Психологик портрет нима учун керак? Бу инсонга қандай фазилатларни ривожлантириш ва қайси шахс ўзини-ўзи бошқариши лозимлиги ҳақидаги тушунчаларни ойдинлаштиришга ёрдам беради. Масалан, одоб ва ахлоқ қоидаларига амал қилиб, одамлар билан хушмуомалали, уйда ва ишда ибратли тарзда ўзини тутиш, ҳар бир сўзни ўйлаб гапириш, ўз лафзида туриш, сабр-тоқатли ва қаноатли, каттага ҳурмат, кичикка иззатли ва дўстга садоқатли бўлиш, ота-онани улуғлаш, оилапарварлик, очиқ чеҳрали бўлмоқ каби фазилатлар ва сифатлар психологик портретнинг муҳим элементларига киради.
Бу ҳақда Тошкент кимё технологиялари институти Шаҳрисабз филиалида ўтказилган “Биз интилган идеал инсон ёки замонавий талаба қиёфаси” мавзуидаги тренингда атрофлича фикр юритилди.
– Психологик портрет рассомлар чизган портретдан шуниси билан фарқ қиладики, у инсонлар қалбида намоён бўлади. Уни сиздан бошқа ҳеч ким ўчириб ташлай олмайди, – деди профессор Шуҳрат Муталов ўз нутқида.
Тадбир давомида талабалар ўзлари орзу қилган “Идеал инсон” қиёфасини гавдалантиришди.
Сиз интилган идеал инсонда қайси хислатлар бўлишини хоҳлардингиз, дейилган саволга жавобан талабалар ўзлари ҳавас қилган сифатларни тилга олди. Жумладан, баъзи ёшлар ақлли, кучли ва сабрли бўлишни, бошқалари адолатли, халқчил, камтар, ҳақгўй, сахий, билимли, меҳрибон, тарбияли, теран фикрлайдиган, диндор, вафоли, фаросатли бўлиш каби одамийлик фазилатларини санаб ўтишди.
Талабалар инсонлардаги бошқача сифатларга ҳам эътибор қаратишди. Сабрсиз, аҳлоқсиз, ўта асабий, муомаласиз, инсонларни камситувчи, эътиборсиз, иккиюзламачи, ёлғончи, вафосиз, миннатчи, ҳасадгўй кимсаларни ёки улардаги салбий қусурларни қоралашди.
– Салбий сифатларга эга одамларни ўзгартириш мумкин, – деди модератор, филиал директори Шуҳрат Муталов баҳс-мунозаралар чоғида. – Айтишади-ку, “Тўртта аҳмоқ ичида бўлсанг бешинчиси сен бўласан” деб. Тўртта ақлли инсон бўлинг ва ёнингизга бир аҳмоқни тортиб, уни бешинчи ақлли инсонга айлантиринг!
Музаффар МАВЛОНОВ,
Тошкент кимё технологиялари институти Шаҳрисабз филиали талабаси



