Фотонигоҳ: миннатдорлик ўрнига ташлаб кетилаётган чиқиндилар

65

Тоза, обод масканлар одамнинг баҳри дилини очади. Аммо аксинча бўлса-чи? Чекка ҳудудларни қўя турайлик, пойтахтимизнинг марказий кўчаларида ҳам ифлосланган манзараларга дуч келмоқдамиз…

Мисол учун, кунда, кунора Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тарафга йўлим тушади. Яқинда бинонинг ёнгинасида автобуслар учун автотураргоҳ қурилди. Бу қулайлик аҳолига қўл келган бўлса, бекатлар манзараси у қадар қувонарли эмас. Илгари одамлар катта йўл ёқасида автобус кутишган бўлса, бугун соябонли, ўриндиқли бекатлар эл хизматида.

Аммо йўловчилар ана шу қулайлик учун миннатдорлик ўрнига чиқиндиларни бекатларга ташлаб кетишмоқда. Бекат ўриндиқлари ҳам синдирилган. Бу жойга ёлланма ишчилар ҳам йиғилишади. Меҳнат қилиб ҳалол пул топиш мақсадида юрган ака-укаларимизнинг шахсига ҳеч бир эътирозимиз йўқ, аммо бекат атрофининг ифлосланишида уларнинг ҳам ҳиссалари катта бўлаётганини айтиш жоиз.

Ўтирган жойларида саноқсиз сигарета қолдиқлари, қўйингки, нима еб-ичган бўлсалар уларнинг қолдиқлари майсали жойга шундоқ отиб юборилганини кўриш мумкин. Улар худди яшил майдонча юзидаги доғдек ҳунук кўриниб турибди.

Бекатдан сўнг телерадиокомпания биноси ўралган панжаралар бўйлаб «Пахтакор» стадиони, Алишер Навоий номидаги киночилар уйи томон юриб борар экансиз, ёқимсиз манзара узун йўлак бўйлаб давом этади. Дарахтлардан тўкилган мевалару барглар, чиқиндилар сизни кузатиб қолади. Тўғри, бу асосий йўл эмас, машина қатнови ҳам йўқ. Аммо кун давомида минглаб йўловчилар айнан шу манзилдан ишга-ўқишга, уйлари томон ошиқишади.

Биз бу фотофактлар билан кимнидир айбламоқчи эмасмиз, ободончилик ходимлари ҳам эрта тонгдан вазифаларини адо этишларини яхши биламиз, кун давомида йўлаклар мана шундай ҳолатга келиб қолади. Суратлар эса маданиятимиз, одамларнинг атроф-муҳитга, табиатга дахлдорлигига бир кўзгу холос.
ishonch.uz фотокамераси манзилларда давом этади…

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
Фото: Эъзоза УМРЗОҚОВА
ishonch.uz