РЕПЕТИТОР КЕРАКМИ?

52

Мактаб битирувчилари мустақил ҳаёт остонаси қадам қўйишди. Табиийки, уларнинг аксарияти олий ўқув юртларига киришни мақсад қилган. Кўпчилиги аллақачон қўшимча дарсларни бошлаб юборишган, репетитор ёллашган.

Шу ўринда бир қатор саволлар туғилади: Аслида репетитор керакми? Мактаб, коллеж таълими талабга жавоб бермайдими? Аслида боланинг 11 йиллик даврда олган билимлари олий таълимга кириши учун етарли бўлиши керак эмасми? Нима сабабдан битирувчилар репетиторга эҳтиёж сезишади?
Буни кўпчилик ихтисослашув йўқлиги, фанларнинг қисқартирилмагани, ўқитувчиларнинг дарсларга қизиқтира олмаслиги сабабли болаларнинг мактабга шунчаки келиб-кетишлари билан изоҳлашмоқда.
Биз мавзу юзасидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаларига юзланганимизда қуйидаги фикрларни баён этишди:
– Репетиторга бормаганман, мактабда ўрганган билимларим билан университетга кирганман, – дейди Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан Гулзода Ўринбоева. – Ўқитувчиларимизнинг билим бериш даражаси жуда юқори, сифатли эди. Ҳеч бир ўқувчи шахарга бориб вақт ва пул сарфлаб юрмаслиги учун ўқув жараёнларига қаттиқ эътибор берилган. Синфда 20 нафар ўқувчи ўқиган бўлсак, 15 нафаримиз олий ўқув юрти талабалари бўлдик.
Телефонларимизни дарс бошланишидан олдин йиғиб олишарди. Дарсларга эътибор, яхши ўзлаштириш ўқитувчига боғлиқ, деб ўйлайман. Агар ўқитувчи болаларни қизиқтира олмаса, ҳеч қайси бола ўқимайди. 4-синфгача ўқитувчим фақат айбимни айтарди, камчиликларимни санарди. Устозимни гапларидан ҳафа бўлардим, ҳаракат қилсам ҳам этибор бермасди. Лекин 5-синфдан ўқитувчиларим ҳам, дарсларга қизиқишим ҳам ўзгарди. Уларнинг меҳнати, ўқувчиларга ёндашуви менга катта ёрдам берди. Танқид қилмасдан тинмай ҳаракат қилишга ундаган. Шунга яраша интилдим, бор кучим билан курашдим.
Хоразм вилоятидан Худойназар Нурметов ҳам репетиторсиз ўз кучи ва меҳнати билан талаба бўлганлардан. Унга оғир меҳнат мотивация берган. Дарслардан сўнг қурилишда ишлаган. Ўқишга кирмасам, фарзандларимни мана шу қаварган қўлларим билан боқишга, оғир меҳнатда қайсидир давлатда қора ишчи бўлишга мажбур бўламан, деган ўй Худойназарга яхши тайёргарлик кўриши учун туртки бўлган. Ишдан сўнг мустақил равишда пухта ўқий бошлаган. Охирги йилларда мактаб дарсларини умуман қолдирмасликка ҳаракат қилган. У шунингдек, ўқувчиларнинг кўпчилиги дарсларга қизиқмаслиги, шунчаки вақт ўтказиб, хўжакўрсинга келиб-кетишини афсус билан таъкидлади. Ҳамма ўз тақдири, келажаги учун жавобгарликни ҳис қилиб ҳаракат қилиши лозимлигини айтиб ўтди.
Қашқадарё вилояти, Китоб туманидан Мадина Воҳидова оилавий шароити сабабли қўшимча дарсларга боролмаган. Буни тўғри тушунган Мадина ўқишга бўлган кучли иштиёқи туфайли ўзи мустақил тинимсиз ўқиб-ўрганган.
– Мактабдаги кундалик дарслар ёмон эмасдир, аммо жуда тартибсиз ва чалкаш. Бугун ўқиганинг эртага асқотмайди, – дейди у. – Соҳага йўналтирилган фанларнинг кўпроқ дарс соатларда ўтилиши тарафдори эдим. Олимпиада ёки кўрик танловларда махсус ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари юқори ўринларни илиб кетиши ҳар доим алам қилган. 11 синфга келиб инглиз тилидан акам билан тинимсиз шуғулландик. Шартнома асосида талабаликка қабул қилиндим, аммо тайёрланишни эртароқ қўшимча дарс орқали бошласам бюджетда ўқир эдим, деган пушаймонлик ҳалигача бор. Бир хил системадан чиқиб кета олмайдиган, ўқувчига асқотадиган билимни беришни ўрнига 45 дақиқани қандай қилиб ўтқазишни ўйлайдиган устозларни оқлай олмайман.
Сергели туманидаги 6-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби директори Дилором Эшмаматованинг айтишича, ўқувчи режимда, тартиб қоида асосида ўқитиб борилса, унга репетитор керак бўлмайди. 9-11 синфлар билан алоҳида тестлар асосида ишлаш зарур. Юқори синфда боланинг қизиқишлари асосида йўналиш аниқланади. Шу асосда керакли фанлар кучайтирилади.

Мактабдаги билимни репетитор бир-икки йил муддат ичида бера олмайди. Улар маълум бир формулани олиб, шуни айлантиради, тестларни кўр-кўрона ёдлатади. Бу эса ўқувчининг кейинги қадамларига салбий таъсир қилади. Яъни бола босим остида юзаки ёдлаган нарсасини жуда тез унутади ва бу билимлар олий ўқув юртида унга асқотмайди.
Шу боис ўқувчиларни мактабга жалб этиш керак. Бола билим масканига хурсандчилик билан яхши кайфиятда, ҳудди бир нарсадан қуруқ қолаётгандай чопиб келиши, ўқиш масъулиятини ҳис қилиши лозим. Китоб ўқиган бола ортиқча иллатларга ружу қўймайди. Ҳамма бола яхши ўқий олади, фақат кўнглини топиши керак. Бунинг учун ўқитувчи бир хилликдан чиқиб кетиши, фанларни ҳаёт билан, турмуш, оила, жамият билан боғлаши лозим. Ҳар соҳага кирса бўладиган, интеграция қилинадиган мавзулар жуда кўп.
Битирувчилар фақат университетга кириш, диплом олиш учунгина эмас, пухта билим эгаллаб, уни тарғиб қилиш, дунёқарашини кенгайтириш, фикрларини эркин баён эта олиши учун ҳам қунт билан ўқиши лозим. Чунки улар бўлажак мутахассислар, келажакда янада яхши ўзгаришларга ҳисса қўшадиган кадрлар ҳисобланишади.
Яна бир гуруҳ репетиторга бўлган эҳтиёжни кириш имтихонларидаги тест саволларининг мактаб программасига мос келмаслиги билан изоҳлади. Табиийки, оддий ўрта таълим мактаби ўқувчилари дарс давомида ўтилмаган мавзуларни еча олмайди, шу боис унинг усулларини ўргатувчи репетиторга мурожаат қилишни маъқул кўришади. Тўғри, йилдан йилга бу муаммо ҳал этилиб, мактаб ўқитувчилари экспертлар гуруҳига жалб этилмоқда, тестларнинг дарсликлар асосида тузилишига эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бу муаммо тўла ҳал этилишига умидимиз бор.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
ishonch.uz