобини нашрга тайёрлаш ишлари жараёнида мана шу фикрлар бот-бот хаёлдан ўтди. Бу ўзбек адабиётида фидойи замондошларимиз ҳақидаги иккинчи китоб дейишимиз мумкин. Биринчиси Эркин Воҳидов ҳаёт вақтида кўнгил яқинларининг ўзи ҳақидаги фикрларини йиғиб чоп эттирган китоби бўлган. Истагим – ёшларга, бўлажак ёзувчи ва журналистларга дарслик, ибрат бўладиган китоблар бардавом бўлсин, улуғ устозлар ҳақида уларнинг ўзлари эшитиб қувонадиган дил сўзларимизни ҳаётлик чоғларида, ёнимизда эканларида баралла айта олиш насиб этсин.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ЎзАнинг Фарғона вилоятидаги махсус мухбири:
– Бугун вилоятимизда 104 нафар нафақадаги журналист бор. Туғилган кунларида, байрамларда уларни йўқлагимиз, суҳбатидан баҳраманд бўлиб, кўнгилларини олгимиз келади. Аммо ҳамиша ҳам бунга имкон қилолмаймиз. Баъзан вақт, баъзан шарт-шароит, маблағ масаласи муаммо бўлади. У деймиз, бу деймиз, шартта эшик қоқиб, ҳол сўраб бора олмаймиз. Ҳаёт эса тўхтаб турмайди. Шундоқ ҳам кексалик остонасига қадам қўйган улуғларимизнинг кўзлари кун сайин хиралашиб, меҳрли сўзлари, юрак тафти ғаниматлашиб бораверади. Яқинда 80 ёшли журналист отахон сим қоқиб, йўқламайсизлар, келмайсизлар, дея андак ўпкалади. Тўғриси, юрагимга тош чўкди. Кундалик юмушлар, ҳаёт ташвишлари билан овора бўлиб, узоқ йиллар умрини халқ дардида, эл ташвишида ўтказган, кези келганда, ўзлари учун бир ойлик меҳнат таътилини раво кўрмасдан ишлаган фидойи инсонлар ҳолидан хабар олишни ёддан чиқарамиз.
Журналистлар – шу халқнинг фидойилари. Шу касбнинг ҳалол нонини еб, халққа хизмат қилиб келяпти. Босма нашрлар чин маънода иқтисодий инқирозни бошидан ўтказишди. Қанча нашрлар ёпилди. Яхши журналистлар яхши ҳақ эвазига ахборот хизматларига ўтиб кетди. Матбуот хизмати – манфаат журналистикаси. Мен газета, босма нашрларни холис журналистика деб биламан. Мана шундай синовли даврларда фақат шу касбнинг фидойилари соҳада қолди, кичик маош эвазига соҳа ривожи, маърифат улашувчи газета-журналлар фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун курашишяпти, ижодга, зиё тарқатишга умрини бахшида қилишяпти. Биз уларни турли баҳоналар билан туғилган кунлар, касб байрамларида йўқлаб, кўнгилларини, руҳини кўтарадиган тадбирларни кўпроқ ташкил этишимиз керак.
Шундай пайтларда Журналистлар уюшмасининг моддий имкониятларини ҳам ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида ўйлаб қоламан. Уюшма давлат томонидан молиялаштирилмайди. Ҳудудларда ташкилот фақатгина аъзолик бадаллари эвазига бундай тадбирларни ўтказа олмайди. Вақти келса, бир фахрий журналистнинг юбилейи муносабати билан биттагина тўн кийдиришга имкон қила олмаслигимиз мумкин. Ўзбекчиликда эса қутлуғ уйга қуруқ кириб боришга ийманамиз. Оқибатда, биз кўп нарсаларни йўқотамиз: устозлар, ёнимиздаги эътирофга муносиб замондошларимиз дийдори, устоз-шогирд анъаналари, ўтли ижод давралари… Эътирофим баландпарвоз туюлса-да, бугун ҳам ёнимизда буюк инсонлар, фидойи заҳматкашлар бисёр эканини таъкидлашни истайман. Уларни бугун қадрлайлик, борларида эъзозлайлик, мазмунли ҳаётий ҳикояларини бугун эшитиб қолайлик.

Чори ЛАТИПОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири:
– Ёнимиздаги иқтидор эгалари, касбининг фидойи усталарини қадрлашга ҳамиша ҳам фурсат тополмаймиз. Аслида, улар билан деярли ҳар куни тўқнашамиз, хатто кўплари билан бир бинода ишлаганмиз, ишлаймиз. Ўтганларида эса эсиз, борида кўп нарса ўрганишимиз, улардан кўп нарса олишимиз мумкин эди, деб ўйлаб қоламиз.
Яхши инсонлар нафақат ўз обрўсини, балки Ватани, дўст-ёрлари, жамоасининг ҳам обрўсини сақлайди. Нафақат ўзига, балки биродарлари, яқинларига ҳам мавқе олиб келади. Яъни юксак иқтидор эгаларига ҳамкасб, ҳаммаслак, суҳбатдош бўлиш ҳам мароқли, ҳам шарафлидир. Кўпинча уларнинг вафотидан сўнг сиз у киши билан бир даврада бўлгансиз, бир жойда ишлагансиз, деб хотиралардан ҳикоялар сўраб қолишади. Хатто кўпчилигининг фарзандлари, дўстлари олдимизга келиб, бирга эслаб, кўп нарсалар гапириб беришимизга муштоқ бўлишади, фазилатларини ёд этишади.
Афсуски, бугунги замонда қўпол бўлса ҳам, “Ўлдинг, азиз бўлдинг” қабилида иш тутамиз. Кейинги йилларда эл таниган, билган шахслар, фидойи журналистлар оламдан ўтишди. Кечагина улар ёнимизда эди, кечагина уларнинг суҳбатларидан баҳраманд эдик. Бугун эса улар ҳақида тугалланмаган қўлёзмалари, битмай қолган асарлари, чоп этилмай қолган асарлари ҳикоя қилмоқда. Шогирдлари, кўнгил яқинлари яхшиликларини ёд этиб, номларини, эзгу амалларини китобларга муҳрлашяпти. Улуғлар ана шу эъзозни, ҳурмат-эътиборни ҳаётлик чоғларида, яъни ҳар доим ҳис қилишларини хоҳлайман. Уларнинг ҳаёт йўлларини бугун тарғиб қилишимиз, ёшларга ибрат намунаси сифатида намойиш этишимиз, бунинг учун эссе, очерк, туркум мақолалар ёзиб, кўрсатувлар, дастурлар тайёрлаб, замонамиз қаҳрамонларини эл-юртга танитишимиз лозим.
Кўпинча интернет тармоқлари, телекўрсатувлар орқали артистлару қўшиқларнинг ҳаёти, юриш-туриши намойиш этилади, тарғиб қилинади. Менинг санъаткорларга асло эътирозим йўқ. Лекин қайсидир бир касб фидойиси, олимлар, ёзувчилар ҳаёти ҳикоя қилинса, улар ҳақида фильмлар олинса, ҳаётий асарлар чоп этилса, келажак авлодга ҳам манфаатли бўлишига аминман.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,
Ishonch.uz



