ИККИ ҚАДАМ ОЛДИНГА БИР ҚАДАМ ОРҚАГА: Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги

166

Ҳиндистонда қашшоқликнинг камайишига ҳисса қўшган таниқли сиёсатчи Индира Ганди сўз эркинлиги ҳақида гапириб, шундай дейди:

“Сўз эркинлиги шамолга ўхшайди, деразани бутунлай очсанг, шамол хонани остин-устун қилади, аммо батамом ёпиб қўйсанг, у ерда биқиқ, ифлос муҳит авж олади”. Индира Ганди тилга олган биқиқ муҳит менга ҳозирги Шимолий Кореяни ёки 2016 йилдан аввалги Ўзбекистонни эслатади. Аммо бугунги ўзбек жамиятида-чи? Бу борадаги аҳвол қандай?

Сўз эркинлигида ортга қайтмаслик таъкидланаётган мамлакатимизда Индира Ганди назарда тутган дераза бугун қай даражада очилган? ОАВ айни пайтда қай йўсинда нафас оляпти? Охирги вақтлар баъзи журналистларнинг соҳани тарк этиши, блогерларнинг қамалиши ёки кўплаб босма ОАВларнинг фаолияти якунланиши, ўзбек матбуотининг чалажонга айланиб бораётгани – бу воқеликлар бизни яна Ганди айтган ўша дераза томон етаклайди. “Вазият ҳавас қилгуликми?” деган саволни пайдо қилади. 2016 йилдан сўнг Ўзбекистонда сўз эркинлигининг вужудга келиши таъсирида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фаоллашди. Тармоқларнинг жонланиши одамларнинг сиёсий тафаккурини, интеллектини ошириб борди. Одамлар матбуот билан интернет орқали аввалгидан кўра анча кўпроқ ва фаолроқ ҳамнафас бўла бошлади.

Шу ўринда матбуот тушунчасига тўхталсак. Кўпчилик матбуот деганда, асосан босма нашрларни тушунади, ваҳоланки, матбуот бирмунча кенг тушунча бўлиб, интернет нашрлари, радио, телевидение, газета-журналларни ҳам ўз ичига олади. Хуллас, 2016 йилдан кейин матбуотнинг бирмунча жонланиши натижасида одамлар кўпроқ маълумот қабул қилиб, фикрий ва зеҳний ривожланишга қадам ташлагандай бўлди.

Ўзбекистонликлар интернет орқали дунё ва юртимизда кечаётган сиёсий жараёнларни кузатиб, қайсидир маънода таҳлил қилиб, тармоқларда ўз фикр-мулоҳазаларини ёза бошлашди. Яъни жамият онги фикрлаш жараёнига яқинлашиш сари қадам қўйди. Авваллари бирор давлат ташкилотида юритилаётган сиёсатни фақат шу соҳага яқин инсонлар билса, энди матбуот хизматлари орқали омма ҳам бундан хабардор бўлди.

Умуман, жамиятга берилган сўз эркинлиги узоқ йиллар тутқунликда тутилган ўзбек тафаккурини янги босқичга олиб чиқишда давом этди. Шубҳасиз, бу Ўзбекистон тарихида катта қадам ва сиёсий ирода ғалабаси бўлди.

Аммо, назаримда, мамлакатимиздаги матбуот эркинлиги борасидаги сиёсат икки қадам олға ва бир қадам ортга тарзида олиб борилди. Қайсидир маънода дастлабки жараён ана шундай кечиши керак эди балки?Узоқ йиллар сукут сақлаган жамиятга гапириш ҳуқуқи аста-секин берилиши, бу борадаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиши табиий ҳолдир? Аммо 2023 йилда журналистларнинг яширин цензура бўйича Президентга қилган мурожаати
ва ўзбек матбуотида йиғилиб бораётган муаммолар сўз эркинлиги борасидаги хавотирларни янада кучайтирмоқда.

Бугун эса юртимизда матбуот эркинлиги эмас, асосан маълум даражада медиа эркинлиги мавжуддек. Ваҳоланки, БМТ мутахассислари олиб борган тадқиқотлар жамият учун медиа эркинлик эмас, матбуот эркинлиги муҳимроқ эканлигини таъкидлаган. Сўз эркинлиги ҳам матбуотнинг қай даражада эркинилигида намоён бўлади. Мамлакатда расмий газета-журналлар, интернет нашрлари, телевидение ва радиоларнинг тўлиқ эркинлиги, ўзи истаган мавзуни ёрита олишини матбуот эркинлиги дейиш мумкин. Ҳозир матбуотимиз бироз жонланган, аммо эркинлик масаласи савол остида. Ижтимоий тармоқларда одамлар ёзаётган изоҳлар ёки блогерларнинг қочиримлари, ёхуд ўзбек кинокартиналарида янграётган фикрлар – булар медиа эркинликнинг маълум бир кўриниши, лекин матбуот эркинлиги эмас. Матбуот қачонки, ўзи истаган мавзуни кўтара олса, ўзи истаган саволни ўзи истаган шаклда қўя олса, буни том маънода матбуотга, журналистларга берилган эркинлик, дейиш мумкин.

Аслида тараққиётнинг шундай моделлари борки, улар ҳар бир даврга мос келади, минг йиллар давомида синалган ва синмаган ана шундай моделлардан бири – демократия. Демократиянинг асосида эса матбуот эркинлиги туриши сир эмас. Тўғри, бу оғир, аммо самарали ва синалган йўл. XX аср бошларида Қодирий, Беҳбудий, Мунавварқори каби жадидчи маърифатпарварларнинг ҳам танлаган йўли матбуот эркинлиги билан кесишганди. Улар демократияга пойдеворни матбуот устига қуришга ҳаракат қилди. Ҳар бири ўзининг мустақил ва эркин газета-журналларини чиқаришди.

2016 йилдан кейин юртимизда сўз эркинлиги борасида ташланган қадамлар эса таълим, тиббиёт ва яна кўплаб соҳаларда яхши самара берганини кўрдик. Жамиятга азоб бераётган муаммоларнинг ошкор қилиниши, жамоатчилик назорати шаклланиб бораётгани, чиндан ҳам, энг муҳим ўзгаришдир. Ва менимча, Янги Ўзбекистондаги энг катта ислоҳот бу – одамларнинг онгида амалга оширилаётган ислоҳот. Халққа ўз фикрини айтиш, гапириш учун берилган эркинликнинг баҳосини ўлчашга қалам ожиз. Фақат бу эркинлик қачондир матбуотга ҳам берилса… Умид қиламанки, Ўзбекистон 2016 йилда белгилаган тарихий йўлида давом этади ва бунда эркин матбуот унга ҳамнафас бўлади. Индира Ганди назарда тутган дераза матбуот учун ҳам дурустроқ очилишига умид боғлаб қоламан.

Мафтуна КАРИМОВА,

ishonch.uz