Айни пайтда пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда.
Тадбирга ташкилотга аъзо давлатлардан икки юздан ортиқ меҳмон ташриф буюришди. Бундан ташқари, 110 нафар таниқли санъаткор ва ижрочилар ҳам келишган.
Кеча, 18 июнь куни ҳам Ўзбекистон амалий санъат музейида “Турк дунёси” номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси уюштирилган эди. Унда меҳмонлар туркий дунё халқларининг миллий ширинликлари, мевалари ҳамда иссиқ овқатлари билан кутиб олинди.
Тадбирда Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этиб, ташкилотнинг Ўрта Осиё ва қардош халқлар маданиятининг муштараклиги, ҳамкорлик ришталарининг кенгайиши ҳақида тўхталди.
– Бугунги кунда туркий давлатларнинг ҳамкорлик муносабатларини ТУРКСОЙ мисолида яққол кўришимиз мумкин. Тадбир расмиятчиликлардан холи ва шу жиҳати билан ҳам ўзгача кайфиятда ўтмоқда. Биринчи марта Қозоғистонда, кейин Қирғизистонда, Туркманистонда ва мана, ниҳоят, Ўзбекистонда ташкил этилди. Меҳмонлар билан кўргазмада асл ўзаги бир-бирига яқин бўлган ҳунармандчилик намуналарини томоша қилиб, фикр алмашдик, янаям яқин ва ҳамфикр бўлишимиз зарурлигини ҳис этдик”, – дейди вазир.

Айни пайтда меҳмонлар учун юбилей концерт дастури бўлиб ўтмоқда. Унда нафақат Ўзбекистонлик санъат усталари, балки қардош туркий халқлар санъаткорлари ҳам ўз чиқишларини намойиш этмоқда.
Мадина ПЎЛАТ қизи,
фотомухбир Эъзоза УМУРЗОҚОВА
Ishonch.uz
